Ўзбекистон | 14:59 / 08.10.2021
12986
2 дақиқада ўқилади

9 ойда 78 000 000 000 сўмлик табиий газ ўғирланди - Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги 2021 йил 20-24 сентябр кунлари ўтказган махсус рейд давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланилаётган 67та ҳолатни аниқлади. Ушбу ҳолатларда салкам 1 млн 400 минг куб метр табиий газ ноқонуний истеъмол қилинган. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, 20-24 сентябр кунлари ўтказилган махсус рейд чоғида жами 1 миллион 379 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Таққослаш учун, ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 130 минг хонадоннинг 1 кунлик газ истеъмолини ташкил қилади. Ушбу ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.

Энергетика вазирлиги

 

Шу ўринда жорий йилнинг 9 ойида республика бўйича жами 2 минг 535 та табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг натижасида 86 миллион 923 минг куб метр ёки 77 миллиард 877 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Бу рақамлар қиёсланадиган бўлса, ушбу миқдордаги ҳажм ҳозирги кунда 40 минг хонадоннинг қарийб 1 йиллик истеъмолини ташкил этади.

Энергетика вазирлиги

2021-2022 йилги куз-қиш мавсумида табиий газ таъминоти бўйича юридик истеъмолчиларга 18 млрд куб метр, аҳоли истеъмолчиларига эса 11 млрд куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу эса, ўтган мавсумга нисбатан 3 миллиард куб метрга кўп демакдир.

 Вазирлик, шунингдек, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 318 минг 600 тонна суюлтирилган газ етказиб берилишини маълум қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 13 минг тоннага кўп экани таъкидланган.

 Таъкидланишича, барча аниқланган ҳолатлар бўйича жамланган маълумотлар тегишли чора кўриш учун прокуратура идораларига тақдим этилган. 

Мавзуга оид