«Ноттингҳэм Форест» – «Манчестер Сити» 1:2
Голлар: Рейндерс, 48 (0:1). Ҳатчинсон, 54 (1:1). Шерки, 83 (1:2)
«Ноттингҳэм Форест»: Жон Виктор, Мурило, Миленкович, Уилямс, Савона, Андерсон, Домингес (Авонийи, 87), Гиббс-Уайт, Ҳадсон-Одои (Баква, 90+2), Ҳатчинсон, Игор Жезус
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес, Рейндерс (Савио, 73), Бернарду Силва, Шерки (Аке, 89), Фоден, Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Андерсон, 43 – Рубен Диаш, 36. О`Райли, 59

Турнинг шанба кунги дастурини чемпионлик пойгаси иштирокчиларидан бирининг ўйини очиб берди, аммо Ноттингҳэмда ўтган ўйиннинг биринчи бўлимида «Манчестер Сити» умуман ўз даражасига мос эмасди. 45 дақиқа давомида жамоалар дарвоза соҳасига тўғри борган бирорта зарба йўллай олмади, бунақаси «шаҳарликлар» иштирокидаги ўйинларда уч ўйиндан буён кузатилмаганди.

Иккинчи бўлим бошида «Сити» бир киши кам бўлиб қолиши ҳам мумкин эди, Рубен Диашга жарима майдони яқинидаги қўполлиги учун иккинчи сариқ карточка кўрсатилиши керак эди, аммо ўйин бош ҳаками Роберт Жонс уни кечирди.

Шундан кейин эса «Сити» ҳисобни очди. Шерки нозик узатма билан Рейндерсни олдинга ташлаб, ҳисоб очилишида асосий ишни бажарди. Кейин эса ушбу французнинг бурчакдан зарбаси ўта хавфли чиқди. Ҳозирда у ва Бруну Фернандеш еттитадан голли узатма билан АПЛда энг яхши ассистент бўлиб туришибди.

Аммо ҳисобдаги устунлик тезда бой берилди, мезбонлар қарши ҳужумда ҳисобни тенглаштиришди, бу ҳужумда Гиббс-Уайт Игор Жезуснинг қанотдан олдинга юришини ўз вақтида пайқади, бразилиялик ҳужумчи эса тўпни «Сити» жарима майдонига етказди. Ҳатчинсон ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан «Ноттингҳэм» сафидаги илк голини урди.

Шундан кейин «Сити» ташаббусни қўлга олди ва тўпга эгалик қилиш бўйича катта устунликка (73 фоиз) эга бўлиб, ғалаба голини уриб кетишга ҳаракат қилди. Ва мақсадига эришди. 83-дақиқада бурчак зарбасидан кейин тўп жарима майдонида бўш қолдирилган Шеркига келиб тушди ва бурчак томон идеал зарба берди. «Форест» устози дарҳол иккинчи ҳужумчи Авонийини майдонга туширди, аммо бу ёрдам бермади.

Шу тариқа, «Сити» барча турнирлар доирасида қаторасига саккизинчи ғалабасига эришди ва яна (вақтинча) АПЛ турнир жадвалида биринчи ўринга қайтди.