Жамият | 13:38 / 26.11.2025
2026
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва унинг атрофидаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш йўлга қўйилди

Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилашга оид президент фармони ижроси доирасида, пойтахт ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликларини табиий газ ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича шартномалар тузилиб, узлуксиз таъминот йўлга қўйилди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президентининг 24 ноябрдаги «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–229-сон фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжалиги объектларини табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузишни ташкил этиш белгиланган.

Шу асосда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан иссиқхона хўжаликлари билан уч томонлама шартномаларни расмийлаштириш жараёнлари изчил олиб борилмоқда.

Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилган Тошкент шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 68 та иссиқхона хўжалигига (жами 173,1 гектар майдонда) белгиланган тартибга кўра табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган ва ҳозирда уларга табиий газ етказиб берилмоқда.

Бундан ташқари, Зангиота туманидаги 34 та ва Қибрай туманидаги 66 та иссиқхона хўжалиги билан «иссиқлик энергиясини етказиб бериш» бўйича шартномалар тузилган. Ушбу шартномалар асосида иссиқхоналарга белгиланган миқдорда иссиқлик энергияси етказиб берилаётгани қайд этилган.

Ҳозирда табиий газ тармоғига уланган барча иссиқхоналарга «зангори ёнилғи» узлуксиз ва белгиланган меъёрларда етказиб берилаётгани маълум қилинмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид