Ўзбекистон | 17:10 / 24.01.2021
29544
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Ислом Каримов бюстлари учун ўқитувчилардан пул йиғилгани ҳақида хабар тарқалди. ХТБ изоҳ берди

Фото: Ислом Каримов фонди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёдаги мактаб ўқитувчиларининг мурожаати тарқалди.

«Яқинда директор ҳокимликдан Ислом Каримов бюстини кўтариб келди. Бюстнинг нархи 450 минг сўм экан. Мактаб ходимларига бўлиб чиқсак, ҳар кимга 10 минг сўмдан тўғри келар экан. «Ҳамма шу пулни берсин, кейин йиғилган пулни ҳокимиятга олиб борамиз», деди директор», – дейилади мурожаатда.

Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси бунга муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, биринчи президент хотирасини абадийлаштириш мақсадида тайёрланган бюстларни вилоятдаги ҳокимлик, идора, корхона, ташкилот ва муассасаларга етказиш бўйича «таклифий тақсимот жадвали» тузилган.

Жадвалга асосан, Қашқадарё Халқ таълими бошқармасига 200 та бюст тақсимот қилинган. Вилоят ХТБ бу ҳайкалларни туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига тақсимлаб берган.

Чироқчи туманига 30 та, Қарши шаҳрига 9 та, Қарши туманига 12 та, Миришкор туманига 7 та, Ғузор туманига 12 та, Деҳқонобод туманига 17 та, Қамаши туманига 15 та, Косон туманига 18 та, Китоб туманига 16 та, Муборак туманига 6 та, Нишон туманига 7 та, Касби туманига 10 та, Шаҳрисабз туманига 15 та, Яккабоғ туманига 18 та, Шаҳрисабз шаҳрига 4 та бюст тақсимланган.

«Ҳозирда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ҳомийлик ёки бюджетдан ташқари тушган маблағ асосида шакллантириб мактабларга тарқатиш учун сақланмоқда.

Қолган 5 та туманда биринчи президентимиз И.Каримовнинг бюстлари, ўзлари ташаббус кўрсатган мактаб директорларига тарқатилган. Жумладан, Чироқчи, Муборак, Қарши, Косон, Деҳқонобод туманлари мактабларига тарқатилиши тақсимот қилинган бўлиб, пул маблағлари мактаблар жамоасидан йиғиб олинмагани маълум бўлди», – дейилади расмий изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, 2 сентябр Ўзбекистонда биринчи президент хотира куни саналади. Ислом Каримов хотираси шунингдек у туғилган сана – 30 январда ҳам ёдга олинади.

Мавзуга оид