23:50 / 24.03.2020
4752

Прокурор розилиги билан адвокатнинг телефон сўзлашувларини назорат қилиш белгиланмоқда

Тегишли қонун бугун, 24 март куни Сенатда маъқулланди.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга оширадиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиш белгиланмоқда.

Қонунчиликдаги ушбу ўзгариш «тезкор-қидирув тадбирларининг янги турлари жорий этилиши» билан изоҳланяпти.

«Замонавий коммуникация воситалари орқали хабар ва маълумотлар узатилишини назорат қилиш – давр талаби», деб таъкидланди Сенатнинг 24 мартдаги ялпи мажлисида.

Ташаббускорларга кўра, бу қонун жиноятчиликнинг барвақт олди олиниши ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.

«Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун имзолаш учун президентга юборилади.

Шу асосда 2та қонун ва 1та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

5та моддадан иборат янги қонунда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган бошқа нормалар ҳам назарда тутилган.

Top