Иқтисодий тараққиёт ва Олий таълим вазирликларига эслатма: Тошкент Халқаро Вестминстер университети нодавлат эмас, давлат муассасаси ҳисобланади
Куни кеча эълон қилинган президент қарори лойиҳасида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети нодавлат таълим ташкилоти сифатида эътироф этилган. Аммо аслида ундай эмас. Ҳукумат қарори билан ташкил этилган ТХВУ таъсис ҳужжатларига кўра тўлиқ давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Хабарингиз бўлса керак, 2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Лойиҳага мувофиқ, келаси ўқув йили учун нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрлари 56 нафар этиб белгиланиши ва уларнинг ОТМ ва ташкилотлар бўйича кесими 5-иловага мувофиқ тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.
Қарор лойиҳасининг 5-иловаси сифатида тиркалган “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари”да Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети нодавлат таълим ташкилоти сифатида кўрсатилиб, вазирлик ва идоралар учун Молия ва иқтисод йўналишлари бўйича 6та давлат гранти ажратилиши белгиланган.
Аммо, масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, лойиҳада Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети нодавлат таълим ташкилоти сифатида талқин қилиниб, хатога йўл қўйилган. Боиси, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Университет проректори Низом Қодиров Human.uz сайтига берган интервьюсида шу ҳақида гапириб, жумладан, сайт мухбирининг саволларига қуйидагича жавоб берган:
“Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети 2002 йил 16 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилган. Ҳамкоримиз Лондон (Буюк Британия)даги Вестминстер университети, яъни уларнинг [ўқув] дастурларини университетда жорий этганмиз. Бу филиал эмас, Ўзбекистон давлат университети, статуси ҳақиқатан ҳам давлат университетидир”.
Шунингдек, Низом Қодиров бу университет очилиши учун давлат инвестиция киритгани, бино билан таъминлагани ва шу важдан давлат таълим муассасаси эканини айтади.
Kun.uz вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети билан боғланиб, унинг устави (низоми) ва давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳномаларидан нусха сўради. Университетнинг юридик хизмати ходими ТХВУ ҳақиқатан ҳам давлат ташкилоти эканини, у нима сабабдан қарор лойиҳасига нодавлат ташкилот сифатида кириб қолганлиги сабаблари ўрганилаётганини ва бу бўйича тегишли ташкилотга ўз таклифларини юборишларини маълум қилди.
Шундай экан, адолат нуқтайи назаридан Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ҳам қарор (лойиҳа)нинг 1-иловаси сифатида қайд этилган 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари рўйхатидан жой олиши лозим.
Лойиҳа ижодкорлари энг биринчи галда президент қарори ҳар томонлама мукаммал ва қусурлардан холи бўлишини таъминлаб, қолаверса оддий фуқароларнинг ҳам халқаро мақомга эга-ю, аслида давлатники бўлган нуфузли олийгоҳларда грант асосида таҳсил олишларига замин яратишга масъулдирлар.
Лойиҳа муҳокамаси 10 апрелга қадар давом этади. Умид қиламизки, лойиҳани ишлаб чиққан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги қарор лойиҳаси давлат раҳбари тасдиғига киритилгунига қадар Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг таъсис ҳужжатларини кўздан кечириб, лойиҳани шунга мувофиқ такомиллаштиради.
Қолаверса, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети раҳбариятини ўзларини давлат муассасаси эканини билгани ҳолда, лойиҳадаги бу хатоликка жим қараб турмасликка, президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатишга чақириб қоламиз.
Лойиҳа юзасидан таклиф ўлароқ билдирган бу фикрларимиз инобатга олинадими ёки йўқ, буни қарор имзоланиб, расман эълон қилинганда билиб оламиз.
Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
13:05 / 19.02.2022
Вазирлик талабаларнинг президент стипендияси бўйича мурожаатига раддия берди. Айрим саволлар очиқ қолмоқда
22:02 / 20.01.2022
Расман: Талабалар ҳам онлайн ўқийди
12:15 / 14.04.2021
Олий ва ўрта махсус таълим вазирига матбуот котиби тайинланди
20:29 / 24.12.2020