«Ливерпул» – «Брайтон» 2:0
Голлар: Экитике, 1 (1:0). Экитике, 60 (2:0)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез, Жо Гомес (Салоҳ, 26), Жонс, Гравенберҳ, Макаллистер, Вирц (Робертсон, 78), Собослаи (Киеза, 83), Экитике (Исак, 78)
«Брайтон»: Вербрюгген, Данк, ван Ҳекке, Ферди Кадиўғли, Виффер, Ҳиншелвуд (Уэлбек, 82), Балеба (Айяри, 64), Груда (Митома, 64), Д. Гомес (Милнер, 87), Минте, Рюттер (Костулас, 82)
Огоҳлантиришлар: Конате, 64 – Д. Гомес, 45. Данк, 59

Можароли интервюсидан кейин бош мураббий Арне Слот билан гаплашиб олган Салоҳ жамоанинг ўйин учун қайдномасига қайтди. Ўйин бошланишидан олдин трансляция режиссёри футболчи захира ўриндиғида юзида табассум билан ўтирганини намойиш этди.

Ўйин бошланиши билан «Энфилд» гумбурлади. «Ливерпул»нинг кучли прессинги Жо Гомес тўпни бош билан жарима майдонига етказиб бериши, у ерда турган Экитике эса дарвоза тўрини ўққа тутиши билан якунланди. Мерсисайдликлар АПЛда 2019 йил апрелидан буён бу қадар эрта (46-сонияда) ҳисобни очишмаганди, ўшанда Кейта 15-дақиқада гол уриб, клуб рекордини ўрнатган. Бу сафарги гол жорий мавсумда АПЛда урилган энг тезкор голга айланди.

Салоҳ эса кутилганидан олдинроқ майдонга қайтди. 26-дақиқада Жо Гомес жароҳат олди ва мисрлик футболчи майдонга тушиб, жамоанинг асосий универсали Собослаи ўнг қанот ҳимоясига ўтди. Муҳаммад дарҳол голли вазият яратди ва умуман олганда жуда тетик кўринди. Аммо қизиллар тезда иккинчи голни ура олишмади ва иккинчи бўлим бошида меҳмонлар ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди, аммо Диего Гомес бўш дарвозани ишғол этолмади.

Шундан кейин Салоҳ яна ўзини кўрсатди ва бурчак зарбасидан идеал узатма бериб, олис устун олдида бўш турган Экитикени тўп билан таъминлади. Бу орқали у АПЛда навбатдаги рекордни ўрнатди. Энди у бир жамоадаги голли ҳаракатлар сони бўйича узоқ вақтдан буён Уэйн Рунига тегишли бўлиб келган кўрсаткични янгилади. «Ливерпул» вингери энди 277 баллга эга (188 гол ва 89 узатма).

У ўйин охиригача бу натижасини янада яхшилаши ва ҳақиқий қайтишни амалга ошириши мумкин эди, аммо Киезанинг узатмасидан кейин қулай вазиятда туриб дарвозан ишғол этолмади.

Шунга қарамай, айнан унинг ёрдами билан «Ливерпул» ишончли ғалабага эришиб, турнир жадвалида «Брайтон»ни қувиб ўтди ҳамда энди ҳозирча бешинчи ўринда бораётган «Кристал Пэлас»га очколар сони бўйича етиб олди.