Ўзбекистон | 13:13 / 20.01.2024
8045
2 дақиқада ўқилади

Робахон Маҳмудова «Адолат» партияси раиси этиб сайланди

Бугун, 20 январ куни «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. 

Фото: Kun.uz

Пленумда партиянинг 2023 йилги фаолияти якунлари ҳамда 2024 йилги фаолият йўналишлари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, пленумда ташкилий масала кўриб чиқилди. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ўз аризасига мувофиқ, сиёсий кенгаш аъзоларининг очиқ овоз бериш йўли билан партия сиёсий кенгаши раиси лавозимидан озод этилди.

Партия раислигига Робахон Маҳмудова номзоди кўриб чиқилиб, сиёсий кенгаш аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.

Робахон Маҳмудова 1958 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, 1983 йилда Тошкент давлат университетининг «Ҳуқуқшунослик» факультетини тамомлаган. Муқаддам Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси лавозимида ишлаган, 2017-2020 йилларда Ўзбекистон президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири бўлган.

2020 йил январида Фарғона вилоятидан сенатор этиб сайланган, кейинроқ Сенатнинг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимига сайланганди.

У 2020 йил июл ойидан буён Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Робахон Маҳмудова 2023 йил июн ойида ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этганди.

Мавзуга оид