Light | 08:14 / 21.08.2020
25328
6 дақиқада ўқилади

Энг муҳим ҳужжат. Паспорт қандай пайдо бўлганди?

Шахсни тасдиқлаш тарихда муҳр, ниқоб, татуировка ва кейинчалик ҳужжат кўринишида амалга оширилган. Дастлабки паспортлар эса саёҳатга чиққанларни ҳимоя қилиш учун берила бошланган. Ҳозир одамларда биометрик чипга эга замонавий кичик китобча кўринишидаги паспортлар мавжуд. Келажакда улар яна ўзгариши мумкин.

Фото: Getty Images

Давлатлар ҳам мавжуд бўлмаган даврларда

Инсон бирор давлат фуқароси бўлиши учун, аввало, давлат тушунчаси мавжуд бўлиши керак. Паспорт ҳам, фуқаролик ҳам давлатсиз мавжуд бўла олмайди. Инсониятнинг қадимий тарихида эса давлат тушунчаси мавжуд эмасди. Илк давлатчилик тарихига оид фактлар милоддан аввалги 3 700 йилларга бориб тақалади. Бироқ ўша пайтларда ҳам давлатчилик эмас, фақат кўплаб одамлардан иборат жамоалар мавжуд эди.

Фуқаролик - «citizenship» сўзи лотин тилидаги «шаҳар» сўзидан олинган ва «шаҳарлик» деган маънони англатади. Чунки қадимги даврларда одамлар ўзларини бирор мамлакатлик дейишдан кўра, шаҳарлик дейишни кўпроқ маъқул кўришган. Фуқаролик концепцияси қадимги Грецияда минг йил олдин шакллана бошлаган. Кейинроқ эса Римда барча фуқароларнинг империя ҳудудида эркин ҳаракатланишига рухсат бериш учун фуқаролик атамасидан фойдалана бошланган.

Паспорт биринчи бўлиб саёҳат ҳужжати сифатида вужудга келган. Биринчи паспортлар ҳам халқаро саёҳатлар даврида ҳимояга эга бўлиш учун ишлаб чиқилган. Чунки ўша даврларда кемаларда саёҳат қилиш урфга кирган эди.

Ниқоблар, муҳр ва татуировкалар

Илк даврларда – милоддан аввалги 3 100 йилларда паспортлар фақат қоғоз кўринишида эмас, балки турли шаклларда, масалан, қирол муҳрлари, ниқоблар ёки татуировка кўринишида мавжуд бўлган.

Ниқоблар дастлаб Ғарбий Африка мамлакатларида ишлатила бошланган. Битта қабила бир хил кўринишдаги ниқобни таққан ва уни бошқа қабиладан шу билан ажратиб олиш мумкин бўлган. Бу кўринишдаги мансублиликни билдирадиган ниқобларни таққан одамлар бемалол савдо ва саёҳат қила олишган.

Татуировка кўринишидаги фуқаролик белгиси эса неолит давридан бери мавжуд. Одамларга шундай кўринишдаги белгилар қўйилганини исботловчи мўмиёланган тери қолдиқлари ҳам топилган. Кейинроқ қадимги греклар ўз жосусларини таниб олиш учун кўринмас сиёҳ билан шакл берилувчи татуировкалардан фойдаланган.

Римликлар эса жиноятчи ва қулларни бошқалардан ажратиш учун татуировкаларни ишлатишган.

Ҳурмат белгиси бўлган металл лавҳалар

Римда милодий 52 йилда, 2 минг йил олдин ҳарбий паспортлар сифатида танилган ҳужжатлар берила бошланади. Римда фуқароларни таниб олишнинг самарали усули дипломлар эди.

Бу ҳарбий диплом металл лавҳалар кўринишида бўлган ва бронзадан ясалган. Металл диплом унинг эгаси Рим армиясида муваффақият билан хизмат қилганини ва эвазига мукофот сифатида Рим фуқаролигини олганини билдиради. Бундай дипломлар 25 йиллик тўлиқ армия хизматидан сўнг берилган.

Сайёҳлар учун илк рухсатномалар

Ўрта асрлардаги вазиятни тасаввур қилиш учун айтиш мумкинки, биринчи жаҳон урушидан 500 йил олдин ҳам кўпчиликнинг шахсини тасдиқловчи бирор ҳужжати бўлмаган.

Кейинчалик Франция қироли Людовик XIV «passe port», яъни паспорт деб номланган ҳужжатга имзо чекади. Бу ҳужжатнинг сўзма-сўз таржимаси «порт орқали саёҳат қилувчи» деган маъно англатган. Ўрта асрларда паспортлар ҳокимиятлар томонидан, асосан, хорижлик саёҳатчиларга берилган. Паспортда саёҳатчи бориши мумкин бўлган шаҳарлар ва ҳудудлар рўйхати келтирилган. Бу саёҳатчини ўзи бормоқчи бўлган ҳудудларда эркин ҳаракатланишига ёрдам берган. Денгиз портларида эса хорижликларнинг паспортлари текшириб ўтказилган.

Европада

Фақатгина биринчи жаҳон урушидан сўнг Европа ҳудудида паспорт бериш тизими тезлик билан ривожланди. Бунга миграция, темирйўл саёҳати ва бойлик тўплаш тенденциялари ривожланганлиги туртки бўлган. Ўша пайтларда бутун оила учун битта қоғозда қайд этилган ҳужжат паспорт вазифасини ўтаган.

АҚШда

Америкада илк даврларда паспортлар жуда кам одамга, фақат Бенжамин Франклин номидан Францияга борувчиларга берилган. Бу илк паспортлар Франция модели асосида ишлаб чиқилган ва фақат бир бетига ёзиладиган бир варақ қоғоздан иборат бўлган. Уларни ҳар 6 ойда бир марта янгилаб туриш лозим эди. АҚШда давлатчилик яхши ривожлана боргач, 1789 йилдан бошлаб ҳамма фуқарога паспорт бериш масаласи ўйлаб кўрила бошланади.

1810-1910 йилларда 500 мингдан ортиқ паспорт одамларга тарқатилган. Улар, асосан, гуруҳ ва оилаларга тегишли тарзда ишлаб чиқилган. Дастлабки паспортлар эркакларга, агар оила отасиз бўлса, унда ўғил ёки она паспорт олган.

Италияда

Италияда паспорт илк марта Напалеон ҳукмронлиги йилларида берилган. 1815 йилда Напалеон мағлубиятга учрагач, паспорт ўрнига бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кўчишга имкон берувчи рухсатномалар берилган. 1861 йилда Италия қироллиги ташкил этилгандан кейингина паспорт давлат ҳудудида мажбурий ҳужжатга айлана бошлайди.

Япония

Японияда биринчи саёҳат ҳужжати 1866 йилда берилган. Бу ҳужжат билан одамлар мамлакат ташқарисига таълим ва бизнес учун саёҳат қилишлари мумкин бўлган. 1878 йилда эса биринчи япон паспорти пайдо бўлган.

Бугун ва келажак

Бугун ҳар бир давлат ўз фуқароларига шахсини тасдиқловчи ва фуқароликни берувчи ҳужжатлар бериши одатий ҳолга айланган. Кичик буклет форматидаги замонавий паспортлар биометрик чипларга ҳам эга.

Номаълум вақтлардан сўнг эса қоғоз паспортлар йўқолиб кетиб, уларнинг ўрнига ҳамма маълумотлар рақамлашган кўринишда сақланиши ва кейинроқ одамнинг танасига жойлаштирилувчи нано паспортлар яратилиши ҳақида тахминлар бор.

Мавзуга оид