Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санитария-гигиена шохобчаларини ташкил қилган тадбиркорга реклама ва ихчам савдо нуқталари учун жойлар тақдим этилади
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда туристлар ташриф буюрадиган жамоат жойлари ва объектларда санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этишга катта эҳтиёж мавжуд.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3514-сон қарори шунингдек, Ҳукуматнинг ҳудудларда туризм соҳасини ривожлантиришга оид топшириқларида туристлар гавжум бўладиган жойларда санитария-гигиена шохобчаларини қуриб (қайта қуриб), уларни замонавий санитария талабларига жавоб берадиган ҳолда фойдаланишга топширилишини таъминлаш вазифаси белгиланган. Ушбу вазифани давлат-хусусий шерикчилиги асосида тезкор амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектлар учун қуйидаги имконият ва шароитлар жорий этилган:
1) Хўжалик юритувчи субъектларининг санитария-гигиена шохобчаларини қуриш, қайта тиклаш ва капитал таъмирлашга сарфлаган 100 миллион сўмгача бўлган харажати унинг солиқ солинадиган базасидан айириб ташланади. Бунда солиқ солинадиган базанинг 100 миллион сўмгача камайиши, бир марталик ёки қисмларга бўлинган ҳолда, 2020 йил 1 январь муддатигача амалга оширилади (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 13 августда 3053-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартиби тўғрисидаги низом»);
Масалан: 2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида хўжалик юритувчи субъект - умумий овқатланиш нуқтаси ўз ҳудудида барча мижоз ва йўловчилар фойдаланишлари учун санитар-гигиена шохобчасини жами 60 миллион сўмга қуриб фойдаланишга топширди. Мазкур субъект томонидан 2018 йилнинг учинчи чорагида жами солиққа тортиладиган даромади 80 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, солиқни фақатгина 20 миллион сўмдан тўлайди.
2) Туризм инфратузилмаси объектларидаги (тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўлбўйи инфратузилмасининг сервис хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни) санитария-гигиена шохобчаларини сақлаш учун харажатлар, яъни фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қилинган 12 миллион сўмгача бўлган миқдордаги харажатлар уларнинг солиқ солинадиган базасидан айириб ташланади (юқорида келтирилган Низом);
Масалан: Хўжалик юритувчи субъект - умумий овқатланиш нуқтаси ўз ҳудудида барча мижоз ва йўловчилар фойдаланишлари учун ташкил қилган санитар-гигиена шохобчасини сақлаш учун 2018 йилнинг сентябрь ойида 1 миллион сўм харажат қилди. Мазкур субъект томонидан 2018 йилнинг сентябрь ойида жами солиққа тортиладиган даромади 10 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, солиқни фақатгина 9 миллион сўмдан тўлайди.
3) Замонавий санитария-гигиена шохобчаларини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари ва салоҳиятли инвесторларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг хулосаси асосида шаҳар ва туманларнинг тегишли қисмларида реклама ва ихчам савдо нуқталари учун жойлар тақдим этилади.
Масалан: Агарда тадбиркорлик субъектлари ва потенциал инвесторлар жамоат жойларида замонавий санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этишса, уларга маълум бир ҳудуддан тижорат мақсадида ўз реклама материалларини жойлаштириш бўйича ҳамда ихчам савдо нуқталарини ташкил этиш бўйича қулай жойлар тақдим қилинади.
Мавзуга оид
13:36 / 14.02.2025
Экспорт бўйича имтиёзлар татбиқ этилмайдиган товарлар рўйхати ўзгартирилди
15:24 / 06.01.2025
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимлари учун имтиёзлар назарда тутиляпти
16:32 / 26.12.2024
Мобил алоқа хизматлари акциз солиғидан озод этилди
17:02 / 16.11.2024