20:44 / 07.07.2020
3861

Адлия вазирлиги: Табиий ва техноген офатлар оқибатида жабрланган фуқароларнинг 18 турдаги ҳужжатлари бепул тиклаб берилиши кўзда тутилмоқда

Адлия вазирлиги томонидан табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда аҳолини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Қайд этилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, маиший тусдаги офатлар (турар, нотурар-жойнинг ёнғини ёки қулаши, транспорт воситасининг ёнғини) юз бергани оқибатида жабрланган жисмоний шахслар йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларини тиклаш учун тегишли давлат органига мурожаат қилганида, тўловлардан озод қилиш белгиланмоқда.

Шунга кўра, қарор лойиҳасида тўловлардан озод қилинадиган 18 турдаги ҳужжатлар рўйхати тасдиқланиши назарда тутилмоқда. Хусусан:

  • туғилганлик, никоҳ тузилган (ажралган)лик ва ўлим ҳақида гувоҳномалар;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси ID-картаси ва хорижга чиқиш биометрик паспорти, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаро идентификация ID-картаси;
  •  давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар (шаҳодатнома, диплом, сертификат, гувоҳнома);
  • ҳарбий гувоҳнома ва захирадаги офицернинг гувоҳномаси;
  • транспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси;
  • ҳайдовчилик гувоҳномаси;
  • нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликати ва реестрдан кўчирма;
  • кўчмас мулк объектларининг кадастр паспорти ва бошқалар.

Бундан ташқари, мазкур ҳужжат лойиҳасида фавқулодда вазиятлар, шунингдек, маиший тусдаги офатлар юз берганлик ҳолатлари Ўзбекистон ҳудудида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тасдиқланиши, агарда бундай ҳолатлар хорижий давлатлар ҳудудида юз берган тақдирда, ўша хорижий давлат ваколатли идорасининг ёки Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларидан олинадиган маълумотнома асосида тасдиқланиши белгилаб қўйилмоқда.

Лойиҳанинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: (https://regulation.gov.uz/ru/document/19338).

Top