Қашқадарёда солиқчилар 2-синф ўқувчилари орқали солиқ тўловчиларга эслатма-хат йўллади
Нишон туманида солиқ ходимлари “Биринчи қўнғироқ” кунида бошланғич синф ўқувчиларига мол-мулк ва ер солиқлари ҳақида эслатма-хат тарқатиб, уни ота-оналарига етказишларини сўради. Ходим болаларга солиқни қачон ва қандай тўлаш кераклигини тушунтириб, Конституциядан иқтибос келтирган. Солиқ қўмитаси ҳолатни қоралаб, текширув бошланганини билдирди. Болалар омбудсмани масъулларни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Нишон тумани солиқ инспекцияси ходимлари мактаб ўқувчиларидан ота-оналарига солиқларни вақтида тўлашни етказишни сўраб, хабарнома тарқатгани акс этган видео тарқалди.
Видеода келтирилишича, солиқ ходимлари буни 2-синф ўқувчиларидан сўраган.
“Ассалому алайкум, ҳурматли ўқувчилар. Авваламбор, ҳаммаларингни байрамларинг билан, янги ўқув йили билан табриклаймиз. Ўқишларингга омад. Бизлар Нишон туман солиқ инспекциясидан келяпмиз. Сизларга илтимос, эслатма. Ҳаммаларинг ота-оналарингга олиб борасизлар, яшаб турган уй-жойларингнинг мол-мулк ва ер солиқларини солиқ инспекциясига бориб, ёки телефондан “Солиқ” иловасидан фойдаланиб тўлаш керак. Ҳозир тарқатиб чиқади. Уй кимнинг номида бўлса, бориб солиққа ҳисоблаб тўлайди. Бир йилда солиқ иккига бўлиб тўланадиган бўлса, бир қисми 15 апрел, қолган ярми 15 октябрга қадар [тўланиши керак] деб айтиб ўтилган. Шу ойдан солиқларни ҳисоблатиб, тўлаб келиш талаб этилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқ ва йиғимларни тўлаши шарт деб айтилган, тушундингларми? Илтимос сизлардан”, – дейди ходим.
Видеода бошқа бир солиқ органи ходими эслатма хатларини тарқатиб чиққани кўринади.
Солиқ қўмитаси матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, Қашқадарё вилоятидаги ҳолатни ноўрин деб ҳисоблаши ва кескин қоралашини маълум қилди.
“Қашқадарё вилоятида солиқ органлари томонидан мактаб ўқувчиларига ер ва мол-мулк солиқларини тўлаш тўғрисида эслатмалар берилгани юзасидан видеолар тарқатилди. Таъкидлаб ўтамиз, давлат солиқ хизмати органлари бундай хатти-ҳаракатларни ноўрин деб ҳисоблайди ва кескин қоралайди. Солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан ушбу ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан солиқ текширувлари тайинланди ва барча ҳудудий солиқ органларига огоҳлантиришлар берилди”, – дейди қўмита матбуот котиби Дилдора Ҳошимова ўз видеобаёнотида.
Болалар омбудсмани бола манфаатлари бузилишига оид бу ҳолатни ўрганаётганини маълум қилди.
“Мактаб ўқув жараёни иштирокчиси бўлмаган бегона шахсларни таълимга оид тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда дарс жараёнига кириб бориши ва уни бузиши, болаларга қандайдир ноқонуний талаблар билан мурожаат қилиши – мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!
Болалар ўз ота-оналарининг солиққа оид мажбуриятлари учун жавобгар эмас, ҳеч бир ҳолатда уларни бу жараёнга жалб қилиш, огоҳлантириш мумкин эмас!
Бу боланинг Конституция ва қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зиддир.
Бундай ножўя ҳаракатларга йўл қўйган масъулларга тегишли тарзда чора кўрилиши шарт”, – деб баёнот берди бола ҳуқуқлари бўйича вакил.
Мавзуга оид
13:56 / 22.11.2024
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
20:51 / 18.11.2024
“Қуроллар қанчалик замонавий бўлмасин, миллий ғурурсиз иш битмайди” — мактабларга ҳарбий дарслар нега керак?
16:44 / 11.11.2024