Исроил ва АҚШ бошлаган урушнинг 34-кунида ҳам Эрондаги нишонлар бўйлаб зарба бериш давом этди – ижтимоий тармоқларда ракета базаси ва кўприк нишонга олингани акс этган видео тарқалди. Эрон Исроил ва қўшни мамлакатлар бўйлаб ракета учириш билан жавоб қайтарди. Бу вақтда Франция президенти Эмманюэл Макрон Ҳўрмуз бўғозини ҳарбий йўл билан очиш имконсизлигини айтди ҳамда Трампнинг у ва рафиқаси Брижит ўртасидаги муносабат ҳақидаги сўзларига кескин жавоб қайтарди.

Эрон бўйлаб зарбалар: кўприк ва ракета базаси шикастланди

Пайшанба куни Исроил ёки АҚШ Теҳрондан ғарбда жойлашган Караж шаҳридаги дарадан ўтган катта кўприкка зарба берди. Бу кўприк пойтахтни мамлакат ғарбидаги ҳудудлар билан боғловчи муҳим трассада қурилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу зарба оқибатлари акс этган видеони эълон қилди.

«Эрондаги энг катта кўприк қуламоқда ва ундан бошқа ҳеч қачон фойдаланилмайди. Тез орада янада кўпроқ янгиликлар бўлади!» – деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Кўприкка уюштирилган ҳужумга жавобан Эрон Исроил ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларидаги кўприкларни «нишон» деб эълон қилди.

Таъкидланишича, вайрон бўлган кўприк «Эрон муҳандислигининг дурдонаси» ва «Ислом Республикасининг фахрли рамзи» эди.

Қурилиши ҳали тугалланмаган В1 кўприги Яқин Шарқдаги энг баланд кўприклардан бири ҳисобланади: кўприк йўлининг узунлиги 1050 метр, уни тутиб турувчи устунлар баландлиги эса 136 метрни ташкил этади.

Эрон давлат нашрларига кўра, кўприк бўйлаб зарба вақтида саккиз киши ҳалок бўлиб, бир неча киши яраланган.

Шу куни Теҳронда ҳам портлаш овозлари эшитилган. Маҳаллий аҳоли вакиллари BBC форс хизмати мухбирига айтишича, шаҳар шарқида ва шимоли-шарқида камида саккиз марта портлаш рўй берган.

BBC Verify фактчекинг хизмати ҳам Эрон марказидаги Исфаҳон шаҳрида олинган ва ракета базасига йўлланган зарба акс этган учта видеонинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Видеоларда кучли портлашлар, жумладан, иккиламчи детонация ҳолати, аланга ва тутун устунлари, шунингдек, шаҳар томонга ҳамда база ёнидаги қирларга тушаётган парчаларни кўриш мумкин.

База тоғлар этагидаги Исфаҳон шаҳри жанубида жойлашган.