Иқтисодиёт | 07:34 / 23.07.2022
15395
2 дақиқада ўқилади

МБ катта купюралар инфляцияга ўсишига қандай таъсир кўрсатиши юзасидан изоҳ берди

Жорий йил 15 июлдан 200 минг сўмлик банкнота муомалага киритилиши билан аҳоли орасида ушбу ҳолат инфляцияни ошириши мумкинлиги тўғрисида турли хавотир пайдо бўла бошлади. 

Фото: Kun.uz

Марказий банкнинг молиявий саводхонликни ошириш департаменти хабарига кўра, МБ ўз мақомидан келиб чиқиб республика ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пулларни муомалага чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эга. Марказий банк иқтисодиётни керакли маҳсулот ва хизматлар ҳажмини ишлаб чиқариш учун етарли маблағ билан таъминлайди.

Пул купюраларининг катталашиши ва муомалага чиқарилиши бу пул миқдори кўпайишини эмас, балки унинг таркибий қисми ўзгаришини англатади. Мисол учун, 100 та 2000 сўмлик ўрнига 1 та 200 минг сўмлик муомалада айланади. 

Билдирилишича, бу иқтисодиётнинг турли қатламлари учун турли хил афзалликларга эга:

  • аҳоли учун катта харидларни амалга оширишда қулайлик яратади;
  • банклар учун нақд пул муомаласи (санаш, ўраш, ташиш, банкоматларни тўлдириш ва б.) жараёнини осонлаштиради;
  • нақд пулни ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча харажатларни камайтиради.

Қайд этилишича, инфляция даражасига таъсир этувчи омиллар бир нечта. Иқтисодиётда пул массаси ошишидан ташқари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг юқори инфляцион кутилмалари ва уларга асосланиб чиқарган қарорлари ва хатти-ҳаракатлари инфляцияга сезиларли таъсир кўрсатади.

Агар аҳоли катта пулларнинг муомалага киритилиши билан нархлар ошади деган кутилма асосида ўз харид харажатларини кескин оширса, бозорда ортиқча талаб пайдо бўлади. Бу юқори талабга жавоб сифатида таклиф сифатида тадбиркорлар томонидан замин яратиладиган нарх-навони ошишига сабаб бўлади.

Аҳолининг молиявий саводхонлиги юқори бўлмаган иқтисодиётда аксарият ҳолларда истеъмолчиларнинг шов-шувли хавотирлари ва юқори инфляцион кутилмаларига таяниб чиқарган қарорлари натижаси нархлар кўтарилишини келтириб чиқаради.

Мавзуга оид