Ўзбекистон | 12:40 / 08.09.2019
37750
2 дақиқада ўқилади

Оқдарё туманида давлат хизматчилари пичоқлангани ҳақидаги хабар юзасидан расмий маълумот берилди

7 сентябрь куни Kun.uz сайтида Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани ҳокимлигида давлат хизматчилари бўлган уч киши номаълум шахс томонидан пичоқлангани тўғрисида хабар берилганди. Самарқанд  вилоят Ички ишлар бошқармаси ушбу ҳодиса юзасидан расмий маълумот тақдим этди.

«Тўпланган ҳужжатларга кўра, 2019 йил 6 сентябрь куни соат 18:00ларда Оқдарё туманида А.Б. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда туман «Агробанк» биносига келиб, ҳеч бир сабабсиз жанжал чиқариб, ёнида бўлган йиғма пичоқ билан банк ходимлари Н.Ш., У.Ҳ. ва Қишлоқ хўжалиги бўлими ходими Р.Ж.ни уриб, тан жароҳати етказган вақтда бинода хизмат олиб бораётган туман ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, ундан бир дона йиғма пичоқ далилий ашё сифатида олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан 6 сентябрь куни Оқдарё тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган», дейилади хабарда.

6 сентябрь куни ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган уч кишига нисбатан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

7 сентябрь куни куни А.Б. ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш») билан гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, шу куни ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Мавзуга оид