Жамият | 19:21 / 20.11.2025
27031
2 дақиқада ўқилади

Наманганда таълим тизими мансабдорлари ташкил этган «бункер» фош этилди

Бу ерда пул эвазига ўқитувчиларга малака тоифаларини белгилаш учун ўтказилган аттестация имтиҳонларида масофадан ёрдам кўрсатилган. Бундай хизмат учун сентябр-октябр ойларида ўқитувчилардан жами 25 минг доллар йиғиб олингани маълум бўлди.

Фото: ДХХ матбуот хизмати

Наманган шаҳридаги хонадонлардан бирида ташкил этилган «бункер» фош этилди.

Бу ерда Наманган вилояти Давлатобод туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари, Наманган давлат техника университети бўлим бошлиғи ҳамда ушбу бўлим мутахассиси ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, малака тоифаларини белгилаш учун ўтказилган аттестация имтиҳонлари доирасида тест синовларини топширишда педагог ўқитувчиларга моддий манфаат эвазига  масофадан туриб ёрдам беришгани аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу манзилда тест саволларини ечишга жалб қилинган 12 нафар ўқитувчи борлиги аниқланиб, ноутбук, 30 дона ҳар хил турдаги эшитиш мосламаси ва яширин камералар, 8 дона Wi-Fi роутер ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинди.

Терговга қадар текширув тадбирлари давомида мактаб директори ўринбосари ва бошқалар имтиҳон натижаларини ижобий ҳал қилиб беришга ишонтирган ҳолда, вилоятдаги педагог ўқитувчиларнинг маълум бир қисмидан 1300-1500 АҚШ долларидан талаб қилиб, жорий йил сентябр-октябр ойларида 25 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи йиғиб олишган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 28,211-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, Давлатобод туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари ҳамда «бункер»ни бошқариб келган, 2001 йилда туғилган фуқаро муқаддам айнан шундай жиноят содир этгани учун жавобгарликка тортилган шахслар ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид