«Барчамиз бир оиладек бўлиб қолдик» — Карантин ҳудудидан репортаж
Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлган 29 киши карантинга жойлаштирилди. Kun.uz мухбири шифохонада бўлиб, изоляциядаги фуқароларнинг яшаш шароити ва тиббиёт ходимларининг иш фаолияти билан танишди.
Карантинга олинганларнинг 9 нафари аёллар, қолган 20 нафари эркаклардир. Улар орасида 9 нафар болалар ҳам бор.
Тиббиёт гуруҳи раҳбари, инфекционист Сайёра Ибрагимова карантинга олинган фуқароларнинг тиббий назорати қандай ташкил этилгани ҳақида маълумот берди.
«3 апрелдаги шошилинч хабарномага мувофиқ, Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлган 29 нафар фуқаро карантинга жойлаштирилди. Уларга 8 кишилик тиббиёт ходимлари гуруҳи бириктирилди.
Карантиннинг илк суткасидан бошлаб улардан намуна-таҳлиллари олдик. Барчаси манфий чиқди. Куни кеча яна намуна-таҳлиллари олингандан кейин ҳам шу натижа қайд қилинди. Мана, бугун карантиннинг охирги куни (видеорепортаж 16 апрель куни ёзиб олинган). Уларга уйларига кетишлари учун жавоб берамиз», дейди Сайёра Ибрагимова.
Карантин ҳудудида одатда кун фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш, уни қайд қилиш дафтарига ёзиб қўйишдан бошланади. Сўнг уларга тозалик ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишлари бўйича тавсия берилади.
Тушлик соат 13:00да. Таомлар тиббиёт бирлашмаси ошхонасида тайёрланиб, карантин ҳудудига етказиб берилади. Тиббиёт ходимлари аввал карантинга олинганларга овқат тарқатиб, сўнг ўзлари овқатланишади.
Сайёра Ибрагимованинг айтишича, бу ерда шифокор, ҳамшира, фаррошлар – ҳеч ким ишдан қочмайди, ҳамма бир-бирига ёрдам беради. Буни тушлик тарқатилаётган манзарани кўриб ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин. Тиббиёт гуруҳидагилар, яъни бош шифокордан тортиб фаррошгача – ҳамма тушликни палаталарга тарқатишга киришиб кетишди. Кимдир овқатни косаларга сузса, яна кимдир чой дамлаяпти. Ҳаммага иссиқ овқат тарқатилгачгина шифокорлар ўзлари тамаддига ўтиришади.
Эпидемиолог Актам Ўсаровнинг айтишича, овқатдан бўшаган идишлар 15 дақиқа давомида қайнатилади ва қайта ишлатишга тайёр қилиб қўйилади.
У карантин ҳудудида санитария қоидалари амал қилинишига масъул этиб тайинланган. У фуқароларнинг кунлик ва ҳафталик тана ҳароратини мониторинг қилиб боради, шунингдек, ҳудудда тиббиёт ходимлари навбатчилик рўйхатини тузиб керакли кўрсатмалар беради.
Карантиннинг энг муҳим талабларидан бири – тозаликдир. Шундай экан, ҳудуд тозалигига бириктирилган тиббиёт ходимлари зиммасига катта масъулият юкланади. Севара опа карантин ҳудудини тоза сақлашга ҳаракат қилмоқда. Унинг иш вақти эрталаб соат 5:00дан бошланади.
Алимардон Эрдонов шифокор ёрдамчиси бўлиб хизмат қилмоқда. Махсус костюмни кун бўйи кийиб юриш қийинмасми, деган саволимизга: «Албатта, осон эмас, аммо фуқаролар ва ўзимизнинг саломатлигимиз учун сабр қилишимиз керак», дея жавоб берди.
Алимардон аканинг ҳолатини жуда яхши тушундик, чунки ўзимимиз ҳам махсус костюм кийиб олгандик. Унда нафас олиш, ҳаракатланиш ноқулай, лекин шунга қарамай улар 14 кундан бери шу тартибда ишлашяпти.
Шу вақт мобайнида тиббиёт гуруҳидагилар уйларига кетмасдан тун-у кун ишда қолишяпти. Яқинлари билан эса фақатгина виртуал мулоқот қилиш имконияти бор, холос.
Муҳаббат Маъмирова тайёрлади.
Тасвирчи – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
21:59 / 27.11.2022
Хитойда коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда
00:22 / 26.11.2022
Пекинда коронавирус авж олгани туфайли янги чекловлар киритилмоқда
22:24 / 07.11.2022
Англияда уй паррандаларига локдаун эълон қилинди
12:45 / 19.07.2022