Ўзбекистон | 15:42 / 28.10.2024
10718
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мактабларда кузги таътил 4 ноябрдан бошланади

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун чоракнинг сўнгги куни 2 ноябрга тўғри келиб, 4 ноябр кузги таътилнинг илк куни ҳисобланади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги хабар берди.

«Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги тизимидаги умумтаълим, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари учун жорий ўқув йилининг кузги таътили 4 ноябрдан бошланиб, 10 ноябргача давом этади», дейилади хабарда.

II чорак дарс машғулотлари 2024 йил 11 ноябрдан бошланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, ўқувчилар учун таътил кунлари қуйидагича белгиланган: 

  • кузги таътил – 4 ноябрдан бошлаб 6 календар кун;
  • қишки таътил – 28 декабрдан бошлаб 14 календар кун;
  • баҳорги таътил – 21 мартдан бошлаб 7 календар кун;
  • ёзги таътил – охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан (босқичли назорат ўтказилмайдиган синфлар учун ўқув йили тугаган кундан кейинги кундан) бошлаб 1 сентябргача.

1-синф ўқувчилари учун эса феврал ойи давомида қўшимча бир ҳафталик таътил белгиланади.

Маълумот учун: таътилнинг охирги куни байрам (ишланмайдиган) кунга тўғри келиб қолган тақдирда, дарс машғулотлари кейинги иш кунидан бошлаб давом эттирилади.

Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид