Kun.uz президент стипендиясига номзод талабаларнинг танлов аниқ баҳолаш мезонларисиз ўтгани ва ҳакамлар қўйган баллар эътирозларга сабаб бўлгани ҳақидаги мурожаатини эълон қилганди. Мазкур мурожаатга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати томонидан раддия эълон қилинди.

Вазирлик ушбу мақолада кўрсатилган важларни асоссиз деб ҳисоблайди ва эътирозлар юзасидан қуйидаги батафсил маълумотларни келтиради.

Дастлаб, танлов босқичлари ҳақида қисқача. Ҳужжат топшириш жараёнларини рақамлаштириш орқали жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасалари томонидан ҳар бир номзодга тегишли бўлган ҳужжатлар тўплами янги ишлаб чиқилган stipendiya.edu.uz платформаси орқали қабул қилиниши йўлга қўйилди. Бу эса талабанинг турли йиғма жилдлар тўплаши, ортиқча харажатлар қилишини батамом бартараф этиб, уларга қулайлик яратди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ўтган йиллар давомида ҳужжат топширишда инсон омилининг аралашуви сабаб айрим талабаларда бу борада ҳақли эътирозлар ҳам бўлган.     

Шундан сўнг, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг танловни ўтказиш бўйича буйруғи қабул қилинади. Ушбу ҳужжат билан магистратура талабалари орасидан ғолибларни ёпиқ овоз бериш орқали танлаб олиш бўйича махсус танлов комиссияси таркиби ҳамда талабгорларнинг таълим ва илмий (ижодий) тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича экспертлар гуруҳлари тасдиқланади. Эътибор қаратиш лозимки, танловларнинг адолатли, юқори масъулият билан ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида махсус танлов комиссияси таркиби олий ўқув юртлари ректорлари, вазирлик масъуллари ҳамда бошқа идора ва ташкилотлар мутасаддиларидан тузилади. Жорий йилги комиссия аъзолари орасида Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари (комиссия раиси сифатида) ҳамда Туризм ва спорт, Маданият вазирликлари, Фанлар Академиясининг бир қатор масъуллари иштирок этди.

Раддиянинг тўлиқ матни билан мана бу ерда танишиш мумкин.