Жамият | 16:17 / 27.04.2021
21183
11 дақиқада ўқилади

«Бизда маиший зўравонликка оилавий масала сифатида қаралади» — ТДЮУ мустақил тадқиқотчиси билан суҳбат

Яқинда термизлик ўқувчи қиз зўрлангани, хоразмлик келиннинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликни ларзага келтирди. Хотин-қизларга нисбатан бўлаётган зўравонликларнинг сабаби нимада? Масала илдизлари қаерда? Биз Тошкент давлат юридик университетида гендер тенглиги масалалари бўйича мустақил изланувчи Камола Алиева билан жамиятда зўравонлик нима учун нормал қабул қилиниши, хотин-қизлар ҳуқуқлари, ОАВда жинсий зўравонлик тарғиботи ва бошқа муҳим масалалар юзасидан суҳбатлашдик.

Маиший зўравонлик нима дегани?

 Оилавий маиший зўравонлик - бу оила аъзолари томонидан бир шахсга иқтисодий, руҳий, жисмоний ёки жинсий зўравонликни амалга ошириш ёки амалга ошириш билан таҳдид қилиш тушунилади. Victim blaming (инглизчадан) эса зўравонлик қурбонини айблаш, яъни зўравонлик содир этилганда айби борлигини айтиш, психологик босим ўтказишдир. Shaming - бу уялтириш. Марказий Осиё давлатларида уялтириш маданияти жуда кучли. Агар қиз бола ёки аёл киши жинсий ёки жисмоний зўравонлик қурбони бўлса, уни уялтириш ҳолатлари ҳам бўлади. Оиладаги зўравонликка чидашни хоҳламаса ҳам уялтирилади. 

Масалан, "Севимли" телеканалида "Маҳаллада дув-дув гап" кўрсатувида севган йигити билан муносабатда бўлиб, жисмоний ва жинсий зўравонликка учраган қиз иштирок этди. Зўравонликка учраганлик ҳолати четда қолиб уни барча экспертлар уялтириши – shaming амалга оширилган. Зўравонлик ҳолатида ҳам уни айблаш, яъни victim blaming ҳам содир бўлди. 

"Афсуски, бизда оиладаги зўравонликка уй ичидаги муаммо сифатида қаралади"

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда зўравонлик “маданияти” шаклланиб улгурган. Оилада содир бўладиган ҳар қандай зўравонликка уй ичидаги муаммо, оилавий масала сифатида қаралади. Нафақат жамият, қўшнилар ёки қариндошлар, балки маҳалла, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам зўравонликни оилавий масала сифатида кўришади. 

Нима учун оилавий зўравонлик жамиятда нормал ҳолат деб қабул қилинади? Унинг илдизлари қаерда? 

"Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун бор. Унда зўравонликнинг 4 та тури: жисмоний, жинсий, руҳий ва иқтисодий зўравонлик келтирилган. Лекин оилавий-маиший зўравонлик деган тушунча берилмаган. Афсуски, жисмоний зўравонликка учраган шахсларда жавобгарлик масаласи ҳам "оилавий зўравонлик" тушунчаси йўқлиги, жавобгарлик белгиланмаганлиги туфайли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда таҳқирлаш, туҳмат қилиш ёки енгил тан жароҳати етказиш моддаси билан квалификация қилиниб, зўравон жарима тўлаш билан чекланади ёки ҳимоя ордери билан аёлидан 30 кунга узоқлаштирилади. 

Зўравонликни амалга ошираётган шахс ўзининг жавобгарликка тортилмаслигини билади. Жамият ҳам зўравонлик қилаётган шахсни оқлашга ҳаракат қилади. Бундай ҳолатда аёл киши зўравонлик ҳақида хабар бермаслиги ёки унинг атрофидагилари, оила аъзолари томонидан чидаш керак, турмушнинг мушти бўлади, фарзандларинг учун чидагин, қабилида иш тутилади. 

Мақолларимиз ҳам зўравонлик ҳолатида жим юриш кераклигини тарғиб қилади. Масалан, "Чиққан қиз чиғириқдан ташқари", "Сув келса симириб, тош келса, кемириб" мақоллари, "Ўлигинг ҳам шу оиланики" деган ақидаларнинг азалдан мавжудлиги оилавий зўравонликнинг йиллар давомида давом этиб келаётган илдизлари ҳисобланади. 

Қиз ва ўғил бола тарбиясида ҳам ота-оналар икки хил йўналишни танлашади. Қизларга асосан бўлажак келин, она сифатида қаралади. Йигитларга эса бўлажак оила боқувчиси деб қаралади. Уларга нисбатан бўлган талаб ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди. Қизларнинг эса таълим олиш, меҳнат қилиш ҳуқуқи чекланади. Оила қурганда уйда нима гап бўлган тақдирда ҳам ташқарига олиб чиқмаслик, сабр қилиш одати шакллантирилади. 

Ўзим тадқиқот олиб борганим учун gender.stat.uz сайтида оилавий зўравонлик қурбонлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу нима дегани? Биз реал муаммо кўламини билмаймиз. 

 "Ҳимоя ордерининг 1 ойлик муддати жуда камлик қилади"

Камола Алиева

Ҳимоя ордери зўравонликка учраган аёлга 1 ой муддатга берилади. Ордер нусхаси зўравонликни содир этган шахс – эрга берилади ва 30 кун давомида зўравонликдан профилактика ўташи керак. Лекин бу ерда катта савол турибди: ҳимоя ордери олган аёлга нисбатан содир этилган зўравонликнинг олдини олиш учун нима қилинди, зўравонлик қилган шахс билан психолог ёки маҳалла фаоли ишладими, 30 кун муддатда зўравон эр аёлига нисбатан муносабатини ўзгартирдими, улар яраштирилдими ва қандай асосга кўра? Булар ҳақида жамоатчиликка маълумот тўлиқ етказилмаган. 

Мутасаддилар олдида ўзини яхши тутган эр уйда яна зўравонлик қилмаслигига ким кафолат бера олади? Халқаро стандартлар бўйича ҳимоя ордери 1-2 йил муддатга берилади. Бизнинг амалиётда 1 ойлик муддат жуда кам. Зўравон эр бир ой ичида ўзгариши қийин. Зўравонлик содир этаётган эркаклар нима учун бу ишни қилишини ўрганиш ва асосий эътиборни шунга қаратиш керак.

Нима учун эркак ўз жаҳлини жиловлай олмайди? 

Гендер тадқиқот ўтказдим. Сўров иштирокчиларига шундай савол бердим: баъзида эр хотинининг қилаётган ишларидан асабийлашади ёки ғазабланади. Сизнингча, агар эр хотини билан жанжаллашса, у хотинини туртиш ёки уришга ҳақлими? У ўз ҳаракатлари учун оқланиши керакми? 500дан ортиқ респондентлар қатнашди. Уларнинг аксарият қисми оқланиши мумкинмас, деган жавобларни берган. Айримлар ўлдиришгаям ҳаққи бор, деган. Бундан даҳшатга тушиш мумкин. 

Нима учун эркак ўз жаҳлини жиловлай олмайди? Бу оилавий муҳитга бориб тақаляпти. Ўғил ва қиз болага икки хил ёндашув сабаб бўляпти. Ўғил бола уришса, кимдир билан муштлашса, бу нормал ҳолат. Бу жасорат, мардлик сифатида қабул қилинади. Қизларга эса мулойим, жаҳли чиқсаям жим ўтириши, тобе бўлиши кераклиги уқтирилади. Йигитлар эса рағбатлантирилади. 

Муттасил руҳий босимдан чиқиш йўли борми? 

Аёллар психологга мурожаат қилиши, тўғри маслаҳат бера оладиган одамни топа олишлари керак. Ижтимоий тармоқда ҳам кўнгилли ёрдам берувчи каналлар бор. Facebook'да Сукут сақлама (НеМолчи.уз) лойиҳасини мисол қилиб келтира оламан. У ерда ёрдамга муҳтожларга кўмак берувчи кўнгилли психолог, юристлар ҳам бор. 1146 қисқа рақами ҳам бор. Тадқиқотим доирасида ушбу қисқа рақамни – 103, 102 рақамларини бир-бирига интеграция қилишни таклиф қилганман. Мурожаат қилганлар ҳолатга қараб йўналтирилади. Бунинг учун етарли мутахассисларни тайёрлай олишимиз керак. 

"2016 йилгача оилавий зўравонлик Ўзбекистонда борлиги ҳақида ўйлаб кўрмаганман"

2016 йилгача бизда оилавий зўравонлик бор, деб ўйлаб кўрмаган эканман. Чунки гендер тенглиги, оилавий зўравонлик ҳақида ҳеч қаерда гапирилмаган. Биз оилавий зўравонлик оилавий масала сифатида кўрилган жамиятда ўсганмиз. Чидаш ва сабр қилиш керак, деб жамият босимига чидаб келинган. Аслида, буни босим деб ҳам қабул қилмаганмиз. 

"ОАВда жинсий камситилиш тарғиб қилиниши стереотипларнинг янада илдиз отишига сабаб бўлади"

"Севимли" телеканалида "Маҳаллада дув-дув гап" кўрсатуви эфирга узатилади. Унда муаммоси билан келган аёлга психолог (!) бақириб, нима учун айб қилгансиз, деб дўқ қилади. Бунда victim blaming ҳолати кузатиляпти. "Менинг қайнонам генерал" кўрсатувида эса аёллар келин, қайнона ролида тарғиб қилинади, ҳамма нарсага улгуриши кераклиги ва конкурс даражасида ўтказилиб, келин барча талабларни бажарса, у ғолиб бўлиши кўрсатилади. Кўрсатувнинг бир сонида ҳатто, оилавий зўравонликни оқлаб чиққан ҳолати бўлган. Унда шунақа дейилган: "Турмуш дегани бу тўртта мушт. Ўзингиз ҳам шу муштдан еганмисиз, деб сўраса, ҳа, бўлган, оилада бўлиб туради, дейилган. 

Телевидение орқали оилавий зўравонликни нормал ҳолат сифатида қабул қилиш тарғиб қилиняпти. "ZO'R TV" телеканалида намойиш этилаётган "Ёр-ёр" кўрсатувида куёв ва келин қариндошлари иштирок этишади, ўзаро савол-жавоблар орқали бир-бирлари ҳақида маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилишади. Унда бошловчилар келин тарафга қуйидаги мазмундаги саволлар билан мурожаат қилади: 

  • Келинликка номзод овқат қилишни биладими?
  • Уйни яхши тозалайдими? 
  • Болаларни яхши кўрадими? 
  • Телефон ишлатадими? 
  • Ижтимоий тармоқлардан фойдаланадими? 
  • Эри ишни ташлайсан, уйда ўтирасан, дейишса, келинликка номзод бунга кўнадими? 
  • Тўйдан кейин фарзандли бўлгач, ҳам уй, ҳам бола парваришларига улгура оладими? 

Куёвликка номзодларга эса оилани боқиш қўлидан келиши, турмуш ўртоқликка қандай талаблари борлиги сўралади, холос. Ушбу кўрсатувда хотин-қизларнинг мустақил шахс сифатида ўз фикрига эга бўлмаган, доим ўзини бошқа оила аъзоларига тобе ҳисоблаши керак бўлган, ҳар доим “хўп” деб турадиган уй бекаси, уй тозаловчи сифатида намоён этилиши аёллар қадр-қиммати камситилиши, ҳуқуқини поймол қилади, деб баҳолаш мумкин. 

Фильмларга келадиган бўлсак, кўп танқид остига олинувчи Аҳад Қаюм режиссёрлигида олинган фильмларнинг номланишидан ҳам билсак бўлади. Ҳаммасида аёлларга бўлган нафрат, улар ёмон образда тарғиб қилинади. Бундай фильмларда мезогиния (аёллардан нафратланиш) ҳисси кучли. "Сотилган номус", "Суюқоёқ", "Аёл макри", "Хиёнаткор келин”. Рўйхатни яна узоқ давом эттиришим мумкин. Бундай фильмлар жамиятда гендер стереотипларини тарғиб қилишда катта рол ўйнамоқда.

 Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири, 
Оператор ва монтаж устаси - Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид