Спорт | 11:29 / 18.08.2025
7837
16 дақиқада ўқилади

«МЮ» кучли ўйнаб ютқазди, «Челси» дуранг билан бошлади. Кун ўйинлари

Модрич «Милан»да дебют қилди, «Атлетико» 15 йилдан буён илк бор 1-турда ютқазди. Якшанба оқшомида Европа чемпионатларида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Арсенал» «Олд Траффорд»дан 3 очко билан қайтди

АПЛ. 1-тур
«Манчестер Юнайтед» — «Арсенал» 0:1
Гол:
Калафиори (13).
«Манчестер Юнайтед» — Байиндир, Далот (Диалло, 55), Йоро, Ле Лигт, Шоу (Магуайр, 80), Доргу, Каземиро (Угарте, 65), Фернандеш, Маунт (Шешко, 65), Мбеумо, Куня.
«Арсенал» — Райя, Уайт (Тимбер, 72), Габриэл, Салиба, Калафиори (Люис-Скелли, 72), Райс (Мерино, 83), Субименди, Эдегор, Сака, Мартинеллли (Мадуэке, 60), Гокереш (Ҳавертц, 60).
Огоҳлантиришлар: Калафиори (42), Доргу (85), Райя (85), Тимбер (90+1), Люис-Скелли (90+3).

Англия премер лигасида 2025/26 йиллар мавсумининг биринчи тури футбол мухлисларига бирданига икки топ учрашувни тақдим этди. Жума оқшомида ҳужум чизиғини янгилаган «Ливерпул» «Борнмут»га қарши ўйинда ирода кўрсатиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. Якшанба куни эса инглиз классикаси бўлиб ўтди — «Манчестер Юнайтед» «Олд Траффорд»да «Арсенал»ни қабул қилди.

Бу жамоалар ёзги трансферларни фаол ўтказди, айниқса, ўтган мавсумни 15-ўринда якунлаган «МЮ» 230 миллион евро сарфлаб, ҳужум чизиғига Куня, Мбемо ва Шешко каби тўпурар футболчиларни сотиб олди ва бу мавсумда ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Қаторасига уч мавсумда чемпионлик пойгасини бой берган «Арсенал» учун эса янги мавсумни ғалаба билан бошлаш жуда муҳим эди.

«Арсенал» ҳам трансферлар учун 200 миллион еврога яқин харажат қилди ва таркибини яримҳимоячилар Мартин Субименди ва Кристиан Норгар, ҳужумчилар Нони Мадуэке ва Виктор Гёкереш, ҳимоячи Москера ва дарвозабон Кепани ўз сафига қўшиб олди.

Мураббийлар ўз ихтиёридаги энг кучли таркибни майдонга ташлади. Аморим фақат жамоага қўшилганига кўп бўлмаган Шешкони захирада қолдирди — Мбемо ва Куня илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Артета эса янги харидлардан Гёкереш ва Субимендини бошланғич таркибга киритди.

Байиндирнинг хатоси ва Кунянинг магияси

«Юнайтед» ўйинни тетик бошлади — мезбонлар дарҳол тўпни ўз назоратига олди ва бир неча бор турли қанотлардан рақиб жарима майдонига кириб боришга уринди. Айниқса Куня ва чап қанот ҳимоячиси Патрик Доргу жонбозлик кўрсатишди — улар дастлабки 10 дақиқаликда бир неча хавфли вазиятлар яратишди.

«Арсенал»дан эса кучли босимга дош бериш талаб этилди ва улар буни уддалашди. 10-дақиқадан кейин эса мезбонлар босимни сусайтирди ва бунинг учун тўлов қилишди. 13-дақиқада «канонирлар» ҳужумга ўтишди ва бурчак тўпи ишлашди — «Арсенал» сардори Мартин Эдегорнинг қанотдан узатмасидан кейин Матейс де Лигт тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Стандарт вазиятлар эса ҳамон манкунианлар учун нозик нуқта экани аён бўлди.

