Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бебаҳо табиат, қаровсиз радиотелескоп, арабча усулдаги уйлар — Зоминдан фоторепортаж
Баҳор бошланиши билан ўзбекистонликлар сайоҳатга отланишади. Одамларимиз учун баҳорнинг энг машҳур йўналишларидан бири – Жиззахнинг бебаҳо табиатга эга Зомин тоғлари. Айниқса май ойида бутун мамлакатдан одамлар Зоминга «оқиб боради». Бир томондан мамлакатнинг ўртасида жойлашган Зоминга барча вилоятлардан келиш қулай ҳам.
Табиат ҳали уйғониб улгурмаган бўлса-да, биз ҳам Зомин томонларга боришга қарор қилдик ва саёҳатда олинган суратларни сизга ҳам илиндик. Зоминга бормаган бўлсангиз, у ерни дарров таниб оласиз. Туман маркази фавқулодда ободлиги билан ажралиб туради. Зомин ҳозирда чинакам шаҳарга айланган, у ерда барча катта шаҳарларда бўлувчи брендли супермаркетлар дейсизми, замонавий кўп қаватли уйлар дейсизми, катта жомеъ масжид дейсизми – барчасини учратасиз.

Кўркам ва ихчамгина шаҳарчанинг уйлари эътиборни тортади. Архитекторлар дид билан ишлагани кўриниб туради. Уйлардан бирига Abu Dhabi мажмуаси деб ном берилган. Расмда кўришингиз мумкин: уйлар чиндан арабча услубда қурилган. Уларнинг ҳар бирида алоҳида айвончалар бор ва бу узоқдан қараганда ажойиб кўринишга эга бўлади. Бундай услубдаги уйлар одатда Яқин Шарқ мамлакатларида учрайди.

Зомин марказидаги масжидни ҳам алоҳида гапирмаса бўлмайди. 2017 йилда бугунги кўринишга келтириб қурилган масжид катта ва кўркам. Масжиднинг кичик ҳовлиси ва ташқарида майдони ҳам бор.

Туман марказида кўркам стадион ҳам бор. Туман шарафини ҳимоя қиладиган «Зомин» клубига қарашли стадион туман жамоаси учун жуда яхши десак бўлади. Баъзи шаҳарларда ҳам бундай яхши майсага эга майдон йўқ.

Шаҳардан олислашиб, Зоминнинг машҳур тоғлари томон йўл олдик. Қўриқхонага киришингиз билан турли вилоятларнинг рақамлари илинган машиналарга кўзингиз тушади. Корхона ва ташкилотларга тегишли санаториялар олди ҳам машиналарга тўлган. Бир сўз билан айтганда Зоминда туристик мавсум авжига чиқа бошлаган.

Кўчаларда қозонда пишган нон сотаётган қизчаларнинг савдоси яхши эканидан ҳам рўзғори сайёҳликка қараган оилаларнинг иши яна юриша бошлаганини билиб хурсанд бўлдик. Зоминдаги санаториянинг таърифини ҳамма эшитган бўлса керак. У ерга бормаганлар ҳам ҳеч бўлмаса расмини кўргани аниқ. Google ҳам Зомин санаториясининг суратини яхшигина эслаб қолган.

Тоғга кўтарилар экансиз Зомин сув омборида сув кам экани эътиборингизни тортади. Биринчидан, ҳали сув омборларининг тўладиган вақти эмас ва қорлар эрий бошлаши билан уларда сув кўпаяди. Иккинчидан, бу йил Ўзбекистонда чиндан қурғоқчил келмоқда. Буни адирларда ўт деярли йўқлигидан кўриш мумкин. Ёғинарчилик кам бўлгани яйловда чорва боқадиганларни қийнаб қўйган.


Сувнинг камлиги эса Зомин сув омборини томоша қилишга келганларни камайтирмаган. Кўпчилик сув омборининг тепа қисмига сувга термулиб ўтирибди.
Зоминдаги машҳур санатория аллақачон одамлар билан гавжум. Ундан юқорига кўтарилак экансиз ҳаво салқинлаб, қор ёға бошлайди. Чунки булутга жуда яқин келиб қоласиз. Атроф арчалар билан тўла, шу учун ҳаво ақл бовар қилмас даражада тоза. Рамазон ойи эди, рўза бўлсак-да, қанча юрмайлик чарчоқ сезмадик. Ишонинг, Зомин тоғларида одам на очлик, на чарчоқ ва на чанқоқдан қийналади. Ҳавонинг тозалиги барчасини енгиб кетади.


Тоғдан кўтарилиб, олисда бир объектни кўриб қолдик. Худди тўрт қадам нарида кўринган объект аслида бир неча километр узоқда жойлашган экан. Атрофда «Тўхта, хавфли ҳудуд», сал нарироқда «Тўхта, давлат чегараси» ёзувларини учратасиз. Бир вақтлар бу жойлар чиндан жиддий қўриқлангани сезилади, чунки тоғ орқаси Тожикистон ҳудуди.



Яқинлашган сари ҳалиги номаълум объект астрономик нимадир эканини англай бошлайсиз. Янаям яқинлашгач эса бу иншоотни ким қурганини ҳам билиб оласиз. «Партиянинг иродаси ва халқнинг хоҳиши билан бу ерда радиотелескоп қурилади. 1981 йил май ойида ўрнатилди», деб ёзилган радиотелескоп яқинидаги ёдгорликсимон мармарда. Ҳа, у вақтда ҳамма нарса партиянинг хоҳиши билан қурилган. Бироқ халқ «Бизга радиотелескоп қуриб беринг, ўртоқ Брежнев» деб оёқ тираб олганига ишониш қийин. Хуллас Брежнев ўлиб қолгани учунми ёки бошқа сабаб билан бу қурилиш охирига етмай қолган.



Радиотелескопнинг кейинги тақдири ҳақида ҳам Google'дан маълумот қидириб кўрдик. 2009 ва 2017 йилда Россия ва Ўзбекистон бу радиотелескопни битириб қўйишни ўйлагани маълум бўлди. Бироқ ҳамон ҳеч қандай қурилиш ишлари бошланмаган. Ўзи Ўзбекистонга радиотелескоп керакми, деган савол ҳам туғилади. Бу нарса осмон жисмларини аниқлаш учун ишлатилади (яъни радар) ва радиотелескопни қуриш ким учун фойдали бўлишини тушундингиз.

Хуллас ҳозир Зоминга боришнинг айни вақти. Барчангизга вақт топиб, бу гўзал ерларга боришни тавсия қиламиз.













Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
14:57 / 07.01.2026
“Ёввойи тўнғиз деб ўйлабман” – Жиззахда овчи ўз шеригини отиб қўйди
10:54 / 18.12.2025
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашувида бир киши ҳалок бўлди
13:55 / 11.12.2025
Жиззахда бедарак йўқолган ИИБ ходими Бўстонлиқдан топилди. У фирибгарликда гумонланмоқда
22:21 / 06.12.2025