Иқтисодиёт | 18:55 / 19.02.2021
17082
7 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси даромадлари нега ўзини қоплай олмаяпти? 2021 йилда ташкилотга давлат бюджетидан 1,4 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилади 

Ҳисоб-китобларга кўра, Пенсия жамғармаси 2021 йилда 36,5 триллион сўм маблағ харажат қилади. Ўзбекистондаги 3,8 миллион нафар нафақа ва пенсия олувчиларга бир ойда 2,9 триллион сўм сарф қилинади. Жамғармага давлат бюджетидан ажратиладиган трансфертлар миқдори 2021 йил якуни билан 14,7 триллион сўмни ташкил этиши белгиланган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан трансфертлар ажратиш 2019 йилдан бошланди. Бунгача ташкилот ўз харажатларини қоплаб келган ва давлатдан трансферт, субсидия ёки датация каби ёрдамлар олинмаган. 2020 йил ҳолатига жамғармага 9,1 триллион сўм трансферт ажратилди. Хўш, узоқ йиллар ўз харажатларини қоплаб келган ташкилотга нега энди давлатдан маблағ ажратилмоқда? Аввалги ҳолат қандай эди ва ҳозир қай тарзда ишланмоқда?

2019 йил 1 январгача жамғарма 4 та йирик солиқ манбаига эга бўлган

Пенсия жамғармасининг даромад ва харажатларни прогнозлаштириш бўлим бошлиғи Аброр Холматовнинг Kun.uz’га билдиришича, 2019 йил 1 январга қадар жамғарма 4 та йирик солиқ манбаига эга бўлган.

Биринчи навбатда – ягона ижтимоий тўлов. У бугун ҳам бор, лекин ижтимоий солиқ деб номланади. 2018 йилда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз, микрофирма фермер хўжаликлари учун 15 фоиз қилиб белгиланган.

Иккинчидан, фуқаролар иш ҳақидан ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бўлган. Бу ҳам тўғридан тўғри жамғарма маблағлари даромадлари ҳисобига шаклланган.

Учинчидан, корхона ва ташкилотлар томонидан бюджетдан ташқари жамғармалар айланмасидан тўланадиган мажбурий ажратма бўлган. Умумий корхона ажратмаси 3,2 фоиз бўлиб, Пенсия жамғармасига 1,6 фоизи ажратилган.

Тўртинчидан, 2019 йил 1 октябрга қадар жамғарма ягона солиқ тўлови мавжуд бўлган. Унинг миқдори 5 фоиз қилиб белгиланган. Корхоналар айланмасидан 5 фоиз жамғармага тўлаб берилган.

Жамғарма даромадлари қисқариш сабаблари ҳақида

2018 йил 29 июнда президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан Пенсия жамғармаси даромад манбалари қисқартирилди.

Қарорга асосан, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўловни 25 фоиз миқдорида, бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкасини 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтириш белгиланди.

Мазкур солиқ ставкасининг камайиши натижасида Пенсия жамғармаси 2019 йилда 4 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўқотган. Корхоналар жамғармага 2018 йилгача 25 фоиз миқдорда тўлаб келган солиқни 2019 йилдан бошлаб 12 фоиздан тўламоқда.

Фуқаролардан ушлаб қолинадиган 8 фоизлик суғурта бадаллари 2019 йил 1 январдан бошлаб бекор бўлган. Бунинг натижасида жамғарманинг 5 триллион сўмлик даромади тўхтаган. Ушбу маблағлар фуқаролар чўнтагида қоладиган тизим яратилган.

Шунингдек, 2019 йил 1 январдан 3,2 фоизлик мажбурий ажратма бекор қилинган. Бунда ҳам жамғарма 3 триллион сўм маблағ йўқотишига тўғри келган.

Президент фармони асосида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ягона солиқ тўлови (5 фоизлик) тўғридан тўғри Пенсия жамғармасидан олиниб маҳаллий бюджетларга йўналтирилди. Энди ягона солиқ тўловчи корхона ва ташкилотлар ушбу маблағларни маҳаллий бюджетга тўлайдиган бўлган.

Шундай қилиб, мазкур фармон билан жамғарманинг 4 та солиқ йўналишидан 3 таси бекор бўлди, 1 таси қисқарди.

Бунинг натижасида Пенсия жамғармасида 2019 йилда 9,7 триллион сўм йўқотиш пайдо бўлди. Жамғармага тушиши керак бўлган ушбу маблағларнинг барчаси хўжалик юритувчи субъектларда ва фуқароларнинг чўнтагида қолган.

Ўтган икки йилда жамғармага давлат бюджетидан ажратилган суммалар таҳлили

2019 йилда Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан 4,7 триллион сўм трансферт ажратилиши белгиланган. Аммо ташкилот ўртача ойлик иш ҳақининг ошиши натижасида кутилган даромадлардан ошган пуллар ҳисобига давлат томонидан ажратилган маблағ олинмаган. Жамғарма 2019 йилда ҳеч қандай трансфертлар ва дефицитларсиз ўз харажатларини қоплади.

Маълумотларга кўра, 2019 йил 1 январ ҳолатига жамғармада 6 триллион сўмга яқин қолдиқ маблағлар мавжуд бўлиб, бу 2010 йилдан бери йиғилиб келган даромадлар ҳисобига шаклланган эди.

2020 йил 1 январ ҳолатига жамғарма ҳисобида 5 триллион 70 миллиард сўм қолдиқ маблағлар бўлган. Ўтган йили ташкилот томонидан пенсия ва нафақа тўловлари учун жами 31,8 триллион сўм харажат қилинган.

Пандемия сабаб айрим хўжалик юритувчи субъектларга енгиллик яратилди. Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга туширилди. Туроператорларга ва микрофирмаларга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга камайтирилди. Натижада жамғарма бюджетига 3,5 триллион сўм зарар етказилди.

Пенсия жамғармасига эркин қолдиқ ва солиқчилар томонидан йиғилган пуллар ҳисобига 2020 йилда 9,1 триллион сўм давлат бюджетидан трансферт берилди.

Жамғарманинг 2020 йилга белгиланган даромадлар режаси 20 триллион 134 миллиард 200 миллион сўм бўлиб, ижроси 20 триллион 592 миллиард 300 миллион сўмни ташкил этди ёки ижро белгиланган параметрга нисбатан 102,3 фоизга бажарилди. Ажратилган 9,1 триллион сўм трансферт қўшилиб 2020 йилда аҳолига пенсиялар етказилди. Умумий харажатлар эса 31,8 триллион сўмни ташкил этди.

Пенсия жамғармасининг 2021 йилдаги харажатлари ва трансферт таҳлили

2021 йилга келиб жамғармага давлат бюджетидан ажратиладиган трансферт маблағлар ҳажми сезиларли даражада ошди. Бу миқдор қарийб 14,7 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

«Давлатимиз раҳбари ҳисоб-китобларни пандемияни инобатга олган ҳолда қилинглар» деганлар. Даромад шунга яраша камроқ ҳисобланади. Харажатни эса камайтириб бўлмайди. Пенсия ва нафақаларни ўз вақтида етказиб беришимиз керак. Бир йилда 350 мингга яқин пенсия тайёрлаймиз. Пенсия жамғармаси йил давомида яъни 2021 йилда жами пенсия ва нафақалар учун 36,5 триллион сўм маблағ харажат қилиши режалаштирилган. Бу қонун билан белгилаб қўйилган», дейди жамғарма бўлим бошлиғи Аброр Холматов.

Маълум қилинишича, 2021 йилда Пенсия жамғармаси солиқ идоралари билан биргаликда ижтимоий солиқлар ҳисобига 23,5 триллион сўм маблағ йиғишни режа қилган. Мазкур етишмаётган маблағлар ўрнини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан 14,7 триллион сўм трансферт олиш белгиланган.

Жамғарма бир ойда ўртача 3,8 миллион нафар пенсионерларга (умумий нафақа) 2,9 триллион сўм маблағ йўналтиради. Ташкилот ойига ўртача 1,7 триллион сўм даромад кўради. Орадаги дефицит 1,2 триллион сўмни ташкил этади.

Очиқланишича, жамғармага тушадиган пулга нисбатан қилинадиган харажат кўпроқ. Шунинг ҳисобига трансфертларни 2021 йил якуни билан 14,7 триллион сўм ажратилиши прогноз қилинган.

Маълумот учун, 2021 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкаларини сақлаб қолиш, акциз солиғи, ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаларини Солиқ кодексига киритиш, 73 хил товарга акциз солиғини бекор қилиш, экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа чоралар кўзда тутилган.

Исломбек Умаралиев тайёрлади.

Тайёрлаган:  Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид