Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Ливерпул" "МЮ"га қарши, Германияда класико. Ҳафта ўйинлари анонси
Фото: Getty Images
Терма жамоаларга ажратилган навбатдаги ҳафталик тугаб, яна клублар ўртасидаги чемпионатларга қайтмоқдамиз. Бу дам олиш кунлари учун ҳам Европа бизга бир қатор қизиқарли учрашувлар тайёрлаб қўйган. “Манчестер Сити” қўшниси “Эвертон”ни қабул қилса, “Реал” ва “Барселона” ҳам Эл Класико олдидан кичик дербиларда чигалёзди қилиб олишади. Якшанба оқшомида эса бизни Англиянинг энг совриндор икки клуби ўртасидаги баҳс кутади.
КРИСТАЛ ПЭЛАС – БОРНМУТ (18 октябр, 19:00)
Ҳар йили Англияда жуда қизиқарли лойиҳалар пайдо бўлади ва анъанавий кучли олтиликнинг орасига киришга муваффақ бўлади. “Нюкасл”, “Астон Вилла” каби жамоалардаги натижалар нисбатан тушунарли – яхшироқ тарихга эга бўлган жамоалар, бир қатор юлдуз футболчилар доим топилади. Аммо “Кристал Пэлас” ва “Борнмут” мутлақо мураббийлик жамоалари бўлиб, айнан услуб ва тизимли машғулотлар ёрдамида етарлича узоқ давр мобайнида рақобатбардош бўла олмоқдалар. Ҳар иккиси ҳам ёзда йўқотишларга учради – “Борнмут” деярли бутун ҳимоя чизиғидан айрилган бўлса, “Кристал Пэлас”ни асосий креатив – Эберечи Эзе тарк этди. Аммо ҳозирча ўйинда ҳам, натижаларда ҳам бу сезилгани йўқ.
Бир неча йил олдин “Кристал Пэлас”нинг давомли шаклда турнир жадвалининг иккинчи ярмида юриши, ҳеч қандай амбицияларга эга эмаслиги ҳақида эътирозлар пайдо бўлганида, ўша пайтдаги мураббий Рой Хожсон жамоа мухлисларини эркаланиб кетаётганда айблаган, аслида ўша даража ҳам клуб учун ўта юқори эканини айтганди. Йўқ, аслида ундай эмас экан. Оливер Гласнер билан клуб нафақат юқори ўринлар учун курашмоқда, балким қисқа муддат ичида иккита соврин ютишга ҳам муваффақ бўлди. Финалларда “Манчестер Сити” ва “Ливерпул” доғда қолдирилганини ҳам инобатга олсак, ажойиб натижа. Лондонликлар шунингдек 19 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияни ҳам уддаладилар. Афсуски, ўтган турда сўнгги дақиқаларда Грилиш урган гол “Эвертон”нинг ғалабасини таъминлади, аслида, ушбу ўйинда ҳам Гласнер шогирдлари кўпроқ устунликка эга бўлганди. Умуман “Кристал Пэлас” жорий мавсумда жуда кўп ҳужум кўрсаткичлари бўйича ҳатто АПЛ пешқадамларидан ҳам яхшироқ эканини қайд этиш керак. Яратилган катта имкониятлар, дарвозага берилган аниқ зарбалар бўйича жамоа АПЛ да энг яхши рақамларга эга.
“Борнмут” эса ўзининг прессинг услуби, тезкор қарши ҳужумлари билан Эдди Хау давридан бери ўзига жалб қилиб келган бўлса, Ираола буни янада такомиллаштирди. Унинг жамоаси нафақат аутсайдерларга хос иккинчи планда, балки ташаббус билан ҳам ҳар қандай рақибга қарши муносиб кўриниши жиҳатидан ҳатто “Кристал Пэлас”дан ҳам илғор. Топ клублар бош мураббийларида муаммолар пайдо бўлганда, ўринбосар сифатида доим айнан Андони Ираоланинг исми пайдо бўлиши ҳам бежиз эмас. Хуллас бир-бирига мос бўлган бу икки жамоа, икки мураббийнинг дуэли тактик жиҳатдан жуда қизиқарли ва интригаларда бой бўлиши шубҳасиз.
Ўзаро ўйинларда қизиқ жиҳатни пайқаш мумкин – охирги 9 ўйинда томонларнинг камида биттаси майдонни голсиз тарк этган. Ҳар икки жамоа ҳам гол урган охирги ўзаро ўйин 2019 йилга тўғри келади, ўшанда “Кристал Пэлас” 5:3 ҳисобида ғалаба қозонганди. Охирги икки ўйинда эса ҳисоб очилмаган.
БАВАРИЯ – БОРУССИЯ (18 октябр, 21:30)
Кучли бешлик чемпионатларида умуман мағлубиятга учрамаган фақат 4 жамоа қолди. Иккитаси Италияда, иккитаси эса Бундеслигада. “А Серия” вакиллари икки тур олдин ўзаро куч синашишди ва дуранг ўйнаб, мағлубиятсиз серияни давом эттиришмоқда. Германиядаги енгилмаслар эса шу турда рўбарў келишади. Мюнхенда Компани шогирдлари сўнгги ўн беш йилдаги энг ашаддий рақиби “Боруссия”ни қабул қилади.
“Бавария”нинг ҳар кузда ақл бовар қилмас формага киришига ўрганиб қолдик. Бу сафар “Боруссия” ҳам темпни туширмаётгани таҳсинга сазовор. Нико Ковач шогирдларида умуман йўқотишсиз кетаётган “Бавария”дан фарқли равишда икки дуранг ҳам бор. Дарвоқе, мюнхенликлар кучли бешликда жорий мавсумдаги барча ўйинини ғалаба билан якунлаган ягона жамоа бўлиб турибди. Барча мусобақалардаги 10 ғалабадан олтитаси йирик ҳисобда қўлга киритилганини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.
Ўзаро ўйинларга келсак, Мюнхенда бўлиб ўтган охирги икки ўйинда мезбонлар ғалаба қозона олишмаган. Ўтган мавсум жанговар 2:2 ҳисобида якунланган бўлса, ундан аввалгисида меҳмонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси амалда “Бавария”ни чемпионлик умидидан маҳрум қилганини эсласангиз керак. Умуман “Боруссия” меҳмонда “Бавария”га етарлича муаммо туғдириб келади. Бундеслига доирасидаги охирги 15 уй учрашувидан 6 тасида “Бавария” ғалаба қозона олмаган. Мюнхенликлар доим турнир ва учрашув фаворити бўлиб келганини эътиборга олсак, анчагина катта рақам.
Меҳмонлар таркибида деярли йўқотишлар йўқ. Эмре Жан ва Дюранвил ўтган мавсумдан бери сафга қайтгани йўқ. Анселмино эса асосий таркиб футболчиси ҳисобланмайди. Компани жамоасида эса ҳимоячи Йосип Станишич, ҳамда Рафаел Геррейру шерикларига ёрдам бера олишмайди. Дэвис ва Мусиала узоқ муддатга сафдан чиққанини биламиз.
Келаси ҳафта ҳар икки жамоани ҳам Чемпионлар Лигасида ўйин кутиб турганини ҳам эслатиб ўтиш керак. “Боруссия” Данияга сафар қилади. Турнирдаги кейинги рақиблар ичида “Манчестер Сити”, “Интер” каби кучли жамоалар ҳам борлигини инобатга олсак, ўтган икки турда 4 очко жамғарган дортмундликлар “Копангаген” устидан ғалаба қозониши шарт. “Бавария” эса юқорида айтганимиздек, юз фоизлик кўрсаткичга эга ва бу турда “Брюгге”ни қабул қилади.
Дарвоқе, Нико Ковач ўз вақтида “Бавария”ни бошқарган ва қисқа муддатга истеъфога чиқарилганди. Мюнхендаги аввалги сафарида 2:2 натижасини қайд этган мураббий учун яна собиқ жамоасига қарши ўзини кўрсатиш учун яхшигина мотивация бўлиши керак.
ИСТАНБУЛ БАШАҚШЕҲИР – ГАЛАТАСАРАЙ (18 октябр, 22:00)
Элдор Шомуродовнинг навбатдаги Туркия грандига қарши ўйини албатта эътиборимиздан четда қолмаслиги керак. Нафақат бизнинг, бошқалар ҳам айниқса “Галатасарай” учун бу ўйинга кўпроқ эътибор қаратади. Яъни агар Элдор ўзини кўрсатиши учун “Коняспор” ёки “Эюпспор” эмас айнан катта жамоаларга қарши учрашувлар айни муддао. Аввалги шундай учрашув “Бешикташ”га қарши Шомуродов жамоасининг ягона голини урганди. Умид қиламизки, навбатдаги Туркия суперклуби ҳам ҳамюртимизнинг коллекциясидан жой олади. Эътиборли жиҳати жамоанинг охирги икки голи ҳам айнан Шомуродов ҳисобига ёзилди, лекин афсуски бу голлар керакли очколарни олиб келмади.
Умуман ўтган мавсумда юқори ўринлар учун курашган “Истанбул Башақшеҳир”нинг жорий мавсуми кутилгандек кечмаяпти. Аввалига Конференциялар Лигаси учун саралаш тўқнашуви Руминия клубига бой берилган бўлса, Туркия Суперлигасида ҳам ишлар жойида эмас. Жамоа ўтказилган олти ўйиндан атиги биттасига ғалаба қозонган холос. У ҳам бўлса сафарда қўлга киритилган. Яъни июл ойида Конферециялар кубоги плей-оффида қозонилган ғалабадан буён, икки ойдан ошиқ вақт мобайнида ҳали жамоа ўз мухлислари қаршисида юта олмаяпти. Серияни турнир жадвали пешқадами ва амалдаги чемпионга қарши ўйинда тўхтатиш жуда катта иш бўларди.
Бу ишнинг қийинлиги шундаки, “Галатасарай” ўтган 8 турда ҳали мағлубиятга учрагани йўқ ва сафардаги 4 ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаган. Иккинчидан, “Башақшеҳир” ҳам ўз майдонида бу рақибини ютмаганига анча бўлди. Охирги марта 2017 йилда мезбонлар 5:1 ҳисобида устун келгандилар. Худди ўша йили, фақат аввалги мавсум ўйинида ҳам “Галатасарай” 4:0 ҳисобида тиз чўктирилган. Қизиғи, ҳар икки ўйинда ҳам Эмануэл Адабайор хет-трик қайд этганди.
Таркибларга келсак, афсуски, жамоадаги яна бир ҳамюртимиз Аббос Файзуллаев аста-секинлик билан захирадан тушаётганди, лекин терма жамоамиз сафидаги учрашувда яна жароҳат олди. Унинг Туркиядаги адаптацияси яна бироз кечикадиган бўлди. Мезбонлар таркибида шунингдек, ҳимоячи Леонардо Дуарте, ҳамда яримҳимоячи Оливие Кемен шерикларига ёрдам бера олишмайди. Меҳмонлар сафида эса чап қанот ҳимоячиси Исмоил Якобс ва марказий ҳимоячи Уилфрид Синголарда жароҳатлар бор.
РОМА – ИНТЕР (18 октябр, 23:45)
Бу жамоалар ўртасидаги учрашув ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди, лекин одатда “Интер” яққол фаворит бўлар, “Рома” эса нимагадир даъвогарлик қилаётган, доим сал етишмай қоладиган жамоа сифатида гавдаланарди. Баъзида римликлар ғалаба қозониб туришса-да, пешқадамдан очко тортиб олган кучли рақиб бўлиб қоларди холос. Аммо бу мавсум Гасперини бошчилигидаги “Рома” бироз бошқача, мақсади ҳам жиддийроқ кўриняпти. Жуда кўп 1:0 ҳисоби қайд этилаётгани кўпроқ Раниерини эслатиб юборар, аммо агар учрашувларни томоша қилган бўлсангиз, “Рома” яққол устунлик, ташаббус билан ўйнаётганини ҳам гувоҳи бўлишингиз керак.
“А Серия” доирасидаги 6 учрашувдан фақат биттасида “Рома” мағлубиятга учради. У ҳам “Торино”га қарши ўйин. Римликлар ўз майдонида яққол устунлик қилишди, 70 фоиздан кўпроқ вақт мобайнида тўпни назорат қилиб, рақиб дарвозасига 20 дан ортиқ зарба беришди ҳам. Аммо қарши ҳужумларда самарали ўйнаган Турин жамоаси уч очкони олиб кетганди. “Рома”нинг Европа Лигасидаги мағлубияти ҳам ўхшаш – бу сафар худди шу ролни “Лилл” бажарди. Ҳатто ўйин охирларида “Рома” пеналтини ҳам аниқ амалга ошира олмаганди.
“Интер”да ҳам деярли ўхшаш ҳолат. Миланликларда ҳам мавсумда икки мағлубият бор, фақат иккиси ҳам “А Серия” ўйинига тўғри келади. Чемпионлар Лигасида ҳаммаси жойида – Киву шогирдлари бирорта ҳам гол ўтказмай икки ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилишди. Тўғри, жамоа нисбатан кучсиз рақиблар – “Аякс” ва “Славия”га қарши тўп суришди. Кейинги рақиблар ҳам шунга ўхшаш – “Қайрат” ва “Юнион Сент-Желуа”. Ўзи умуман тақвим “Интер” учун қизиқ тузилган. Аввалига оддийроқ рақиблар, аммо кейин кучли ўйинлар бошланади. Жамоа “Атлетико”, “Ливерпул”, “Арсенал” ва “Боруссия”га қарши майдонга тушади.
Дарвоқе, бир ҳафта олдин “Интер” терма жамоаларга ажратилган танаффусдан фойдаланиб ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. “Атлетико”га қарши кечган баҳсда асосан иккинчи таркиб билан биргаликда бу сафарги йиғинларга жалб қилинмаган Мхитарян, Дармиян, Аччерби, Биссек каби асосий таркиб футболчилари ҳам майдонга тушишди. Дармиян айнан ушбу ўйинда кичик жароҳат олиб, келаси бир нечта ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди. Дармияндан ташқари меҳмонлар сафида Маркус Тюрам ҳам ўйнай олмайди. Унинг қайтиши шу ой охирига мўлжалланган. “Рома” таркибида эса фақат Анхелино вирус юқтириб олгани туфайли майдонга тушмайди.
Ўзаро ўйинларда айнан Римда бўлиб ўтган учрашувларни алоҳида олсак, охирги йилларда меҳмонларнинг яққол устунлигига гувоҳ бўламиз. “Интер” Римда бўлиб ўтган охирги 4 ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган. Қизиғи, “Рома” аксинча, Миландаги учрашувларда яхшироқ натижага эришиб келмоқда. “Интер” майдонидаги охирги уч ўйиннинг иккитасида айнан меҳмон жамоанинг қўли баланд келган. Умуман сўнгги ўн йилликни оладиган бўлсак, фарқ у қадар катта эмас. “Рома”да 10, “Интер” ҳисобида эса 13 ғалаба бор. 10 учрашув дуранг билан якунига етган.
ЛИВЕРПУЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (19 октябр, 20:30)
Нафақат Англиянинг, балки бутун Европанинг марказий учрашуви албатта, “Энфилд”да бўлиб ўтади. Ҳа, ҳозирда “Манчестер Юнайтед” турнир жадвалида пастки поғоналарда бўлиши, “Ливерпул” эса охирги уч ўйинни мағлубият билан якунлаши мумкин, лекин бутун дунё бўйлаб бу жамоаларнинг мухлислари, учрашувга бўлган қизиқиш нуқтаи назаридан барибир марказий учрашув. Нафақат турнир жадвали нуқтаи назаридан, балки ҳар икки жамоа учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин бўлган баҳс.
“Ливерпул” юқорида айтганимиздек, қаторасига уч ўйинни бой берди ва АПЛдаги беш очколик устунликни бой бериб қўйди. Яна бир очко йўқотиш анча барқарор кетаётган “Арсенал”нинг имкониятларини ошириб юборади. Шу билан бирга Слотда аввалги мавсумдаги каби эркинлик ҳам йўқ. Жамоа мамлакат чемпиони бўлса-да, ёзда янги футболчилар учун жуда катта маблағ сарфлади. Ҳа, йўқотишлар ҳам бор, лекин айнан янги келган футболчиларнинг ҳали ўзини кўрсата олмаётгани кўпроқ саволларни келтириб чиқармоқда. Аввалига бир қатор учрашувлар сўнгги дақиқаларда ғалабага айлантирилгач, чемпионлик характери ҳақида бонг урилган бўлса, кейинги баҳсларда худди шу сценарийлар энди тескари томондан рўй бера бошлади. Табиийки, энди “Ливерпул”га ҳам танқидий қараш пайдо бўлди, Вирц ва Исакнинг адаптацияси, ван Дейк ва Салоҳнинг яхши спорт формада эмаслиги тез-тез тилга олинмоқда. Арне Слот ана энди қийин вазиятларда қандай мураббий сифатида ўзини кўрсата олади, ўз қарорларида сокинликни сақлаб қоладими ёки хатоларга шароит пайдо бўладими, яқин даврларда “Ливерпул”ни кузатиш қизиқ бўлади. Умуман агар жамоа ўз ғалабали йўлига қайтадиган бўлса, бу айнан азалий рақибига қарши ўйинда, ўз мухлислари қаршисида содир бўлиши айни муддао.
“Манчестер Юнайтед” эса йиллар давомида негатив муҳитда яшаб келмоқда. Агар Аморимдан нимадир талаб қилиш керак бўлса, албатта, “Энфилд” бу учун энг ноқулай жой, тўғри, Ушбу ўйиндаги мағлубият мураббийнинг истеъфосига ҳам, қўшимча танқидларга ҳам олиб келмас балким. Аммо бошқа тарафдан айнан шундай учрашувлар Рубен Аморим учун имконият. Айнан катта учрашувларда муваффақият қозониш орқали жамоа тўғри йўлга тушиб олиши, келаси ўйинлар учун туртки бўлиши мумкин. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумда “Энфилд”да жанговор 2:2 ҳисоби қайд этилган, ҳозиргача ўша ўйинни Аморим бошқарувидаги энг яхшиларидан бири сифатида эслашади. Умуман АПЛ доирасида “Энфилд”да ўтган сўнгги икки ўйинда мезбонлар ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқишмаган. Бир йил аввалги баҳсда ҳам ҳисоб очилмаган, дуранг қайд этилганди.
Таркиблар борасида, Арне Слот матбуот анжуманида Гравенберх дербига тайёр бўлишини маълум қилди. Аммо асосий дарвозабон Алисон Бекер ушбу учрашувни ҳам ўтказиб юборади. Шунингдек, Иброҳим Конате ва Эндоларнинг ҳолати шубҳа остида. Меҳмонлар таркибида йўқотишлар деярли йўқ. Ўтган мавсумда сафдан чиққан Лисандро Мартинес машғулотларга қайтган бўлса-да, ҳали тўлиқ майдонга тушиш учун тайёр эмас. Мазрауи эса тикланиб улгурган, лекин Аморимнинг айтишича, асосий таркибда тушишга тайёр бўлиши ҳозирча аниқ эмас.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
18 октябр. Ноттингем Форест – ЧЕЛСИ (16:30), Майнц – БАЙЕР (18:30), Брайтон – НЮКАСЛ (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Эвертон (19:00), БАРСЕЛОНА – Жирона (19:15), Торино – НАПОЛИ (21:00), Фулҳэм – АРСЕНАЛ (21:30), АТЛЕТИКО – Осасуна (23:55)
19 октябр. Комо – ЮВЕНТУС (15:30), ТОТТЕНҲЭМ – Астон Вилла (18:00), АТАЛАНТА – Лацио (21:00), МИЛАН – Фиоренти (23:45), Хетафе – РЕАЛ (23:55)