Ўзбекистон | 09:03 / 03.03.2021
59904
2 дақиқада ўқилади

Қачонгача янги автомобил олган одам сифатсиз баллонни алмаштиради? — UzAuto Motors раҳбари жавоби

Олий Мажлис депутатлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини UzAuto Motors АЖ ва “Ўзавтосаноат” тизимидаги корхоналар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил қилинган махсус тадбир давомида ўтказилган матбуот анжумани давомида Kun.uz мухбири UzAuto Motors мутасаддисига савол берди.

“Бозордан ёки автосалондан машина сотиб олган харидорлар, айниқса, Spark ва Nexia харид қилганлар тўртта баллонини алмаштиришга мажбур бўлишади. Машинани олади-ю, миниб кетавермайди. Бозордан бошқа баллон олишга тўғри келади. Мана шу автомобилларга бирданига сифатли баллонлар қўйиб, кейин сотувга чиқаришнинг имкони йўқми?” - дейилди саволда.

UzAuto Motors компанияси директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабовнинг сўзларига кўра, автомобилга нотўғри баллон қўйиб қўйилса, бу хавфсизликка таъсир қилади.

“Onix’ни, унинг баллонини кўрдингиз-а? Мана шу машина ихтиро бўлиши учун 5 йил вақт кетган, “А”дан бошлаб “Я”гача боргунча 5 йил кетган. GM муҳандислари ихтиро қилди. Айнан шу баллон Onix’га тўғри келади. Нимага? Чунки унинг тормоз олиш йўналиши, оғирлигига чидамлилиги бор ҳамда у қиммат бўлмаслиги керак. Биз бошқа баллон қўйишимиз мумкин. Лекин у талабдан ташқари бўлади, хавфсизлигига эътиборсизлик бўлади, қимматлашишга олиб келади. Шунинг учун, масалан, Tahoe’нинг ғилдирагини Spark’га қўймайсиз, тўғрими? Чунки Tahoe’да ўзига яраша дюйми, баландлиги, оғирлиги бор, қишда, совуқда тормоз олиш йўналишини ҳисобга олганда ва каттароқ баллон қўйганда, машинанинг бензин харажати ҳам ошиб кетади. 

Рустам Ражабов

Нотўғри баллон қўйиб қўйса, бу хавфсизликка таъсир қилади. Сўнг автомобилнинг эгаси “машинамнинг бензин харажати ошиб кетди”, дейди. Шунинг учун сертификатлаш деган нарса бор. Россияда “Росстандарт”, Қозоғистонда “Казахстанстандарт”. Ҳар бир давлатга олиб бориб, тестини ўтказиб, ҳар биттасини маъқуллатиб, кейин сотишга рухсат берамиз”, -дейди UzAuto Motors директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов. 

Мавзуга оид