Артета жамоаси эса аксинча бундай вазиятларда максимал хавфли ҳаракат қилади ва ўтган мавсумда шундай вазиятлардан энг кўп гол урган жамоалар қаторида бўлганди. «Арсенал» яна бурчак зарбасидан гол урди. Бу ҳолатда мезбонлар жуда суст ҳаракат қилишди. Деклан Райс оддий узатма берди, аммо дарвозабон Алтай Байиндир тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва тўпни ортида бўш турган Риккардо Калафиорига ўтказиб юборди. Италиялик ҳимоячи ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан бир неча сантиметрдан бўш дарвозани ишғол этди.

Ўтказиб юборилган гол «қизил иблислар»нинг ўйинига таъсир кўрсата олмади — улар ўйинни олдинги суръатда давом эттириб, «Арсенал» ҳимоясини турли қанотлардан бузиб ўтишга уринишди. Бундай уринишлар ўтган мавсумдаги билан солиштирганда анча яхши чиқди, айниқса Куня анча яхши таассурот қолдирди — бразилиялик ҳужумчи икки бор «Месси режими»ни ёқди ва дриблинги билан бир неча рақибни ортда қолдири. Мбемо ҳам анча фойдали ҳаракат қилди. Лекин биринчи бўлим якунларига кўра мезбонлар зарбалар бўйича икки баробар устунликка (10:5) эришганига қарамай, гол ура олишмади. «Арсенал» амалда ҳисобга қараб ўйнади ва танаффусга ғолиб ҳолда йўл олди.

«МЮ»да яна бир сифатли бўлим

Иккинчи бўлимда Артета олдинги чизиқда ўйинга умуман қўшила олмаган Гёкереш ва Мартинеллини захирага олди (швециялик ҳужумчи бирор марта зарба беролмади, бирор марта алдаб ўтолмади ва тўққиз пасдан бештаси хато чиқди). Уларнинг ўрнига Мадуэке ва Ҳаверц туширилди. Аммо «Арсенал» иккинчи рақамда ўйнашда давом этти ва Байиндир дарвозаси қаршисида хавфли вазиятлар деярли яратмади.

«МЮ» эса, аксинча, тўхтовсиз ҳужум уюштирди. 65-дақиқада Аморим Мэйсон Маунт ўрнига Шешкони ҳам жангга ташлади, аммо барибир тўп дарвозага кирмади.

Ўйин охирига бориб «қизил иблислар» ўйинни соддалаштириб, узун узатмалар билан ўйнашга ўтди. Меҳмонлар эса вақт чўзишга ва қўполлик билан рақибни тўхтатишдан тортинмади. 85-дақиқадан кейин лондонлик футболчилар учта сариқ карточка олишди. Шундан иккитаси — очиқчасига вақт чўзгани учун дарвозабон Давид Райя ва ҳимоячи Юрриен Тимберга кўрсатилди.

Шунга қарамай, «Арсенал»нинг тактикаси ўз майдонида доим кучли ўйин кўрсатадиган «Манчестер Юнайтед»га қарши иш берди. Барча параметрлар бўйича ортда қолганига қарамай (XG бўйича 1.59 га 1.05 ва зарбалар бўйича 22-9 мезбонлар фойдасига), Артета шогирдлари сафардан уч очко олиб қайтишди. Аммо «Манчестер Юнайтед» ўзининг яхши ўйини билан кўпчиликни ажаблантирди, янги футболчилар ҳам жамоага яхши қўшилиб кетишгани кўринди. Агар Аморим жамоаси шу руҳда ўйнашда давом этадиган бўлса, ғалабалар ҳам келади. Артета эса чемпионликка эришмоқчи бўлса, ҳали кўп иш қилиши керак.

«Челси» — «Кристал Пэлас» 0:0
«Челси» — Санчес, Жеймс (Гюсто, 79), Ачимпонг, Чалоба, Кукуреля, Кайседо, Фернандес (Сантос, 79), Нету, Палмер, Гиттенс (Эстевао, 54), Педро (Делап, 73).
«Кристал Пэлас» — Ҳендерсон, Ричардс, Лакруа, Геҳи, Мунйос, Уортон, Ҳюз (Лерма, 70), Митчелл, Сарр, Эзе (Девенни, 84), Матета.
Огоҳлантиришлар: Жеймс (24), Мунйос (28), Матета (33), Ҳюз (49), Эстевао (74).

«Челси» ҳужум чизиғи «Кристал Пэлас» мудофаасини ёриб ўтолмади. Яқинда клуб музейига Англия Суперкубогини ҳам қўшиб қўйган ва кейинги мавсумда еврокубокдаги иштирокини бошлайдиган меҳмонлар эса ўйин дебютида дарвозани ишғол этишди. Аммо Эзе жарима зарбасидан урган гол хурсандчилиги узоққа чўзилмади: видеоҳакамлар арбитрни монитор қаршисига таклиф этишди ва бу гол бекор қилинишига олиб келди. Ҳакамлар зарба берувчи томон ҳимоячиси Геҳи қоидани бузиб, «жонли девор»га бир метрдан кам масофада яқинлашганига эътибор қаратишди. Ўйин давомида жамоалар жами 31 бор зарба беришди, лекин ҳисоб очилмай қолди. Охирги бор биринчи турда бундай ҳужумкор ўтган ўйинда голсиз дуранг қайд этилиши2018 йилда «Бёрнли» ва «Саутҳемптон» ўртасидаги ўйинда (34 зарба) қайд этилганди.

«Ноттингҳэм Форест» — «Брентфорд» 3:1
Голлар:
Вуд (5, 45+2), Ндойе (42) — Игор (78, пеналти).
«Ноттингҳэм Форест» — Зелс, Айна, Миленкович, Мурилло, Уилямс, Сангаре, Андерсон, Ндойе (Жота Силва, 79), Гиббс-Уайт (Йейтс, 84), Ҳадсон-Одои, Вуд (Игор Жесус, 79).
«Брентфорд» — Келлеҳер, Кайоде, Коллинз, ван ден Берг, Генри (Ҳики, 88), Йенсен (Ҳендерсон, 69), Ярмолюк, Люис-Поттер (Ониека, 69), Миламбо (Шаде, 46), Карвалю, Игор Тиаго.
Огоҳлантиришлар: Коллинз (52), Уилямс (53), Ҳики (90).

Ўтган мавсумда шов-шув кўтарган «Ноттингҳэм» янги чемпионатни ҳам кучли бошлади, «Брентфорд» эса «Тоттенҳэм»га кетган бош мураббийи Томас Франксиз ҳамда ҳужум чизиғи етакчиларисиз (Мбемо, Норгар ва Висса) бу мавсумда лигада қолиш учун курашиши кўриниб қолди. Масалан, «асаларилар» биринчи бурчак зарбасидаёқ гол ўтказиб юборишди, ўтган мавсумда эса жамоа фақат 18-турга келиб стандарт вазиятдан гол ўтказганди. Вуд эса бешинчи дақиқадаги голи билан «ўрмончилар»нинг АПЛ биринчи тур ўйинларидаги энг тезкор голи муаллифига айланди. Бўлим охирида янги зеландиялик ҳужумчи Андерсоннинг ҳимоячилар орасидан ўтиб келган узун пасини голга айлантириб, дублини нишонлади. Бу орада Ндоя дебют голини урганди. Ёзда «Болоня»дан харид қилинган швейцариялик вингер Гиббс-Уайтнинг узатмасидан кейин боши билан олис бурчакни аниқ нишонга олди.

Испания: Нико бенефиси ва Симеоненинг қоқилиши

Ла Лига. 1-тур. 17 август
«Атлетик» — «Севиля» 3:2
Голлар:
Н.Уилямс (36, пеналти), Саннади (43), Наварро (81) — Лукебакио (60), Агуме (72).
«Атлетик» — Симон, Аресо (Горосабел, 83), Вивиан, Паредес, Берчич, де Галаррета (Весга, 78), Хаурегисар, И.Уилямс, Беренгер (Наварро, 67), Н.Уилямс (Рего, 83), Саннади (Гурусета, 67).
«Севиля» — Нюланд, Санчес, Кастрин (Янузай, 61), Салас, Кармона, Агуме, Гудел (Маркан, 82), Лукебакио, Соу (Ромеро, 87), Идумбо (Эжуке, 46), Адамс.

