Иқтисодиёт | 17:06 / 20.01.2024
10293
4 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси маиший техникачиларга берилган имтиёзларга муносабат билдирди

Kun.uz сўровига жавобан, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси электротехника ишлаб чиқарувчиларни қўллаш бўйича эълон қилинган навбатдаги чораларга муносабат билдирди. Вазирликка кўра, ҳужжатнинг экспертизага киритилган вариантида маиший техникалар импортида ишлаб чиқарувчининг расмий дилери бўлиши талаб қилинадиган маҳсулотлар рўйхати бўлмаган. Рақобат қўмитаси эса қарорда рақобатга зид ҳолатлар йўқлигини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Адлия вазирлиги муносабати

Вазирликнинг маълум қилишича, 2024 йил 10 январда қабул қилинган 15-сонли президент қарори Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва қарор лойиҳа ҳолатида Адлия вазирлигига киритилган.

“Вазирликка киритилган вариантда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда уларнинг сифати, хавфсизлиги ҳамда сервис кафолатини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинадиган маҳсулотлар рўйхати (қарорнинг 3-иловаси) мавжуд бўлмаган. ПҚ-5025-сонли қарорда лойиҳа ташаббускори ҳисобланган давлат органи уни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиши зарурлиги белгиланган. Адлия вазирлигига киритилган вариантда 2024 йил 10 январдаги ПҚ-15-сонли қарорнинг 3-иловасидаги масалалар мавжуд бўлмагани боис, ушбу масала лойиҳа ташаббускори томонидан ТСТБдан ўтказилгани ҳақида маълумот мавжуд эмас”, – дейилади муносабатда.

Адлия вазирлиги ҳужжат лойиҳаси экспертизадан ўтказилиш жараёнида ўз эътирозларини билдирганини маълум қилди, аммо эътирозларнинг мазмуни қандай бўлгани, улар инобатга олингани ёки йўқлигига аниқлик киритмади.

Рақобат қўмитаси нима дейди?

Рақобат қўмитаси муносабатида эса қарорни қабул қилишда қўмитанинг таклифлари инобатга олингани ва айни дамда унда рақобатга зид ҳолатлар йўқлиги маълум қилинган.

Қўмитанинг маълум қилишича, қарор лойиҳаси белгиланган тартибда Рақобат қўмитасига келишиш учун киритилган ва лойиҳада назарда тутилган нормаларнинг рақобатга таъсири “ex-ante” усулида белгиланган тартибда баҳоланиб, тегишли хулоса тақдим қилинган.

“Ушбу хулосада берилган таклифлар инобатга олинган. Хусусан, тайёр электротехника маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишида импорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 1 фоизи миқдорида амалдаги импорт божларига қўшимча равишда йиғим ундирилишини назарда тутувчи норма лойиҳадан чиқариб ташланган”, – дейилади қўмита муносабатида.

Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 23-моддасида:

  • давлат хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, эксклюзив ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурсларидан ва ерости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларининг имтиёзли шартлар асосида берилиши ҳамда бошқа преференциялар ва афзалликлар тарзида давлат ёрдами берилиши мумкинлиги;
  • айрим хўжалик юритувчи субъектларга соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тарзда якка тартибда давлат ёрдами берилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Рақобат қўмитаси томонидан ушбу қарор лойиҳаси кўриб чиқиш жараёнида давлат ёрдами, шу жумладан, солиқ имтиёзлари, преференциялар ва афзалликлар электротехника тармоғи корхоналарига умумий берилаётгани, лойиҳада якка тартибда давлат ёрдами назарда тутилмагани аниқланган.

Қўмитанинг таъкидлашича, 15-сонли президент қарори билан электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун имтиёзли давр билан кредит линиясини очиш; солиқ имтиёзлари ва давлат харидларидаги нарх устунлиги барча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилган.

Муносабатга қарорни амалиётда қўллаш жараёнида рақобатга зид ҳаракатлар ва ҳолатлар амалга оширилса, уларни бартараф этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларига белгиланган тартибда тақдимномалар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатини такомиллаштириш бўйича Президент администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилиши мумкинлиги қўшимча қилинган.

Рақобат қўмитаси муносабатида расмий дилерлар талаби борасида сўз бормайди.

Мавзуга оид