Ўзбекистон | 10:01 / 05.02.2020
3947
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилди

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Маданият вазирлиги тизимида Ўзбекистон давлат хореография академиясини ташкил этилди 

Президент “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг:

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Маданият вазирлиги тизимида Ўзбекистон давлат хореография академиясини ташкил этиш;

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби тизимидаги Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактабини Академия тизимидаги юридик шахс мақомига эга бўлган Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга айлантириш;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Бухоро, Қарши, Наманган ва Урганч шаҳарларида Академия ҳузурида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Қуйидагилар белгиланди:

а) Академиянинг асосий вазифалари этиб:

кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;

рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;

илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш;

талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро грантлар асосида уларнинг хорижда таълим олиши, илмий-ижодий ишлар олиб боришини самарали йўлга қўйиш, ҳамкорликдаги концерт дастурларини ташкил этиш;

кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни ушбу йўналишга кенг жалб этиш;

соҳа мутахассисларини хорижий турдош олий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, стажировка ўташ тизимини ташкил этиш;

талабаларнинг илмий-тадқиқот муассасалари базаларида ҳамда хорижий мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида тизимли равишда қисқа ва узоқ муддатли амалиётларни ташкил этиш;

б) Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатининг асосий вазифалари этиб:

ўқитишнинг замонавий ва илғор услубларидан кенг фойдаланиш, ўқувчилар иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш;

рақс санъатига иқтидори бўлган ёшларни жойларда саралаб олиш, уларни касбга йўналтириш ва хореография таълими соҳасида узвийликни таъминлаш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш;

ўқувчиларни келгусида рақс йўналишидаги олий таълим муассасасида ўқишини давом эттириши ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун ихтисослик фанларидан чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирган ҳолда сифатли ўқитиш;

ўқитиш жараёнига етук ва малакали рақс санъати мутахассисларини жалб қилиш ва уларнинг самарали меҳнат фаолияти олиб боришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш.

Белгилаб қўйилишича:

а) Академия Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

б) мактаб-интернатлар Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб рақамига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳр, штамп ва бланкага эга бўлади;

в) ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларда таълим 1-4-синфларда, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда 1-11-синфларда олиб борилади;

г) ўқишга қабул ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларга 1-синфдан, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга 1 ва 5-синфлардан амалга оширилади.

Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернат Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Юсуф Хос Ҳожиб кўчаси, 31-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид