Ўзбекистон | 19:27 / 24.03.2022
14357
3 дақиқада ўқилади

Аксилкоррупция агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тарқатиб юборилди

Аввалроқ қатор фаоллар кенгашдан чиқиб кетган эди. Бир неча кун аввал Kun.uz'га интервю берган халқаро эксперт Қодир Қулиев кенгашда “монопол бошқарув ўрнатилгани”ни танқид қилган эди.

Фото: Getty Images

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тугатилди. Kun.uz билан боғланган бир-биридан мустақил икки манбанинг хабар беришича, кенгаш тарқатиб юборилишига унинг “фаол ишламаётгани” асос сифатида келтирилган.

Кенгаш аъзоларидан бирининг айтишича, кенгашни тарқатиб юборишдан мақсад ундаги фаолларни кенгашдан четлатиш бўлган. Шунингдек, у бир нечта фаол блогерлар 2021 йилдаёқ жамоатчилик кенгашидан чиқиб кетганини таъкидлади.

Ҳолатга изоҳ берган Коррупцияга қарши курашиши агентлиги матбуот хизмати бугун, 24 март куни Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги ҳисобот йиғилиши бўлганини тасдиқлади.

“Бугунги йиғилишда кенгашнинг 2021 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот ва 2022 йилдаги режалари кўрилиши керак эди. Лекин кенгашнинг кўпчилик аъзолари ўз фаолиятидан қониқмагани учун уни тарқатиб юбориш масаласи кўтарилди. Кўпчилик аъзоларнинг овози билан Жамоатчилик кенгашини тарқатиб юбориш бўйича қарор қабул қилинди. Ушбу протокол энди агентлик директори Акмал Бурҳоновга берилиши керак, директор кўриб чиқиб имзолагач, бу ҳужжат юридик кучга эга бўлади”, – деди агентлик вакили Баҳром Бурҳониддинов.

Шунингдек, Баҳром Бурҳониддинов шу кунгача блогерлар Никита Макаренко, Отабек Бакиров ва Зафарбек Солижоновлар кенгаш аъзолигидан чиқиб кетганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси, коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро мутахассис Қодир Қулиев 20 март куни Kun.uz'да эълон қилинган интервьюсида Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини танқидий баҳолаган эди.

“Афсус, бизда [Жамоатчилик кенгашида] бирдамлик йўқ. Жамоатчилик кенгаши раиси томонидан монопол кучга эга тизим бўляпти. Масалан, яқинда кенгаш раиси ўринбосари лавозимига икки нафар номзод тавсия қилинди. Билмайман, бу номзодлар қаердан танланди. Мен жамоатчилик кенгаши фаолиятида эркин фикрлашга тўсқинлик пайдо бўлди, деб ўйлайман.

Яқинда ОАВ олдида берилган ҳисоботда мен ОАВлар олдида агентлик директорига савол бермоқчи эдим, менга савол бергизмади. Мени танқидий фикр билдириш, ўткир саволлар беришимга тўсиб қўйишди. ОАВ вакиллари кетгач, мен йиғилишда саволларимни сўрамоқчи эдим, яна жамоатчилик кенгаши раиси мени тўхтатишни бошлади. Аслида раис ҳам ҳамма аъзолар билан тенг ҳуқуққа эга.

Умумий қилиб айтганда, кўп аъзолар жамоатчилик кенгаши фаолиятидан қониқмаяпти”, – деганди Қодир Қулиев.

34 нафар аъзодан иборат Жамоатчилик кенгаши 2021 йил 15 январ куни тузилган эди. Кенгаш раислигига Ички ишлар вазирлиги Академияси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кафедраси бошлиғи Ахтам Турсунов сайланган.

Мавзуга оид