Жаҳон | 15:42 / 14.11.2024
27795
10 дақиқада ўқилади

Россиядан Венесуэлагача: табиий бойликлар бўйича энг бой давлатлар

Бугун дунёнинг энг бой давлатлари бир нечта омил билан таснифланади. Масалан, қайсидир давлат ялпи ички маҳсулот ҳажми катталиги билан, бошқаси эса энг кўп табиий бойликлари борлиги учун, яна бошқа бир давлат энг баланд маош туфайли бой давлатлар рўйхатига киритилган.

Инсоният азалдан ердан, турли фойдали қазилмалардан фойдаланиб келади. Бироқ бу жараён 20-асрга келиб ниҳоятда оммалашди.

Масалан, инсоният антик даврда 19 турдаги элементдан фойдаланган бўлса, 18-асрда 28, 19-асрда 50 ва 20-асрда 60 турдаги турли элементни ишлата бошлаган.

20-асрда инсоният турли қазилма бойликларни жуда тез суратлар билан қазиб олишга ўтди. Кўп ўтмай денгиз ва океанлар остидаги конлар ҳам ўзлаштирила бошланди.

Агар тарихига қаралса, турли даврларда турли қазилма бойликларни қазиб олиш турлича кечганини кўриш мумкин. Масалан, 1850-1930 йилларда кўмир, 1940-2000 йилларда нефт, 2010 йилдан бошлаб энг кўп табиий газ қазиб олинмоқда.

Шунингдек, айрим қазилма бойликларни қазиб олиш камайиб келган. Масалан, торф қазиб олиш 1940 йилдан буён муттасил қисқариб келмоқда.

Қазилма бойликлар орасида қайта ишласа бўладиганлари ҳам бор. Масалан, металларнинг аксариятини қайта ишласа бўлади. Шу сабабли ҳар йили Ер юзида жуда кўп миқдорда эски металл бўлаклари қайтадан эритилиб, турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Қазилма бойликлар Ер юзи бўйлаб жуда номутаносиб тақсимланган. Қайсидир давлатда улар жуда кўп. Айрим давлатларда эса улар умуман йўқ.

Шунингдек, жуда кўп миқдорда табиий бойликлар захирасига эга давлатларнинг ҳаммаси ҳам бой эмас ёки гуллаб-яшнаб кетмаган.

Бунда турли омиллар, жумладан нўноқ бошқарув ва энергия ресурслари учун кечаётган кучли рақобатда ташқи аралашув ҳам муҳим рол ўйнамоқда.

Қуйида аниқланган захиралар бўйича қазилма бойликлари энг кўп давлатлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.

1. Россия, 75 триллион доллар.

Шубҳасиз Россия табиий бойликлар миқдори бўйича биринчи ўринда туради. Бу давлатнинг аниқланган табиий бойликлар захираси 75 триллион долларга баҳоланган.

Россияда турли қазилма бойликлар захираси бўйича юқори ўринларни эгаллайди. Жумладан дунёда аниқланган турли захиралар бўйича Россия улуши қуйидагича:

·      нефт захираси – 10-12 фоиз;

·      табиий газ захираси – 32 фоиз;

·      кўмир захираси – 11 фоиз;

·      қора металл захираси – 25 фоиз;

·      никел захираси – 33 фоиз;

·      қўрғошин захираси – 10 фоиз;

·      руҳ захираси – 15 фоиз;

·      калий тузи захираси – 31 фоиз.

Бундан ташқари, Россия табиий ўрмонлар эгаллаган ҳудуд бўйича ҳам дунёда биринчи ўринни эгаллайди.

Россия табиий бойликлар бўйича дунёда биринчи ўринда тургани билан ўртача иш ҳақи, аҳоли турмуш даражаси ва бошқа кўрсаткичлар бўйича ўртамиёна давлатлар қаторида туради.

Россия ОАВга кўра, 2024 йилда Россияда ўртача иш ҳақи 80 минг рублни ташкил этган ва бу 800 доллар атрофида бўлади.

Бироқ турли халқаро ташкилотлар Россияда ўртача иш ҳақи 550-650 доллар атрофида эканини ёзишган. Яъни мамлакат қазилма бойликларга бой бўлса ҳам ўртача иш ҳақи масаласида ривожланган давлатлардан анча орқада.

2. АҚШ, 45 триллион доллар.

Америка Қўшма Штатлари дунёдаги энг бой давлат ҳисобланса ҳам у табиий бойликлар рўйхатида иккинчи ўринда жойлашган. Унинг аниқланган табиий бойликлар захираси 45 триллион долларга баҳоланган.

АҚШ иш ҳақи, турмуш тарзи, ялпи ички маҳсулотлар ҳажми, ҳарбий харажатлар ва бошқа кўплаб омиллар бўйича дунёнинг энг етакчи давлати ҳисобланади.

2023 йилда АҚШ ЯИМ ҳажми номинал қийматда 27 триллион 357 миллиард бўлган.

АҚШ нефт, табиий газ, табиий ўрмонлар ва яна бир қатор табиий бойликлар ҳажми бўйича дунё рейтингида ўнталикдан жой олган.

Шунингдек, бу давлат дунё кўмир захирасининг 31,2 фоизига эгалик қилади.

3. Саудия Арабистони, 34,4 триллион доллар.

Саудия Арабистонида илк нефт конлари 20-асрнинг 30-йилларида топилган. Ўтган асрнинг 60-йилларигача дунёда турли транспортлар кам бўлган ва шу сабабли Саудияда нефт қазиб олиш миқдори анча кам бўлган.

20-асрнинг 70-йилларидан бошлаб бу давлатга жуда катта миқдорда Ғарб сармоялари киритилди ва жуда кўплаб нефт конлари ўзлаштирилди.

Натижада 21-аср бошларига келиб Саудия дунёнинг бой давлатлари қаторига кирди. Бугун Саудия табиий бойликлар захираси бўйича дунё давлатлари орасида 3-ўринни эгаллайди.

Унинг жами аниқланган табиий бойликлар захираси 34,4 триллион долларга етади. Захираларнинг асосий қисмини нефт ва газ ташкил этади.

Жумладан, Саудия Арабистони дунёда аниқланган нефт захирасининг 20 фоизига эгалик қилади. Шунингдек, бу давлат газ захираси бўйича дунё рейтингида бешликка киради.

4. Канада, 33,2 триллион доллар.

Табиий бойликлар захираси бўйича рўйхатда Канада 33,2 триллион доллар билан 4-ўринда жойлашган.

Бу бежизга эмас, Шимолий Америкада жойлашган бу давлат жуда катта ҳудудга эга ва у бу кўрсаткич бўйича дунёда Россиядан сўнг иккинчи ўринда туради.

Канада эгалик қиладиган улкан ҳудуд табиий захираларга жуда бой. Айниқса, унинг ҳудудида нефт конлари кўп. Мамлакат нефт ва газ захиралари бўйича дастлабки ўнликка киради.

Канадада уран, фосфат ва фосфоритнинг жуда катта захиралари борлиги аниқланган. Бу давлат уран захиралари бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллайди.

Шунингдек, Канаданинг жуда катта ҳудуди — 347 млн гектари ўрмон билан қопланган.

Бундан ташқари, Канада жуда кўп миқдорда чучук сув захирасига эга. Сўнгги йилларда қадоқланган ичимлик сувга талаб ошиб бораётгани инобатга олинса, Канададаги чучук сув манбаларини ҳам бемалол табиий бойликлар захирасига қўшиш мумкин.

5. Эрон, 27,3 триллион доллар.

Эрон дунёдаги энг қадимий давлатлардан бири ҳисобланади. Бу давлатни бойитиб турган нарса нефт ва газ захиралари ҳисобланади.

Эроннинг нефт ва газ конлари асосан Форс қўлтиғида жойлашган. Бу давлатда дунёдаги газ захираларининг 16 фоизи, нефт захираларининг 10 фоизи борлиги айтилади.

Гарчи жуда катта нефт ва газ захиралари бўлса-да Эрон халқаро санкциялар туфайли улардан самарали фойдалана олмайди.

Халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари талқинига кўра, бу давлат узоқ йиллардан буён атом бомба яратиш устида иш олиб боряпти. Шу ва бошқа сабаблар туфайли Ғарб давлатлари Эронга санкциялар жорий этишган.

Эронда ўртача иш ҳақи 400-450 доллар. Мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми номинал қийматда 400 млрд доллар атрофида. Эроннинг табиий бойликлар захираси 27,9 триллион долларга баҳоланган.

