Ўзбекистон | 18:20 / 12.11.2019
58826
6 дақиқада ўқилади

Кириш имтиҳонларига мажбурий фанлар нега қўшилди? ДТМ бошқарма бошлиғи изоҳ берди

Президентнинг май ойидаги қарорига асосан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар ОТМга кириш учун 5та фандан имтиҳон топширади.

Саволлар мажмуасининг биринчи бўлимига барча тест топширувчилар учун мажбурий 3та фан: она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари киритилади. Иккинчи бўлимдаги саволлар эса танланган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан иборат бўлади.

Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари учун 2,1 балдан (жами 94,5), таълим йўналишига мос фанлар бўлимидаги тест топшириқлари учун 3,1 балдан (жами 186) берилиши назарда тутилмоқда. Бунда абитуриент тўплаши мумкин бўлган умумий балл 280,5ни ташкил қилади.

Kun.uz мухбири янги тартиб юзасидан тўлиқроқ маълумот олиш учун Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Севара Зупарходжаева билан суҳбатда бўлди.

Севара Зупарходжаева

– Тест тизимига бундай ўзгартиш киритилишининг асосий сабаби нима?

– Биз хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда улардан имкон қадар таълим тизимимизга мос бўлган ва таълимимизнинг ривожланишига ҳисса қўша оладиган жиҳатларни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Жумладан, ўтган 2017-2019 ўқув йилида ДТМ ходимлари  Япония, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Қозоғистон каби бир қанча давлатларда бўлиб, уларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиш тизимини ўрганиб чиқди.

Айрим хорижий давлатлар тажрибасида кириш имтиҳонларига она тили ва математика киритилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ёки Туркия каби бошқа қатор давлатларда давлат тарихидан имтиҳон топшириш белгилаб қўйилган.

Бизда ҳам математика, она тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан кириш имтиҳонларида мажбурий тест олинишининг асосий мақсадларидан бири – битирувчиларнинг дунёқарашини кенгайтиришдир.

Охирги йилларда абитуриентлар орасида мақсадли кириш имтиҳонларига тайёрланганда, афсуски, фақат 2та, ҳатто фақат биринчи блокдаги фанни яхши ўзлаштириб, талаба бўламан, деган қараш шаклланиб қолди.

Учинчи блокдаги фандан тайёрланмасдан ҳам, таваккалчилик асосида талаба бўлганлар ҳам бор. Уларни омади келганлар деб аташимиз мумкин. Шунингдек, таваккалчиларни «столбачилар» деб ҳам аташади.

Бу ерда янгилик ўқувчиларимиз фақат битта фаннигина ўрганиб, ОТМга киришини эмас, балки уларнинг дунёқараши кенгроқ бўлишига йўналтирилиши кўзда тутилган. Улар умумтаълим мактабларида ўқитиладиган  фанларни тенг равишда ўрганиб боришлари керак.

Тестлар давлат томонидан белгилаб қўйилган режа ва дастур асосида тузилади. Абитуриентдан эса фанларга бир хил ёндашиб тайёрланиш талаб қилинади.

Албатта, ўқувчилар юқори синфларда чуқурлаштирилган ҳолда ўзига керакли фанни ўрганиши мумкин. Лекин бола умумтаълим мактабида белгиланган дастурни ўрганиб, тўлақонли ҳар томонлама ривожланган бўлиб мактабни битириши зарур. Мана шу нуқтайи назардан, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ва битирувчиларимизнинг дунёқараши ҳар томонлама кенг бўлиши лозимлигини инобатга олиб, ОТМларга кириш имтиҳонларига мажбурий фанлар бўлими қўшилди.

Давлат тест маркази 5та фан юзасидан лойиҳа ишлаб чиқиб, уни ишчи гуруҳ муҳокамасидан ўтказди. Ишчи гуруҳ таркибида Олий таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги масъул ходимлари иштирок этишган. Бундан ташқари, 17та қатор тегишли вазирлик ва идораларга ҳам лойиҳани юбориб, уларнинг ҳам таклифларини олдик.

Бунда биз бола мактабда ўтилган фанларни ўқисин, ўргансин деган мақсадни кўзда тутганмиз. Бу, шунингдек, таваккалчиликнинг олдини олишга ҳам қаратилган.

– Кириш имтиҳонларига мажбурий фанлардан тест топшириқларининг киритилиши билан абитуриентларнинг дунёқарашини кенгайтириш фикри қанчалик асосли ва келажаги бор деб ўйлайсиз?

– Бунда фақат тестнинг ўзини назарда тутиш керакмас, чунки бола тестга тайёргарлик кўриш учун ҳам фанни масъулият билан ўрганиши керак бўлади. 

Қўшимча 3та фандан тест топширилиши кўпчиликка янгилик ва ўта қийиндай туюлмоқда. Бироқ мажбурий фанлар бўлимидаги тестлар, аввало, ўқув дастурларига биноан ва анча содда тарзда, абитуриентнинг умумий саводхонлиги, мантиқий фикрлаши ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилган, биринчи қийинлик даражасида бўлади.

– Баъзи йўналишларда мажбурий ва асосий блок фанларида такрорийлик кузатилишига гувоҳ бўляпмиз. Масалан, Иқтисодиёт университетида ўқишни хоҳлаган абитуриент математика фанидан ўз йўналиши бўйича ҳам, мажбурий фанлар блоки доирасида ҳам тест ишлайди. Лекин тиббиёт йўналишига топширган болада бундай имкон бўлмайди. Бу абитуриентлар ўртасида тенгсизлик келиб чиқишига сабаб бўлмайдими?

– Айтишим мумкинки, математика жуда кўп фанлар учун асос бўлишини биламиз. Бу фан инсонни фикрлашга ўргатади. Уни яхши билган бола кимё, физика ва ҳатто она тилидаги саволни ҳам ишлай олади.

Гарчи битта фан такрорланса-да, лекин уларнинг қийинлик даражаси бир-биридан фарқ қилади. Масалан, мажбурий блокдаги тарих фани саволлари биринчи қийинлик даражасида бўлса, йўналиш фанлар блокидаги тестлар эса иккинчи ва учинчи мураккаблик даражасидаги саволлардан иборат бўлади.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид