Жамият | 19:30
1473
5 дақиқада ўқилади

Эски шаҳарнинг янги Зарқайнари – туризм кўчасидан репортаж

Тошкентнинг Зарқайнар кўчаси тарихий қиёфаси сақлаб қолинган ҳолда қайта таъмирланди. Бунинг учун эса 150 миллиард сўм сарфланди. Ҳозирда туризм ва ҳунармандчилик марказига айланган кўчадан “Аёл” музейи, уй-меҳмонхоналар, аччиққина қаҳвадан тортиб 20 миллион сўмгача сотилаётган миллий либосларни топиш мумкин. Kun.uz мухбири тарихий кўчанинг янгиланган ҳаёти ҳақида кўрсатув тайёрлади.

Зарқайнар қадимдан шаҳарнинг иқтисодий ва савдо ҳаётида муҳим рол ўйнаган. Кўча яқинида Ҳастимом мажмуаси, Чорсу бозори ҳамда тарихий мадрасалар жойлашгани туфайли ҳудуд асрлар давомида савдогарлар, ҳунармандлар ва сайёҳлар йиғиладиган марказ сифатида хизмат қилган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Тошкентнинг эски маҳаллаларидаги кўчалар аниқ шаҳарсозлик режаси асосида эмас, табиий ривожланиш жараёнида шаклланган. Савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари, масжидлар ва маҳалла марказлари атрофида пайдо бўлган йўлаклар вақт ўтиши билан кўчага айланган. Шу сабабли эски шаҳар кўчалари тор, эгри-бугри ва бир-бирига туташ бўлган мураккаб тармоққа эга.

Зарқайнар кўчаси ҳам айнан шундай тарихий урбанистик тузилма маҳсули ҳисобланади. Кўчанинг торлиги, деворлари бир-бирига яқин жойлашгани ва бурилишларга бой тузилиши ўтмишдаги маҳалла ҳаётининг ўзига хос хусусиятларини акс эттиради. Бундай кўчалар транспорт йўли бўлиш билан бир қаторда, ижтимоий воқеаликлар қайнаган ҳудуд вазифасини бажарган: бу ерда савдо қилинган, қўшнилар йиғилиб ўзаро суҳбатлар ўтказган, ҳунармандлар эса устахоналарини юритган.

Тошкентдаги кўплаб тарихий кўчалар сингари Зарқайнар номининг келиб чиқиши ҳам аниқ бир манбага боғланмайди. Шаҳар топонимикаси бўйича тадқиқотларда бу номнинг шаклланишига доир бир неча эҳтимолий талқинлар учрайди. Уларнинг аксарияти сўзнинг лингвистик маъноси ва ҳудуднинг тарихий функцияси билан боғлиқ.

Биринчи талқинга кўра, “Зарқайнар” номи икки қисмдан яъни “зар” ва “қайнар” сўзларидан ташкил топган. “Зар” сўзи форс-тожик тилидан кириб келган бўлиб, “олтин”, “қимматбаҳо” ёки “бойлик” маъноларини англатади. Марказий Осиё шаҳарларида савдо-сотиқ фаол бўлган ҳудудлар кўпинча бойлик ёки савдо билан боғлиқ номлар билан аталган.

“Қайнар” эса ўзбек тилида “қайнамоқ”, яъни ҳаракатга тўла, гавжум ёки жонли жараённи билдиради. Шаҳар топонимларида бу сўз одамлар гавжум бўладиган жойларни ифодалаш учун ишлатилган. Шу сабаб, айрим тадқиқотчилар “Зарқайнар” номини “бойлик қайнайдиган жой” ёки “савдо қизғин кечадиган ҳудуд” сифатида талқин қилади.

Бундай талқин Зарқайнар жойлашган ҳудуднинг тарихий функцияси билан ҳам мос тушади. Кўча қадимий Тошкентнинг савдо марказларига яқин жойлашган. Айниқса, атрофидаги Чорсу бозори асрлар давомида шаҳарнинг энг йирик савдо марказларидан бири бўлган. Савдогарлар, ҳунармандлар ва карвонлар айнан шу ҳудуд орқали ўтган.

ХХ аср пойтахт тарихида шаҳарсозлик нуқтаи назаридан кескин ўзгаришлар даври бўлди. 1966 йил 26 апрел куни содир бўлган кучли зилзила оқибатида шаҳарнинг катта қисми зарар кўрди, минглаб уйлар вайрон бўлди ёки яшаш учун яроқсиз ҳолга келди. Расмий маълумотларга кўра, ўша пайтда юз минглаб одамлар вақтинча бошпанасиз қолган.

Зилзиладан сўнг Тошкентни қайта қуриш иши Совет Иттифоқи миқёсидаги йирик шаҳарсозлик лойиҳасига айланди. Турли иттифоқ республикаларидан муҳандислар, архитекторлар ва қурувчилар Тошкентга жалб қилинди. Натижада шаҳар янги урбанистик концепция асосида қайта режалаштирилди.

Мазкур жараёнда Тошкент марказида кенг проспектлар, катта майдонлар ва кўп қаватли турар жой массивлари барпо этилди. Янги йўллар, транспорт тизими, маданият саройлари ва маъмурий бинолар қурилди. Шу тариқа пойтахтнинг янги қисми совет даврининг типик модернистик архитектура услубида шаклланди. Бироқ шаҳар марказидаги айрим тарихий ҳудудлар, хусусан, эски маҳалла тизими сақланиб қолди. Эски шаҳар (Тошкент) қисмида кўплаб тор кўчалар, маҳалла ҳовлилари ва анъанавий уйлар кўриниши ўзгармади. Зарқайнар кўчаси ҳам айнан шундай тарихий кўчалардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Зарқайнар кўчаси Тошкентнинг тарихий мероси сифатида эътибор қозонмоқда. Республика бюджетидан ажратилган 150 миллиард сўм ҳисобига бу ерда жойлашган 576 та хонадон миллий услубда таъмирланди, ҳар бир уй тарихий қиёфани сақлаган ҳолда модернизация қилинди.

Шунингдек, 100 нафар тадбиркор томонидан 166 миллиард сўм инвестиция киритилди. Натижада:

  • 7 та меҳмонхона,
  • 8 та ресторан,
  • 5 та ҳунармандлик маркази,
  • 1 та савдо маркази,
  • 125 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди.

Ушбу лойиҳалар 1500 кишининг доимий иш билан таъминланишига имкон яратди.

Зарқайнар кўчаси ҳақида батафсил Kun.uz’нинг YouTube саҳифасига жойланган видеода танишишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид