Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адлия вазирлиги: энди апостиль қўйиш ДХМ орқали амалга оширилади
Фото: Fotolia
Бугунги кунда мамлакатда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида фуқароларга қулайликлар яратиш, уларнинг ҳужжатларни кўтариб идорама-идора юриш ҳолатлари ва ортиқча оворагарчиликларининг олдини олиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, хорижий давлатларда амал қилиш ёки хорижий давлатларнинг қайсидир ташкилоти ёки органига тақдим қилиш учун берилган ҳужжат (ишончнома, шартнома, гувоҳнома, маълумотнома)даги имзонинг ва ҳужжатга қўйилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб, махсус штамп қўйиш апостиль ҳисобланади.
Бугунги кунгача хорижий давлатларда амал қилиши учун берилган ҳужжатларни тасдиқлатиш учун фуқаролар Адлия вазирлигига, Тошкент шаҳрига келишлари зарур эди. Янги тартибга асосан бу талаб бекор қилиниб фуқаролар ушбу ҳужжатларни тасдиқлатиш учун Тошкент шаҳрига келиб юрмасдан, ўзларининг доимий яшаш жойларидаги туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларига мурожаат қиладилар.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, марказ ходимлари томонидан электрон анкета тўлдирилиб, 10 дақиқа ичида тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоят ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармасига юборилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармаси анкетани қабул қилиб олганидан сўнг 5 иш куни ичида ҳужжатни тасдиқлаш (апостиль қўйиш) бўйича қарор қабул қилади. Ҳужжатлар тасдиқланган тақдирда дарҳол давлат хизматлари марказига етказилади.
Давлат хизматлари маркази ҳужжат тасдиқланганлиги ҳақидаги хат тушгандан сўнг 1 соат мобайнида ҳужжатини олиб кетиш учун ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Қонунчиликка киритилган бу ўзгариш фуқароларда ҳужжатларни расмийлаштиришдаги ноқулайликлар, ортиқча маблағ ва вақт йўқотишнинг олдини олишга хизмат қилади.