Ёзда Нико Уилямснинг «Барселона»га ўтиши бўйича сага унинг «Атлетик» билан ўн йиллик шартнома имзолаши билан якунланди. Бу амалда умрбод шу клубда қолиш дегани, аммо билбаоликлар учун бу одатий амалиёт. Бу жамоада фақат маҳаллий футболчилар ўйнайди. Ака-ука Уилямсларнинг кичиги эса — «Сан-Мамес»нинг ҳақиқий жавоҳири ва қироли. Якшанба куни Нико пеналти ишлади ва уни ўзи аниқ ижро этди. Кейин финти билан ҳимоячини доғда қолдириб, тўпни бўш дарвоза қаршисига чиқиб келган Саннадига етказиб берди. Иккинчи бўлимда Эрнесто Валверде жамоаси хотиржамликка берилганда «Севиля» икки гол билан жавоб қайтарди, аммо ўйин масаласини барибир Никонинг ҳаракатлари ҳал қилди. У акаси Инякининг кесиб ўтувчи пасига етиб борди ва Наваррони голли пас билан таъминлади. «Атлетик» футболчиси ла лиганинг бир ўйинида пеналти ишлаши, гол уриши ва голли паслар бериши афсонавий тўпурар Адурис замонидан буён кузатилмаганди.

«Эспанёл» — «Атлетико» 2:1
Голлар:
Рубио (73), Миля (84) — Алварес (37).
«Эспанёл» — Дмитрович, Ал Ҳилоли, Калеро (Рубио, 66), Кабрера Ромеро, Экспосито, Лосано, Хофре (Долан, 46), Террац (Гарсия, 46), Пуадо (Салиняс, 88), Фернандес (Миля, 74).
«Атлетико» — Облак, Лоренте, Ле Норман, Ҳанцко, Ружери, Галлаҳер (Барриос, 46), Кардосо (Коке, 46), Симеоне, Баэна (Гризманн, 68), Алмада (Распадори, 68), Алварес (Сёрлот, 82).
Огоҳлантиришлар: Кардосо (42), Калеро (54), Ле Норман (67), Лоренте (72), Ал Ҳилоли (74), Салиняс (90+3).

Бошланғич таркибда бирданига беш нафар янги футболчи тушириш — консерватор сифатида ном қозонган Диего Симеонега хос картина эмас. «Эспанёл» эса рақибнинг янги футболчини қийин синовдан ўтказди ва мадридликлар ҳимоясига қаттиқ босим уюштирди. Меҳмонлар бу босимга дош беришди, биринчи бўлим охирида эса Хулиан Алварес жарима зарбасини аъло даражада ижро этиб, жамоани ҳисобда олдинга олиб чиқди. Агар ўтган мавсум стартидан ҳисобланса, бу ушбу аргентиналик ҳужумчи учинчи бор стандарт вазиятдан гол уриши бўлди. Топ-5 лигаларда бу — Бруну Фернандеш («МЮ») ва Мармуш («Манчестер Сити» ва «Айнтрахт») билан бир қаторда энг яхши кўрсаткич.

Лекин «матрасчилар»га прагматик ўйин етишмади ва каталонияликлар бундан фойдаланиб, камбэк амалга оширишди. Жарима зарбаси ижро этилганида Рубио меҳмон жамоа ҳимоячилари ортига очилди ва ҳисобни тенглаштирди. Кўп ўтмай Миля бошда олис тўққизлик томон чиройли зарба берди ва ғалаба голини нишонлади. «Атлетико» 15 йилдан буён илк бор биринчи турда ютқазди.

Франция: чемпионлар фойдасига рикошет

Лига 1. 1-тур. 17 август
«Нант» — «ПСЖ» 0:1
Гол:
Витиня (67).
«Нант» — Антони Лопеш, Авазем, Тати, Козза, Амян, Хок Кю Квон (Коклен, 79), Лепено, Леру (Ассумани, 86), Бенаттаб (Хюн Сок Хонг, 59), Гирасси (Аблен, 59), Мустафо Муҳаммад (Камара, 79)
«ПСЖ» — Шевале, Заир-Эмери, Забарний, Бералдо, Эрнандес (Мендеш, 61), Ли Канг (Дуэ, 55), Витиня, Руис (Ҳакими, 61), Мбайе (Дембеле, 61), Барколя, Рамуш (Кварацхелия, 78).
Огоҳлантиришлар: Амян, 45 - Ҳакими, 80

«ПСЖ» ўтган мавсумдаги икки ўйинда ҳам доимгидек лигада қолиш учун курашган «Нант»ни енга олмаганди (икки ўйинда ҳам 1:1). Бу сафар ҳам чемпионлар «канарейкалар» майдонида қийналишди. Клублар мундиалидаги иштироки туфайли шусиз ҳам таътил муддати қисқарган жамоа бир ҳафталик машғулотлардан кейин қаҳрамонлик кўрсатиб, Европа Суперкубогини қўлга киритганди. Шу туфайли Луис Энрике финалдан тўрт кун ўтиб ўтказилган ўйинда аралаш таркибни туширди ва етакчиларнинг катта қисмини — Маркинос, Кварацхелия, Дембеле, Ҳакими, Нуну Мендеш ва Дуэни захира ўриндиғида қолдирди.

Анча вақтгача ҳисоб очилмагач, мураббий барибир захирадаги футболчиларни майдонга ташлади. Янги футболчилар босимни кучайтиришди ва Мендешнинг узатмасидан кейин Витиня (у сардорлик боғичида майдонга тушганди) узоқ масофадан зарба берди, тўп рикошет бўлиб дарвоза тўрига бориб тушди. Бу гол ўйин тақдирини ҳал қилди, Гонсалу Рамушнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди. Шундан кейин суперкубок ўйини қаҳрамони ўз ўрнини Хвичага бўшатиб берди ва парижликлар хотиржамлик билан ғалабали ҳисобни ушлаб қолишди.

Италия: Модричда омадли дебют

Италия кубоги. 1/32 финал
«Милан» — «Бари» 2:0
Голлар:
Леау (14), Пулишич (48).
«Милан» — Менян, Томори, Габбиа, Павлович, Салемакерс (Офакор, 82), Лофтус-Чик (Яшари, 65), Риччи (Модрич, 65), Фофана, Эступинян, Пулишич (Муса, 65), Леау (Хименес, 17).
«Бари» — Черофолини, Дикманн, Викари, Николау, Дорвал (Трипалделли, 82), Белломо (Веррет, 51), Браунодер, Пагано (Партипило, 68), Перейро (Рао, 51), Сибилли, Мончини.

Италия чемпионатининг ўтган мавсумидаги камтарона натижа (8-ўрин) «Милан» кубокдаги иштирокини 1/32 финалдан бошлашига сабаб бўлди. Бошқа томондан, «Сан-Сиро»га қайтган Массимилиано Аллегри учун айнан шундай старт фойдали бўлиши мумкин. Россонерилар билан 15 йил олдин скудеттони қўлга киритган мутахассис захира ўриндиғидан жой ололмасди. У «Ювентус»даги дисквалификацияни ўташи керак эди.

«Милан»да голларни доимги етакчилар уришди, ҳисобни очган Рафаэл Леау етти йил ичида илк бор мавсумнинг очилиш ўйинида гол муаллифи бўлди. Иккинчи бўлимда эса Пулишич ва Сантяго Хименес уюштирган комбинациядан кейин амалда ўйин тақдири ҳал бўлди, бироз ўтиб Модрич майдонга туширилиши трибуналарни жунбишга келтирди. Хорватиялик футболчи дебютида гол уриши мумкин эди, у финт билан икки ҳимоячини ортда қолдирди, аммо зарбага аниқлик етишмади. Умуман олганда, фахрий футболчи мавсум давомида голлари билан мухлисларни хурсанд қилиш имкониятига эга бўлади, ҳозирча унинг дебюти ғалабали бўлди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид