Ўзбекистон | 17:49 / 20.02.2023
12076
5 дақиқада ўқилади

Савдо-иқтисод, туризм ва маърифат – Ташриф Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигида нималарни ўзгартиради?

20-21 февраль кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Мисрда бўлади. Араб давлатлари орасида Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ушбу давлат билан бизни нималар боғлаб туради, ҳозирги ҳамкорлик ҳолати қай даражада? Бугунги мақоламизда шу ҳақда сўз юритамиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

Айни вақтда расмий ташриф билан Миср Араб республикасига борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бир қатор муҳим учрашувлар ўтказиши назарда тутилган. Хусусан, ташрифнинг биринчи кунида қатор маданий тадбирлар, Мисрнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ва бизнес доира вакиллари билан учрашув бўлиб ўтади.

Иккинчи кунда расмий кутиб олиш маросими, шунингдек, икки мамлакат делегациялари иштирокида давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади. Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Миср муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратилади.

Умуман олганда, бу ташриф нима мақсадда амалга оширилмоқда ва ундан қандай кутилмалар бор?

Миср – араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб – 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган мамлакат ҳисобланади. Дипломатик муносабатлар 1992 йил 23 январда ўрнатилган. 1993 йил майда Тошкентда Миср элчихонаси очилди. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси 1994 йил декабрь ойидан фаолият юрита бошлади.

Ҳозирда Миср билан кўптомонлама ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. 2018 йил 4-5 сентябрда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Олий даражадаги музокаралар якунида 4 та ҳукуматлараро, 7 та идоралараро ҳужжат имзоланди.

Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси 2022 йил 4 февралда Пекинда ўтказилган қишки Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими доирасида ҳам учрашган.

2022 йил 25-26 май кунлари Қоҳирада икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари аро сиёсий маслаҳатлашувларнинг 10-давраси бўлиб ўтди.

2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммитида доирасида Мисрга ШҲТнинг «Мулоқот бўйича ҳамкори» мавқейини бериш ҳақида ҳужжат имзоланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Миср БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида бир-бирининг ташаббусларини ўзаро қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ҳозирги кунда икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини жами 56 та ҳужжат ташкил этмоқда, шундан 14 таси ҳукуматлараро ва 42 таси идоралараро битим ва меморандумлардир.

2022 йил якунига кўра, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 30,5 миллион долларни (экспорт – $23,1 млн, импорт – $7,4 млн) ташкил этди. 2021 йилда бу кўрсаткич 37,2 миллион доллар бўлганди.

Мисрлик ишбилармонлар иштирокида Ўзбекистонда 29 та корхона фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, ҳозирги кунда Мисрнинг «Solyphar» компанияси билан биргаликда Тошкент вилоятидаги «Бўстонлик-фарм» эркин иқтисодий зонасида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи завод қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда (лойиҳа қиймати 20 миллион доллар). Қашқадарё вилоятида гепатит «С»га қарши дори воситаларини ишлаб чиқариш ($1,4 млн) ва Наманган вилоятида балиқчилик хўжалигини ташкил этиш ($1 млн) лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида “One World Pharma” ва “Kapo Agri” компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигида диний-маърифий соҳа алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ва Миср бағрикенглик тамойилларини, муқаддас ислом динининг маърифий қадриятларини тарғиб қилиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини авайлаб-асраб, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, турли таҳдид ва хавфларга қарши курашиш тарафдоридир.

2018 йилнинг 10-13 октябрь кунлари Миср Бош имоми, «Ал-Азҳар» мажмуаси шайхи Аҳмад ат-Тоййиб Ўзбекистонга келди. Сафар мобайнида Аҳмад ат-Тоййиб президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

2019 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг «Мумтоз шарқ филологияси» факультети таркибида «Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар» (Миср) кафедраси фаолият юритмоқда.

Туризм соҳасида катта салоҳият ва тажрибага эга Миср билан соҳадаги ҳамкорлик 1995 йилда имзоланган ҳамкорлик келишуви доирасида амалга оширилади. Ҳозирда ушбу ҳамкорлик алоқалари фаоллаштирилмоқда.

2018 йил 6 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати билан Миср Араб Республикаси ҳукумати ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди. 2020 йилнинг сўнгги чорагидан бошлаб ҳар ҳафтада бир мартадан «Тошкент-Шарм аш-Шайх», «Қоҳира-Тошкент» йўналишида тўғридан тўғри рейслар амалга оширилмоқда. Мисрлик уламо, доктор Абдулҳодий ал-Қасабий Ўзбекистоннинг Мисрдаги «Зиёрат туризм элчиси» этиб тайинланган.

Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга ташрифи икки давлатни янада яқинлаштириши ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очиши кутилмоқда.

Мавзуга оид