50 минг сўмлик купюра чиқиши инфляцияга таъсир кўрсатадими? Экспертлардан баҳсли фикрлар
Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки сўнгги марта 2013 йилда 5000 сўм қийматидаги янги банкнот амалиётда жорий этилишини маълум қилган эди. Орадан 4 йил ўтиб, бир йилда 2 марта, яъни март ойида 10 000, августда эса 50 000 сўм қийматидаги янги банкнотлар чиқарилмоқда. Бунга нима туртки бўлди? Мазкур ҳолат миллий валютанинг қадрсизланиши ёки мустаҳкамланишига таъсир этадими? Бу мавзу юзасидан Кун.uz журналисти маълумот тўплади.
Марказий Банк янги пул нотасининг чиқарилишига қуйидагича изоҳ берди:
«Миллий валютанинг 50000 сўм қийматдаги банкнотини муомалага киритиш мамлакатимизда сўнгги йилларда ўртача иш ҳақи миқдорининг ошиб бориши ҳамда аҳолига иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни тўлашда, шунингдек нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, муомалага йирик банкнотларнинг чиқарилиши иқтисодиётдаги пул массасининг ўзгаришига олиб келмайди ҳамда инфляция даражаси ва нархлар барқарорлигига таъсир кўрсатмайди.
Шунингдек, мазкур амалиёт:
нақд пулдаги ҳисоб-китобларни ихчамлаштириш, нақд пулни ташиш, етказиш ва сақлаш билан боғлиқ харажатлар ва ноқулайликларни камайтириш;
банкоматлар орқали аҳолига кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш имконини беради».
«Kun.uz» журналисти масалани кенгроқ ўрганиш мақсадида мустақил эксперт Абдумалик Носиров билан боғланди.
«Миллий валютанинг янги қийматдаги банкнотини амалиётга киритиш инфляция натижасида юзага келган эмиссия ҳолатидан қулай тарзда фойдаланиш, деб биламан. Одатда Марказий банк миллий валютамизни нақд пул ва электрон кўринишда эмиссия қилади, яъни ўзидан ташқарига пул муомаласи ташкил этиш учун пулларни чиқаради.
Бизнинг иқтисодий шароитимизда йирик пул қиймати кўринишдаги банкнотларнинг муомалага чиқарилиши молиявий амалиётларни осонлаштиради», дейди Абдумалик Носиров.
Шунингдек, мустақил эксперт Бахтишод Баҳодиров билан боғланиб, ундан ушбу янгилик эркин конвертацияга ўтишга тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда юз бергани ва аҳолида бу қандай кутиб олиниши ҳақида сўрадик.
«Эркин конвертацияга ўтиш даври мен учун иқтисодиётда ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайдиган шок ҳолати. Аҳолининг психологик омилга кўра қандай реакция билдиришини, албатта ўрганиб чиқиш лозим.
Аслини олиб қараганда, 5000, 10000 ва 50000талик пул қоғозларни босиб чиқариш деярли бир хил харажатни талаб қилади. Мантиқан ўйлаб қараганда, Марказий Банк тақдим этган шарҳ ва изоҳ жуда тўғри, чунки аҳоли талабидаги пул массасининг миқдорини ўзгартирмай янги каттароқ қийматдаги пул қоғознинг босиб чиқарилиши қулайликлар пайдо қилади.
Аммо бунда инфляцион кутиш кўрсаткичи келажакда юз бериши мумкин бўлган инфляция даражасига таъсир ўтказиши эҳтимолдан холи эмас».
Яна бир мустақил эксперт Александр Давлетов эса «йирик купюра ўз-ўзидан инфляцион тўлқин ҳосил қилмаслигини» таъкидламоқда.
«50 минг сўмлик купюранинг муомалага чиқарилиши, албатта, дилетант одамлар умиди, кутуви ва психологиясидаги қисқа муддатли таассуротларни ҳисобга олмаса, ҳеч қандай иқтисодий, молиявий ёки ижтимоий тўлқин яратмайди.
Ўқимишли дунё муомаладаги йирик купюра ўз-ўзидан инфляцион тўлқин ҳосил қилмаслигини жуда яхши тушунади. Бизнинг одамлар ҳам ва энг асосийси, Марказий банк раҳбарияти ҳам ниҳоят шуни аста-секинлик билан бўлса-да қабул қила бошлади. Хурсанд қиладигани йирик купюраларнинг муомалага чиқарилиши ва сўмнинг эркин конвертирланиши сўмга шу кунгача унда мавжуд бўлмаган жамғариш функциясини аста-секинлик билан қайтариши мумкин. Яъни одамлар ниҳоят сўмда маблағ жамғаришлари мумкин.
Ва яна бу омил ортидан тижорат банклари, савдо ва пуллик хизмат нуқталари соатлаб пул санаш билан боғлиқ, истеъмолчилар чўнтакда дасталаб пул олиб юришга оид, инкассация хизматлари эса қоплаб ва камазларда пул ташиш ташвишларидан қутула бошлайдилар», деган у.
«Kun.uz» ўтказган ижтимоий сўровнома натижасига кўра, респондентларнинг 56 фоизи бу ҳолат «кутилмаган янгилик бўлганини ҳамда янги пул қоғозини босиб чиқарилишидан ҳайрон» эканини билдирган. Уларнинг 12 фоизи янги қийматдаги пулни муомалага киритишнинг «сира ваҳимали жойи йўқ» деб ҳисоблайди, яна 12 фоиз респондент 100,000талик сўм қоғоз пул тезроқ муомалага киришини хоҳламоқда.
Мавзуга оид
11:11 / 18.05.2024
Суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотларга қўшимча мажбуриятлар юклатилмоқда
11:02 / 14.11.2023
Бекободда 250 млн сўмдан ортиқ қалбаки купюраларни муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушланди
07:34 / 23.07.2022
МБ катта купюралар инфляцияга ўсишига қандай таъсир кўрсатиши юзасидан изоҳ берди
15:01 / 20.01.2022