Ўзбекистон | 09:47 / 04.01.2022
8539
1 дақиқада ўқилади

Хорижда доимий қолишга қарор қилган ўзбекистонликларга ҳужжатларини онлайн топшириш ва олиш имкони берилади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, хориждаги Ўзбекистон ва чет эл фуқароларига консуллик хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш мўлжалланмоқда.

Фото: Kun.uz

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, хорижда доимий қолишга қарор қилган Ўзбекистон фуқароларига идоралараро ахборот тизимларининг бевосита интеграцияси асосида ҳужжатларини онлайн топшириш/олиш имконини бериш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳужжатини йўқотган фуқароларнинг шахсини дипломатик ва консуллик муассасаларининг ўзида онлайн аниқлаш ва ҳужжатларни тиклашда тезкор ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмоқда.

Дипломатик ва консуллик муассасаларида инфокиосклар ўрнатилиб, Ўзбекистон фуқаролари айрим консуллик хизматларини (маълумотномалар, сўровномага жавобларни) консуллик ходимлари иштирокисиз, қурилмалардан оладиган бўлади.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг компьютер тизимлари ахборот хавфсизлиги такомиллаштирилади, зарур бўлган компьютер техникаси, IP–телефония тизими, серверлар ва юқори тезликка эга бўлган интернет канали билан таъминланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид