Ўзбекистон | 19:53 / 16.09.2024
3495
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон АҚШ билан божхона соҳасидаги ҳамкорликка оид битимни имзолади

Битим гиёҳванд моддалар ва одам савдоси, трансмиллий жиноий гуруҳлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, божхона тўловларидан бўйин товлашга қарши курашишга қаратилган. АҚШ божхона соҳасидаги бундай келишувни шу пайтгача фақат 17 та давлат билан имзолаган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Шу кунларда Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмалхужа Мавлонов Вашингтонда АҚШнинг Божхона чегара хизмати комиссари Трой Миллер билан икки томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон—АҚШ божхона хизмати раҳбарлари божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим ҳуқуқий асоси — «Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида»ги битимни имзолаган.

«Ўзаро муносабатларда янги саҳифа очувчи мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида божхона соҳасида ахборот алмашиш имконини беради ва гиёҳванд моддалар савдоси, одам савдоси, трансмиллий жиноий гуруҳлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, божхона тўловларидан бўйин товлашга қарши курашишда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, АҚШ божхона соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи бу каби икки томонлама битимларни дунё бўйлаб 200 га яқин давлатлар ичида атиги 17 та давлат билан имзолаган бўлса, Ўзбекистон бу рўйхатда 18-давлат сифатида қайд этилмоқда.

Музокараларда, шунингдек, АҚШ чегара ва божхона хизматининг таргетлаш бўйича мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг АҚШда малака ошириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилган.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг АҚШ билан товарлар ташқи савдоси сўнгги олти йилда 48 фоизга ошган. Жорий йилнинг саккиз ойида бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 64 фоизга ўсган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид