Жаҳон | 15:46 / 25.10.2025
5669
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги АҚШ дронлари, Европадан қўллов олган Зеленский ва 93 ёшида вафот этган қиролича – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазода ҳокимият технократларга топширилади

Фаластиндаги асосий сиёсий кучлар, жумладан ҲАМАС 24 октябрда, Ғазо секторида ҳокимиятни технократлар қўмитасига топширишга тайёр эканини маълум қилди. AFP нашрига кўра, Фаластин турли гуруҳлари ўртасидаги ушбу келишувга Қоҳирадаги учрашувда эришилган.

Музокаралар якунидаги баёнотда ҳудудда «мустақил технократлардан иборат вақтинчалик Фаластин қўмита»си ташкил қилиниши айтилади. Улар «таъминот масалалари ва асосий хизматларни араб биродарлар ҳамда халқаро институтлар билан ҳамкорликда» амалга оширади.

Бундан ташқари, Ҳамас Фаластиннинг Миллий озодлик ҳаракати — ФАТҲ раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказди. Узоқ вақт бир-бири билан адоватда бўлган гуруҳлар «яқин вақтда учрашувларни давом эттириш, Исроил ҳукумати хавфлари олдида Фаластин ички фронтини ташкил этиш устида ишлаш»га келишган.

Октябрь бошида АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган режага мувофиқ Ғазо сектори бошқаруви фаластинлик қўмитага топширилиши керак эди. Бунга гуруҳ рози бўлган. Исроил эса Ҳамас бутунлай кетишини хоҳламоқда.

АҚШ Ғазодаги сулҳни назорат қилиш учун дронлар учирмоқда

АҚШ ҳарбийлари сўнгги кунларда мўрт сулҳ битимининг назорати доирасида Ғазо секторида кузатув дронларини ишлатишни бошлади.

Америка ҳарбийларига кўра, дронлар Исроил розилиги билан Ғазодаги ерусти ҳаракатларини кузатиш учун ишлатилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, дронларнинг парвоз йўналишлари ошкор этилмайди.

Кузатув миссиялари АҚШ Марказий қўмондонлиги Исроил жанубида ташкил этган янги Фуқаровий-ҳарбий мувофиқлаштириш марказига ёрдам сифатида амалга оширилмоқда. Марказнинг вазифаларидан бири — сулҳни назорат қилиш.

АҚШ ҳарбийлари илгари ҳам Ғазода гаровдагиларни топиш учун дронлардан фойдаланган. Лекин сўнгги разведка фаолияти АҚШ Исроилдан мустақил равишда, Ғазодаги вазият ҳақида ўз тасаввурига эга бўлишни истаётганини кўрсатмоқда.

Сулҳни назорат қилишга масъул АҚШ Давлат департаменти дронларга оид саволларга жавоб бермади.

АҚШнинг Яқин шарқдаги собиқ дипломати Дениэл Шапиронинг айтишича, бу — Исроил фаол таҳдид сифатида кўрадиган фронтда АҚШ мониторингининг жуда чуқур шаклидир.

«Агар АҚШ ва Исроил ўртасида тўлиқ шаффофлик ва тўлиқ ишонч бўлганида, бунга ҳожат қолмас эди. Демак, АҚШ ҳар қандай нотўғри тушуниш эҳтимолини истисно этмоқчи», дейди у.

АҚШ Марказий қўмондонлиги вакили, капитан Тимоти Хокинс Исроилдаги марказда Ғазони реал вақт режимида кузатадиган операцион майдон мавжудлигини айтди.

«Биз сулҳни сақлаб қолиш учун жуда жиддий ишлаяпмиз. Вазият жуда нозик», деди АҚШ расмийси.

Зеленский Лондонда

25 октябрь куни Украина президенти Володимир Зеленский Британия бош вазири Кейр Стармер ҳамда Дания, Нидерландия ва НАТО етакчилари билан Лондонда учрашди. Япониянинг янги бош вазири Санаэ Такаичи ҳам илк марта бундай йиғилишда қатнашди.

Бош вазир Стармер Трампнинг санкцияларини олқишлаб, Россияга босим ўтказиш кампаниясини сақлаб қолишга чақирди.

«Биз энди ҳаракат қиламиз, Путинга босимни кучайтирамиз ва уни ҳалол музокара столига ўтиришга мажбур қиламиз».

Зеленский эса Россияни «Украинанинг энергетика тизимига қарши террор кампанияси олиб боришда» айблади. «Россиянинг мақсади ўзгармаган — улар бизни синдиришни хоҳлайди,» — деди у.

Британия бу учрашувни Украинани қишдаги жангларга тайёрлашга қаратилган деб атади.

Европа раҳбарлари Россияга нисбатан иқтисодий ва дипломатик босимни давом эттирар экан, уларнинг ҳарбий қўмондонлари Россия сулҳга рози бўлганда Украина хавфсизлигини таъминлаш режасини ишлаб чиқмоқда.

Европа Трамп изидан санкциялар жорий қилган бўлса-да, Россиянинг музлатилган активларини гаровга қўйиб, Украинага катта миқдорда қарз бериш масаласида келишувга эриша олмади. Чунки Бельгия — активларнинг асосий қисми сақловчиси сифатида қонуний жавобгарликдан хавотирланмоқда.

“Downing street”даги шахсий учрашувдан олдин Зеленский Лондон ғарбида, Виндзор қалъасида қирол Чарлз III билан учрашди. Бу Британиянинг рамзий бирдамлик кўрсаткичидир.

Пентагон номаълум донордан 130 млн доллар олди

АҚШда ҳукумат иши тўхтаб турган пайтда Пентагон фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун хусусий шахсдан 130 млн доллар миқдорида аноним хайрия қабул қилди. Бу ҳақда Politico нашри АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Шон Парнеллга таяниб хабар берди.

Пентагон вакилига кўра, давлат идораси бундай миқдордаги маблағни хайрия сифатида қабул қилиш ваколатига эга. Пул ҳарбий хизматчиларга ойлик маош тўлашга йўналтирилади. Шу билан бирга, Пентагон хайрия қилган шахс АҚШ фуқаросими-йўқми, деган саволга жавоб беришдан бош тортди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Пентагоннинг номаълум донорини билишини ишора қилди, аммо шахсни ошкор этмади. У маблағ ажратилишини эълон қилар экан, хайрия маълум бир «дўстлик» туйғуси билан амалга оширилганини айтди.

Оқ уй раҳбари қўшимча равишда ҳукумат ишининг тўхтаб қолиши учун навбатдаги сафар Демократик партияни айблади. Шунга қарамай, берилган сумма барча америкалик ҳарбийларнинг маошига етмайди. Нашр маълумотига кўра, фақат октябр ойининг биринчи ярмида шунга ўхшаш харажатлар тахминан 6,5 млрд долларни ташкил этган.

АҚШда 1 октябрдан бошлаб янги молиявий йил бюджети бўйича келишув йўқлиги сабаб қатор давлат идоралари иши расман тўхтатилган — бу ҳолат мамлакатда «шатдаун» деб аталади. Бундай вазият юзага келишининг сабаби демократлар ва Трамп ўртасида камбағал фуқаролар учун тиббий суғурта дастури — Obamacareʼни молиялаштириш бўйича келишмовчиликлардир.

Таиланд қироличаси 93 ёшида вафот этди

24 октябрь куни Таиланд қироли Вачира-Лонгкорннинг онаси, қиролича Сирикит 93 ёшида вафот этди.

Таиланд Қироллик саройи бюросига кўра, Бангкок шаҳридаги касалхонада 2019 йилдан буён даволанаётган бўлиб, қон инфекцияси жумласига кирувчи «бир неча турдаги хасталиклардан» азият чеккан.

Қиролича Сирикитнинг турмуш ўртоғи, собиқ қирол — Бҳумибол 2016 йилда вафот этганди. У унга қадар 60 йилдан ортиқ - Таиланд тарихидаги энг узоқ ҳукмронлик қилган монарх бўлган.

Таиланд қироллик оиласи аъзолари бир йил давомида мотам тутади.

АҚШ Венесуэла яқинига яна ҳарбийлар юборади

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет йирик самолёт ташувчи USS Gerald R. Ford кемаси ҳамда унга бириктирилган жанговар кемалар, бомбардимончи самолётларни Лотин Америкаси сувларига юбориш ҳақида буйруқ берди. Бу — минтақадаги АҚШ ҳарбий қудратининг кескин оширилишини англатади.

«Кучайтирилган АҚШ ҳарбий мавжудлиги Қўшма Штатларга таҳдид солувчи ноқонуний субъектлар ва фаолиятларни аниқлаш, кузатиш ҳамда йўқ қилиш бўйича имкониятларимизни мустаҳкамлайди», дейилади Пентагон баёнотида.

Денгиз флоти расмийларига кўра, Форд ҳозирда Хорватия қирғоқлари яқинида — бир неча ойлик Европа сафарида. У янги топширилган миссиясига тезлик ва об-ҳаво шароитларига қараб 7–10 кун ичида етиб боради.

Август охиридан бери АҚШ ҳарбийлари Кариб денгизига тахминан 10 минг аскар жойлаштирган. Маъмурият бу операцияни контр-терроризм ва контр-наркотик миссияси деб атаган. Ford бортида 5 минг денгизчи ва 75 дан ортиқ жанговар, разведка ва ёрдамчи самолётлар мавжуд.

Шу кунгача АҚШ маъмурияти гиёҳванд моддалар ташиганликда гумон қилинган кемаларнинг 10 тасига баҳсли зарба берди ва 43 кишини ўлдирди.

Бундан ташқари, Оқ уй маъмурияти Венесуэлада қуруқликдаги зарбалар имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда ва Николас Мадурони куч билан ҳокимиятдан четлатиш йўлларини ўрганмоқда.

Жума куни Мадуро Трамп маъмуриятини «янги абадий урушни қўзғатиш»да айблади: «Улар бир вақтлар яна урушга аралашмасликни ваъда қилганди, аммо ҳозир биз олдини олишга интилаётган урушни «ихтиро қилмоқда», деди Мадуро. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид