Ўзбекистон | 11:15 / 13.08.2023
18984
14 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг ташриф қоғози – пойтахт мозаикалари қандай пайдо бўлган?

Тошкентдаги кўп қаватли уйлардаги бир-биридан фарқли, ранг-баранг мозаикаларни кўрган бўлсангиз керак. Улар аллақачон Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган – туристлар учун улар қизиқарли санъат асарларидир. Мозаикалар 1966 йилдаги даҳшатли зилзиладан кейин вужудга келган – собиқ СCСР давлатлари бу санъат намуналарини биргаликда яратган. Kun.uz пойтахт мозаикаларининг тарихи, архитекторлар нега уйларни мозаикалар билан безатгани, улар қандай маъно англатиши ҳақида видео тайёрлади.

Мозаикалар – собиқ иттифоқ давлатларининг биргаликда яратган санъат асари

Тошкент мозаикалари – биз уларнинг олдидан бошимизни ҳам кўтармай ўтиб кетамиз. Лекин Ўзбекистонга келган туристлар учун пойтахт мозаикалари шу қадар ўзига хоски, бундай архитектура намуналарини бошқа шаҳарларда учратиш қийин дейишади. Улар мозаикалар билан безалган уйлар ёнида албатта расмга тушиб кетади.

Мирзо Улуғбек тумани, Элбек кўчасидаги мозаика. Фото: Kun.uz

Архитектура фанлари номзоди, профессор Абдуманноп Зиёевнинг айтишича, ўзбекистонликлар мозаикаларга эътиборли бўлмаса-да, чет элликлар уларни жуда аҳамиятли, бошқа жойларда учратиш қийин бўлган бебаҳо архитектура намунаси деб билади. “Бизда Ўрта Осиёда сирли безак билан биноларни ясатиш анъанаси бор. Чет элликлар деворларни ҳам шундай безатганингиз яхши бўлган, уларда ўзига хослик бор дейишади” , — дейди профессор.

Маълумотларга кўра, ҳозир Тошкентдаги 150та бинонинг фасад қисмида тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар бор. Хўш, бутун шаҳарнинг қиёфасига кўрк бўлиб турган мозаикалар қандай пайдо бўлган?

Аслида, улар сейсмик модернизм намуналари бўлиб, Тошкент зилзиласидан кейин вужудга келган, Мозаикалар архитекторларнинг ажойиб топилмаси бўлиб қолмай, улар собиқ СССР давлатларининг биргаликда яратган санъат асари ҳамдир.

1966 йилда Тошкентда содир бўлган даҳшатли зилзила туфайли 300 мингдан зиёд аҳоли бошпанасиз қолади, 2236та маъмурий бино, 700га яқин савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари ва мингга яқин бошқа бинолар зарар кўради. Талафотдан кейин Тошкентни қайта барпо этиш ва жуда кўп аҳоли турар жойларини қуриш керак эди. 

1966 йилда Тошкентда содир бўлган зилзила. Фото: Kun.uz. Манба: Кинофотофоно ҳужжатлар архиви

Архитектура фанлари номзоди, профессор Абдуманноп Зиёевнинг айтишича, зилзиладан кейин янги Тошкент вужудга келган.

“Зилзила оқибатида шаҳарда шаҳарсозлик жиҳатдан салбий оқибатлар ҳам бўлган, аммо янги Тошкент вужудга келган. Шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган бинолар жуда кўп шикастланган.

Абдуманноп Зиёев. Фото: Kun.uz

Собиқ СССР таркибидаги 15та давлатнинг барчаси Тошкентга ўз қурувчиларини юборган. Бош режа бўйича ҳудудлар бўлинган, ҳар бир республика кучига қараб жой олган. Кучли қурилиш базасига эга республикалар марказий жойларни қайта тиклаган. Улар ўзлари қурган биноларни абадийлаштиришни хоҳлашган. Қозоғистон қурган турар жойлардан бирида кекса киши ва ёнида рақсга тушаётган аёл тасвирланган мозаикалар бор. Айрим жойларда Украина қурувчилари 110-мактабда Тарас Шевченко ҳайкали билан уйғунлаштирган ҳолда мозаикасини қуриб қўйишган. Ҳозирги кунда булар ҳам маданий мерос ҳисобланади. Лекин ҳар биттаси (республика) ўзини тарихда қолдиришга ҳаракат қилган”.

Тошкент мозаикалари анъанасига ким асос солган?

Тошкентдаги деярли ҳар бир тўққиз ва беш қаватли бинонинг деворлари шарқона, орнаментал услубдаги улкан мозаик панеллар билан безатилган. Тошкентдаги кўп қаватли уйларга мос бу хусусиятини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Лабзак кўчасида жойлашган турар-жойлардаги мозаика. Foto: фотограф Никита Перфильев

Бу мозаик паннолар анъанасига ака-ука архитекторлар – Пётр ва Николай Жарскийлар асос солган. Улар Францияда россиялик муҳожирлар оиласида туғилган. 1947 йилда бутун оила Россияга қайтади. Ленинград рассомлик университетини тугатган ака-укалар 1966 йилда Тошкентни қайта тиклашга юборилган.

Николай Жаркий Тошкентга келишини шундай эслайди:

“Питер билан 1966 йилда кучли зилзиладан кейин шаҳарни тиклаш учун Тошкентга келиб, темир-бетон буюмлар заводига рассом бўлиб ишга жойлашдик. Беш ва тўққиз қаватли биноларда бизнинг эскизларимиз бўйича мозаик паннолар яратилди. Натижада типик биноларга эга Тошкент ранг-баранг ва шарқона безакли, ўзига хос шаҳарга айланди”.

The Mag журналининг ёзишича, биринчи мозаик панно Муқимий кўчасидаги 9 қаватли турар жой биносида ўрнатилган. Кейин Пётр Жарскийнинг иши меъморлар орасида машҳур бўлди. Дастлаб янги кўп қаватли бинолар учун мўлжалланган санъат кейинчалик кириш эшикларида, фавворалар, гумбазлар ва ҳатто метро станцияларида пайдо бўла бошлади. Ака-ука меъморлар 20 йилдан ортиқ меҳнат фаолиятида 400дан ортиқ кўп қаватли турар жой биноларига безак берган.

Ака-укалар нега уйларни мозаикалар билан безаган? 

Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, зилзиладан кейин шаҳарда шошилинч тарзда жуда кўп панел уйлар қуришга тўғри келган. Уйлар шакли бир хил бўлиб, унчалик жозибадор бўлмаган. Шу сабабли Жарскийларнинг ғояси асосида кўп қаватли уйлар мозаикалар билан безатилган.

Экспомарказда жойлашган мозаик панно. Фото: фотограф Никита Перфильев
Экспомарказда жойлашган мозаик панно. Фото: фотограф Никита Перфильев

“Ташкент Модернизм” лойиҳаси муаллифи Александр Федоровнинг айтишича, ўзида эркинлик кайфиятини акс эттирган архитектура стили – модернизм Тошкентга зилзиладан кейин кириб келган. Унинг фикрича, шу сабабдан Тошкент архитектураси сейсмик модернизм архитектураси деб аталади. 

“У оптимистик руҳга эга, чунки ер қимирлаганидан кейин шаҳар кўп одамларга бағрини очган, бир пайтлар қийинчиликлар туфайли Тошкентни тарк этганлар уни қайта қуриш мақсадида қайтган.

Александр Федоров

Машҳур немис архитектори Флипп Мозеров Тошкент дунёдаги энг чиройли бетон турар жойларга эгалигини айтади. “Ҳеч қайси постсовет ёки Европа давлатларидаги турар жойларда қуёшдан сақловчи элементлар ёки бир-бирини такрорламайдиган мозаикаларни учратмайсиз. Улар носталгик кайфият учунлиги эмас, аксинча бир гуруҳ шахслар иккинчи гуруҳга максимал қулай бўлиши учун қуриб берган уйлар бўлгани учун ҳам диққатга сазовор. Уларни шунчаки бузиш ёки йўқотиш керак эмас. Ҳар доим айтаман, бузишдан кўра сақлаб қолиш осонроқ. Архитектура қоидаларига мос равишда сақлаб қолган яхшироқ”, — дейди у.

Фото: фотограф Никита Перфильев

Александрнинг таъкидлашича, уйларни қурган ёки лойиҳалаган одамларнинг хаёлида коммунизмни тарғиб этиш бўлмаган.

“У шунчаки гўзаллик учун қилинган ва ҳеч қайси идеологияни тарғиб қилмайди. Шу сабабли уларни коммунизм сарқити деб бузиш нотўғри. Тўғри, агитацион мозаикалар ҳам бор, лекин улар Тошкентда жуда кам қўлланган”, — дейди у.

Мозаикалар қандай қурилган? 