6. Хитой, 23 триллион доллар.

Хитой жуда катта ҳудудга эга бўлса ҳам бу давлатда турли қазилма бойликларнинг жуда катта захиралари йўқ. Шунчаки, Хитойда табиий бойликларнинг тури кўп.

Хитойда фақат кўмирнинг жуда катта захиралари аниқланган йирик конлар бор. Масалан, бу давлат дунёда аниқланган кўмир захираларининг 13 фоизига эгалик қилади.

Қолган минераллар ёки металларнинг кичик конлари бор. Шу сабабли Хитой дунёдаги энг йирик хомашё сотиб олувчи давлат ҳисобланади.

Чин юрти нефт, газ, турли металлар ва бошқа маҳсулотларнинг асосий қисмини хориждан импорт қилади. Хитойнинг табиий бойликлар захираси 23 триллион долларга баҳоланган.

7. Бразилия, 21,8 триллион доллар.

Бразилия ҳудуди ҳам жуда катта ва у Жанубий Америка қитъасининг катта қисмини эгаллайди. Бу давлат дунёдаги қора металл захираларининг 17 фоизига эгалик қилади.

Шунингдек, Бразилия Канада ва Россия билан биргаликда дунёдаги энг катта ўрмон фондига эга. Бразилия ҳудудида жойлашган Амазонка ўрмонларини Ер куррасининг “ўпкаси” деб ҳам аташади.

Бундан ташқари, Бразилия нефт ва табиий газнинг йирик конларига эга. Бироқ уларнинг захираси бўйича ўнталик рўйхатга кирмайди. Бразилиянинг табиий бойликлар захираси 21,8 триллион долларга баҳоланган.

8. Австралия, 19,9 триллион доллар.

Австралия дунёдаги ягона бутун бошли қитъадан иборат давлат ҳисобланади. Бу давлат дунёдаги аниқланган олтин захираларининг 14-15 фоизига эгалик қилади.

Шунингдек, дунёдаги уран захирасининг 46 фоизи Австралия ҳудудида жойлашган. Бундан ташқари, Австралияда нефт ва газ, кўмир ва турли металлар конлари бор.

Австралия табиий бойликларининг 5,3 триллиони мамлакатдаги ўрмонлар ҳисобига тўғри келади. Мамлакатнинг табиий бойликлар захираси 19,9 триллион долларга баҳоланган.

9. Ироқ, 15,9 триллион доллар.

Ироқнинг асосий табиий бойлиги нефт ҳисобланади. Бу давлат дунёда аниқланган нефт захираларининг 9-10 фоизига эгалик қилади.

Шунингдек, Ироқда табиий газнинг йирик захиралари бор. Бироқ бу давлат газ захиралари бўйича дунё рейтингида дастлабки ўнталикка кирмайди.

Бундан ташқари, Ироқ дунёдаги йирик фосфорит захираларига эга ва улар 1,1 триллион долларга баҳоланган. Бу давлатнинг табиий бойликлар захираси 15,9 триллион долларга баҳоланган.

10. Венесуэла, 14,3 триллион доллар.

Венесуэла Жанубий Америка қитъасининг шимолий қисмида жойлашган. Бу давлат ҳам дунё нефт захирасининг 8-9 фоизига, табиий газ захираларининг қарийб 3 фоизига эгалик қилади.

Венесуэла гарчи жуда катта нефт ва газ захираларига эга бўлишига қарамасдан бу давлат аҳолисининг турмуш тарзи мақтанарли эмас.

Бунга асосий сабаб, Венесуэлада асосий нефт ва газ конлари давлат тасарруфида. Ёки уларнинг бир қисми ҳеч қандай тендерсиз сиёсий элитага яқин бўлган компанияларга бериб юборилган.

Яна бир сабаб, бу мамлакатга Ғарб давлатлари томонидан иқтисодий санкциялар эълон қилинган. Қолаверса, Венесуэла анчайин ёпиқ давлат ҳисобланади.

Шу сабабли бу давлатда ўртача иш ҳақи ёки бошқа кўрсаткичлар халқаро ҳисоботларда йўқ. Венесуэланинг табиий бойликлар захираси 14,3 триллион долларга баҳоланган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид