“Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомга кўра, талабгор Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ҳар 3 йилда 1 маротаба аттестациядан ўтиши шарт. Талабгорларни аттестациядан ўтказиш учун Марказ директорининг буйруғи билан камида 7 кишидан иборат Аттестация комиссияси тузилади.

Комиссия аттестациядан ўтиш муддати келган талабгорлар рўйхатини тақдим этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилади. Талабгорларнинг анкета маълумотлари 10 кун ичида атрофлича ўрганиб чиқилиб, аттестациядан ўтадиган талабгорлар рўйхати тасдиқланади.

Аттестация 2 ой ичида ўтказилиши белгиланган. Аттестация 5 та савол ҳамда амалий синовлардан иборат оғзаки суҳбат шаклида ўтказилади. Суҳбат натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади.

Камида 4 балл олган талабгор аттестациядан ўтган деб топилади ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.