Жамият | 01:09 / 29.05.2018
51666
3 дақиқада ўқилади

Баллон қорайтирган боланинг энди уйи бўлади

Жамият орасида юрган бахтиёр кишилар ҳақида ўйлаганмисиз? Уларнинг бошқалардан фарқли бир одати бор: атрофдаги инсонларга қанчалик ёрдам қилса, ўзи шунчалар бахтиёр бўлади, хайрли ишлардан қувонади, севинади. Kun.uz'да эълон қилинган “ баллон қорайтирган бола ҳикояси”дан сўнг, Султонбекнинг оиласига ёрдам қўлини чўзган бахтиёр кишилар кўп бўлди. Уларнинг эътиборсиз бўлмагани туфайли, бугун оиланинг шахсий уйи қурилмоқда.

"Очиғи, мен кутмагандим. Ҳеч қачон дунёда яхши инсонлар бунчалар кўплигини билмасдим. Фарзандларим билан уй илинжида тақиллатмаган эшигимиз қолмаганди, лекин бир зумда, барча яхшиларнинг меҳрини ҳис этмагандик", деб йиғлайди Султонбекнинг онаси Гулчеҳра Насриддинова.

Маълум қилинишича, хайрия акциясига уланиб кетган мақола эълон қилинганидан сўнг, дунёнинг турли мамлакатларида истиқомат қилувчи ватандошлардан тортиб, Ўзбекистоннинг олис шаҳарчасида яшовчи фуқаролар ҳам Гулчеҳра опа билан суҳбатлашиш учун қўнғироқ қилган. Беш боланинг онаси шу инсонлар орасида оилани қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ва маънавий ёрдам берган кишиларга ташаккурини билдирди.

"Бир сахий инсон кичикроқ ер олиб берди. 3 хонали бўлса ҳам, энди бизнинг уйимиз бўлади. Қурувчи усталардан хабар оламан, қад ростлаган деворларга боқаман. Ҳали ҳам кўзларимга ишонмайман: шунча яхши одамлар бор экан ҳаётда. Улуғ Рамазон ойидамиз, ҳаммани дуо қиламан, ўғлимни ҳам шундай сахий бойлардан қилсин. Бизга ёрдам қилган кишиларга Аллоҳ ўзи ажрини кўпайтириб берсин, деб қоламан", дейди у.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Беихтиёр инсон кўнгли бўшашиб, алланечук бўлиб кетади. Бизнинг салгина меҳримиз, икки оғиз ширин сўз ё озроқ қилган хайриямиз кимнингдир ҳаётида шунчалар туб бурилиш ясай олса! Kun.uz таҳририяти Султонбекнинг оиласини қўллаб-қувватлашда давом этади. Азизлар, Рамазон ойида  беш нафар норасида улғайиб турган оиладан ёрдамингизни аяманг! Биз буюк келажакни мана шундай атрофдагиларга ғамхўр бўлишдан бошласак, ўйлаймизки, ҳақиқатан фозил инсонлар жамиятда кўпаяди. ​​

Мавзуга оид