Кўчмас мулк | 21:05 / 03.09.2025
15325
6 дақиқада ўқилади

“Ассалому алайкум” бўлмагунча, рухсат беришмайди — тадбиркор қурилишдаги коррупция ҳақида

Тошкентда қурилиш учун рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини олиш билан боғлиқ коррупциявий “харажатлар” битта уй учун 200 минг долларгача етиши мумкин, дея маълум қилди тадбиркор Усмонжон Абдусаматов. У давлат органлари томонидан аризалар қайта-қайта рад этилиши, “ассалому алайкум” бўлганидан кейингина рухсат берилишини айтиб, асоссиз рад жавоби берадиганларга чора кўришни сўради.

Савдо-саноат палатаси эфиридан кадр

29 август куни Савдо-саноат палатаси томонидан қурилиш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда сўз олган қурувчи Усмонжон Абдусаматов рухсатномалар олиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш вақтидаги коррупциядан шикоят қилди.

“Кўп жойда муаммо бўляпти. Мисол учун, мен яшайдиган ҳудудда ер 100 минг доллар туради. Шунга битта таклиф. Хуфиёна иқтисодиётга бунинг тўғридан тўғри таъсири бор. “Дом” қурилишига ер сотиб оламиз-да, у ернинг нархини кирита олмаяпмиз, ҳақиқий нархини. Шунга бу тизимга киритиш керак бўлади. Ҳар битта ҳудуднинг нархи бор. Масалан, бир сотих ер учун Мирзо Улуғбек туманида 100 минг доллар, Сергели туманида 40 минг доллар, Чорсу ҳудудида 50 минг доллар нархни киритиб, тўғрилаб қўйиш керак. Бунинг квартирага кейинчалик таъсири бор”, – деди тадбиркор.

Абдусаматовнинг сўзларига кўра, муаммолар сотиб олинган ерга рухсатнома олиш босқичиданоқ бошланади.

“Ерни сотиб олдик. Ана энди рухсатнома олиш керак. Рухсатномага “заявка” ташлаяпмиз – “отказ”. “Заявка” ташлаяпмиз – “отказ”. Токи ҳалиги манзилига бориб, “ассалому алайкум” бўлмагунча (тадбиркор қўли билан пул санаш ишорасини қилади – таҳр.). Тўғри гапни гапиришимиз керак. Бу тўғридан тўғри эртанги харажатимизга таъсир қиляпти. Мисол учун, битта уйни 500 минг долларга кўтараётган бўлсак, кимгадир 50 минг, кимгадир 100 минг, кимгадир 20 минг бўлиб, у ўша жойга миниб қоляпти”, деди у.

Қурувчи мутасаддилардан аризаларнинг асоссиз рад этилишига қарши чора кўришни сўради.

“Мана бу одам компютерда ўтирибди, мен ариза ташладим, „отказ“ босди. Жавоб берсин: нимага „отказ“ босди? Шуни жавобгарликка тортиш чорасини кўриш керак. Нимага сен 5 марта „отказ“ қилгандан кейин, 6-сафарда маъқулладинг? Ўша ариза, ўша ариза. Ўша корхона, ўша корхона.

Кейин, кадастр тўғрисида ҳозир гапиришди. Нима учун кадастр? Биз ариза ташлаганимиздан кейин, ер сотиб олдик. Кадастр ҳужжат йиғиндисини қилиб, архитектурага чиқариб юборади. Шу жараёнда ҳам кадастр жуда катта муаммо қиляпти. Менинг ўзимнинг корхоналаримда 10 марталаб қайтиб келган аризалар бор. Ўша аризаларни қайтарган одамларга қандайдир жазо чораси қўллаш керак”, деди Абдусаматов.

Тадбиркор Тошкентда рухсатномалар олиш ва кадастр реестридан ўтиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар ҳар бир уй учун 200 минг доллар, Тошкент вилоятида эса 100 минг долларгача етиши мумкинлигини даъво қилди.

У мана шу “харажатлар” йўқ қилинса, бу пулларни солиққа тўлашга тайёрлигини билдирди.

Вазирлик муносабати

3 сентябр куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркорнинг ушбу эътирозларига муносабат билдирди.

Биринчидан, қурилиш соҳасига оид барча давлат хизматлари ва тўловлар белгиланган тартибда электрон тарзда амалга оширилади. Қўшимча маблағ талаб қилиниши мумкин эмас.

Бунда жисмоний ва юридик шахслар ҳар қандай шаҳарсозлик ҳужжатларини фақатгина my.gov.uz электрон портали ҳамда Давлат хизматлари марказлари орқали юборишлари мумкин. Ушбу жараёнларда жисмоний ёки юридик шахс ҳамда ваколатли орган вакили ўртасида ўзаро мулоқотга йўл қўйилмайди.

Иккинчидан, сўнгги йилларда соҳадаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш, инсон омилини минималлаштириш ва коррупциявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этирилмоқда.

Хусусан, объект қурилишига оид рухсатнома олишдан тортиб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар вазирликнинг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тўлиқ назорат қилиб борилади.

Ушбу жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 20-апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентлар билан аниқ тартибга солинган.

Учинчидан, ҳозирда қурилиш соҳасида давлат хизматларини рақамлаштириш босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу жараён шаффофликни таъминлаш, ортиқча оворагарчиликни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлар ва аҳоли учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 июлдаги ПҚ-236 сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024йил 2-мартдаги 149-сон қарорига биноан, Тошкент шаҳрида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида шаҳарда қуриладиган (реконструкция қилинадиган) объектларнинг (бундан бюджет тизими маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар, якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари мустасно) жами қурилиш ҳажмининг ҳар бир куб метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим жорий этилган.

Ушбу йиғим тўлиқ ҳажмда Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади”, – дейилади вазирлик баёнотида.

Қурилиш вазирлигига кўра, агар тадбиркорлар ёки фуқаролар қурилиш билан боғлиқ коррупциявий ҳолатларга дуч келса, вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмаларида ташкил қилинган комплаенс бўлимларига қуйидагилар орқали мурожаат қилиши мумкин:

  • Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ишонч телефони: +99871-210-11-04 (1066)
  • қисқа ишонч рақами: 1298
  • электрон почта: [email protected]
  • коррупцияга қарши мурожаатлар учун алоҳида манзил: [email protected]
  • Telegram-бот: @QurilishKomplayensbot

Қайд этилишича, вазирлик соҳада шаффофлик, қонунийлик ва очиқликни таъминлашни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олган ва юзага келаётган барча саволларга жавоб беришда ҳамиша очиқ.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид