Ўзбекистон | 19:57 / 26.01.2021
10546
3 дақиқада ўқилади

Божхона постларига медиа тур: ичкарида нималар содир бўлади?

26 январь – божхона ходимлари куни. Kun.uz соҳа вакилларини касб байрами билан табриклаб, божхоначилар фаолиятига оид репортажни тақдим этади.

Тошкент шаҳар божхона қўмитаси божхона постлари ва омборларида иш жараёнлари қандай ташкил этилгани билан таништириш мақсадида ОАВ учун медиа тур ташкил этди.

Пресс-тур аввалида журналистлар «Тошкент-товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида бўлишди.

«Темирйўл контейнерларида олиб келинган юклар манзил божхона постларига йўналтирилгач, темирйўл составлари божхона назорати зонасига жойлаштирилади.

Божхона назорати зонасига жойлаштирилган товар ва транспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилади. Декларациялар «хавфни бошқариш тизими» орқали «яшил», «сариқ», «қизил» йўлакларга йўналтирилади», – дея тушунтирди «Тошкент-товар» ТИФ божхона пости инспектори Баҳодир Сафаров.

Маълум қилинишича, «Тошкент-товар» ТИФБПда 2020 йил давомида 86 422 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилиб, давлат бюджетига қарийб 4 трлн сўм тўловлар ўтказилган.

Бу пост орқали тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган 384 млн доллардан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.

Пост бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати майори Фарруҳ Маҳмудов божхона органларидаги автоматлаштирилган «хавфни бошқариш тизими» ҳақида маълумот берди.

«2018 йилдан буён божхона органларида хавфни бошқариш тизими ишга тушган. Божхона органларида юк декларациялари ушбу автоматик тизим орқали инсон омилисиз «яшил», «сариқ», «қизил» йўлакларга ажратилади», – дейди у.

Божхоначининг таъкидлашича, «яшил» йўлак – энг соддалаштирилган тартиб ҳисобланиб, унда ҳеч қандай божхона кўригисиз, ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмай, расмийлаштирув амалга оширилади. «Сариқ» йўлакда ҳужжатли назорат ўтказилади, бунда ходимлар томонидан ҳужжатлар электрон маълумотлар билан солиштириб текширилади; номувофиқликлар аниқланмаса, ҳужжатлар расмийлаштириб берилади. «Қизил» йўлакда эса божхона кўриги (божхона экспертизаси) ўтказилади.

Пресс-тур доирасида «Aрқбулоқ» ТИФ божхона пости фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди.

Объект «Highway logistics center» логистика марказида жойлашган бўлиб, ташқи иқтисодий фаолиятдаги экспорт-импорт операцияларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мазкур божхона постида Ягона дарча божхона ахборот тизими орқали Товар ва транспорт воситаларига берилган рухсат этувчи турдаги ҳужжатларни онлайн тарзда кўриш ва текшириш механизми жорий этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан бошлаб, 26 январь – Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланган.

Мадина Очилова тайёрлади.
Тасвирчи ва оператор – Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид