Жамият | 15:31 / 05.05.2021
5531
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда таълим тизимида Финландия тажрибаси йўлга қўйилади

5 май куни АОКАда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов Финландиянинг мажбурий таълим дастури ўзбек тилига таржима қилингани ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимида ўқув дастурлари узвийлигини таъминлаш босқичлари схемаси» ишлаб чиқилди. Мазкур схема асосида Финландиянинг мажбурий таълим дастури ўзбек тилига таржима қилиниб, айни пайтда ўрганиб чиқилмоқда. Финландия тажрибаси асосида фанлар кесимида барча таълим турларида ўтиладиган мавзулар бўйича таҳлилий қиёсий жадваллар, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари учун узвийлиги таъминланган ўқув дастурларини тайёрлаш йўлга қўйилади.

Самарқанд давлат университети ва Финландиянинг Турку университети ўртасида имзоланган меморандумга кўра, СамДУ қошида Ўзбек-фин педагогика институти очилиши режалаштирилган. Ўзбек мактабларига 30 нафар фин ўқитувчилар жалб этилади», деди инспекция вакили.

Бугунги кунда экспертларнинг ўрганишлари асосида тайёрланган ўқув дастурлари концепцияси ҳамкор вазирликлар методист ва масъуллар томонидан таҳрирланиб, умумий мажмуа ҳолатига келтирилган. Навбатдаги босқичда мазкур мажмуа нуфузли мутахассис олимлар томонидан тақризланади, хорижий мутахассислар фикрлари олинади ва вазирликлар томонидан тасдиқланади.

Жараён якунида ўқув дастурлари таълим жараёнига босқичма-босқич татбиқ этилади. «Узлуксиз таълим дастурлари» мажмуасида 22та фан кесимида узлуксиз таълим тизимида узвийликни таъминлаш концепцияси, мактабгача таълим тизимида 6-7 ёшли болаларни мактабга тайёрлашга мўлжалланган «Илк қадам» ва «Илм йўли» вариатив дастурлари, умумий ўрта таълим мактаблари учун «Миллий ўқув дастурлари», академик лицейлар ва Касб-ҳунар мактаблари учун ўқув дастурлар, олий таълим муассасалари учун ўқув дастурлари шакллантирилади.

Мавзуга оид