Архитектор Абдуманноп Зиёевнинг айтишича, мозаикаларни қуриш технологик жиҳатдан қийин иш бўлмаган.

“Панелларни пастда тайёрлаб, деворга ёпиштиришган. Архитекторлар ва рассомлар нақшлар устида жиддий ишлаган”, – дейди у.

Архитектор Равшан Тўхтаев мозаик панеллар қандай тайёрланиши ҳақида гапириб берди. Мутахассис жараён мураккаб туюлса-да, аслида, эскизлар тайёрлаб олинса, улар асосида панелларни қуйиш техник жиҳатдан қийин иш эмаслигини айтади. Шу сабабли шошилинч қурилган уйларни безашда мозаикалар ажойиб ечим бўлган.

Равшан Тўхтаев

“Уйлар атрофини безатиш учун “дом”ларнинг ёнбошига мозаика қилишга қарор қилишган. Уларнинг бетони заводнинг ўзида қилинган. Ака-ука Жарскийларга “дом”ларни чиқарадиган комбинатдан устахона беришган, улар устахонада кўмир билан эскизларни чизган. Панелнинг ҳажми тахминан 3х3 бўлган, шу катталикдаги қоғозларга мозаиканинг расми чизилган. Қаерда қанақа ранг бўлиши ёзиб қўйилган.

Эскиз тайёр бўлганидан кейин бошқа устахонага олиб чиқиб, [эскизлар] ерга ёйилган ва 5х5 парчалардан йиғилган. Парчаларни йиғаётганда уларнинг орасида 3-4 миллиметр чок қолдириб кетилган. Уларни бир-бирига елимлаб чиқишган. Аммо бу жараёнда қаерда қандай хатолик борлиги кўринмаган. Чунки эскизнинг юзи тескари турган, елимлаётган одамга унинг тескари томони кўриниб турган. Хатони фақат мозаика битгандан кейингина тузатиш мумкин эди, яъни хато кетган жойи уриб туширилиб, тузатилиб қайта елимланган. Бошқачасига тузатиб бўлмайди.

Кейинги босқичда панел қолипининг тагига керамика (юзини пастга қаратиб) қўйилган ва устидан бетон қуйилган. Шунда керамиканинг орқа томонига бетон қуйилади-да,орасидаги чоклари ҳам бетонга тўлади ва панел мустаҳкам бўлади. Қуригандан кейин, бетоннинг юзида қоғоз кўрамиз, қоғоз сувда ювиб ташланади. Керамика сувдан қўрқмайди; қоғоз ювиб ташлангандан кейин мозаика кўринади. Тайёр панеллар жойига олиб бориб монтаж қилинади”, — aрхитектор.

Архитекторлар мозаикалар билан нималарни ифодалаган?

Уйлар сейсмологик ҳолати ва дизайн ҳолатига кўра фарқларга эга. Аксарият турар жойлардаги мозаикалар (уларни 15та собиқ СССР давлатлари қурган бўлса-да) битта халққа тегишли эмас.

Мозаикалар учун Марказий Осиё маданиятини акс эттирувчи тор йўналиш танланмаган. Улар ностандарт визуаллар, нақшларни ифодалаб, айнан бир мозаикани бирор давр ёки халққа тегишли дейиш қийин. Уларда кўпроқ шарқий орнаментлардан фойдаланилган, қуёш, сув ёки айрим жойларда бодом нақшларини кўриш мумкин. Ўзбекистонда турли халқлар яшаган, эҳтимол нақшлар Марказий Осиё халқларининг умумий ҳолатидан келиб чиқиб тасвирланган. Аксар мозаикаларда бирор жой ёки давр ифодаланмайди.

Мирзо Улуғбек тумани, Элбек кўчасидаги мозаика. Фото Kun.uz

“Баъзи мозаикалар одам тасвирланадиган жанрда чизилган, қаердадир болалар, қаердадир аёллар тасвири бор. Яна қаердадир қуёш ва яна табиатни учратиш мумкин. Сюжет мозаикаларда эса муайян сюжет акс этган. Анъанавий элементларда урф-одатлар мужассам бўлади, лекин айнан бирор маънога эга бўлмайди. Масалан, Лабзакдаги мозаикаларда космонавтларга кўпроқ урғу берилган, миллий нақшлар ва самолёт, баъзи жойларда миллий нақшлар ва ҳаво шари, баъзи жойларда космонавтлар ва миллий нақшлар уйғунлашган.

Айнан бир мозаикани муайян давр ва ҳолатни ифодалайди деб айтиб бўлмайди. Тошкентдаги мозаикаларда социалистик, яъни бир томонда Ленин ва яна бир томонда Сталин, ёки бир томонда “ўқиш, ўқиш, ўқиш” деган пропаганда умуман йўқлиги учун улар менга жуда ёқади”, — дейди Александр Федоров.

Унинг таъкидлашича, мозаикалар одамларга нимадирлар ҳақида сўзламаса ҳам умумий визуал маданиятни ўзида сақлаб келади. Айнан “тур, ўқи, ишла” каби чақириқ ва шиорларни уқтирмоқчи бўлмайди, чунки улар вақтдан ташқарида.

Мозаикаларга муносабат: уларни қандай асраш керак?

Афсуски, сўнгги йилларда Тошкентдаги мозаикаларга нисбатан ёмон муносабатга гувоҳ бўлдик. Уларнинг бир қисми бўяб ташланди. Жамоатчиликнинг эътирозларидан кейин мозаикаларни бўяш тўхтатилди.

Архитектор Равшан Тўхтаевнинг фикрича, бирор мозаикали бино инвесторга сотилганда унинг зиммасига мозаикани асраб қолиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказишни юклаш керак.

У яқинда бузилиш хавфи остида қолган “матбуотчи” мозаикаси ҳақида гапираркан, унга ҳам шундай муносабатда бўлиш кераклигини айтади.

Александр Федoров эса мозаикалар қурилганидан бери ҳеч ким уларга қайғурмагани ва таъмирламаганини айтади. Унинг фикрича, давлат томонидан қилиниши керак бўлган ягона иш уларни бузиш, тегиниш, ҳар хил рекламаларни илишни тақиқлаш бўлади.

“Мозаикаларни тозалаш, ювиб туриш керак, яхшироқ эътибор бериш керак. Бу биринчи қадам, иккинчиси – мозаикаларни эҳтиёткорлик билан бўяш лозим. Айнан шу масалада ишлайдиган мутахассислар бор, улар реставрацияга ёрдам беради.

Мозаикаларни тунда ёритиш керак, улар бўртиб чиққани учун ҳар хил рангда товланади, керакли бурчакдан кўринадиган қилиш керак, холос. Уларни ёритишга рағбат уйғотиш учун, тадбиркорларни жалб қилса бўлади. Масалан, мозаикаларни ёритиш харажатларини кўтараётган компания бинонинг бир бурчагига ўзининг рекламасини қўйса бўлади. Бу бизнесга ҳам реклама ва ҳам шаҳарнинг кўрки очилади, одамлар эса бундан баҳра олади. Мозаикалар асрлар давомида туради. Давлат камроқ пул сарфлаб, бизнес ўзини реклама қилиш орқали уларга эътибор қаратиши керак – шу энг тўғри йўли”, — дейди Александр.

Foto: Никита Перфильев

2021 йилда Тошкентдаги мозаикаларга маданий тарихий мерос мақомини бериш таклиф қилинган. Тошкент шаҳар маданият бошқармаси мутахассиси Шоҳрух Ҳошимовнинг айтишича, мозаикаларни Ўзбекистон Республикаси маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритиш бўйича берилган таклиф асосида мозаикаларнинг тарихи, уларнинг жойлашуви ва ҳозирги ҳолати ҳақида маълумотлар йиғилган.

“Бу борада Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилмоқда. Улар маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгандан кейин белгиланган тартибда асраб-авайланади. Уларни таъмирлаш бўйича тизимли ишлар ташкил қилинади”.

Александрнинг айтишича, Тошкентни кўпчилик советча қурилган деб ўйлайди, лекин Тошкент модернист шаҳар.

“Баъзан туристлар мозаикаларни кўрсатишни сўрашганида, уларни қаерга олиб боришни билмайман, чунки уларнинг аниқ жойлашуви борасида аниқ маълумотларим кам.

Мен одамларни шаҳримизни севиш ва унга қайғуришга чақираман. Атрофдаги нарсалар бизни ташкил қилади. Яхши, гўзал шаҳарда яшасак, атрофимиз чиройли бўлса, ҳаётимиз ҳам гўзаллашади”, — дейди у.

Муаллиф – Мадина Очилова.
Операторлар – Муҳиддин Қурбонов,
Нуриддин Нурсаидов, Жавоҳир Ғайратов.
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид