Ўзбекистон | 19:50 / 30.09.2021
2396
2 дақиқада ўқилади

«Қашқадарё йўл қурилиш таъмирлаш» ДУКнинг мулклари хатланди. Корхона қарзлари бўйича 21 та ижро иши мавжуд

Фото: МИБ

«Қашқадарё йўл қурилиш таъмирлаш» давлат унитар корхонасининг барча мулклари хатланган. Корхонанинг солиқ ва турли ташкилотлардан бўлган қарзлари бўйича 21 та ижро иши бор. Бу ҳақда вилоят МИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, МИБ Қарши шаҳар бўлими иш юритувида «Қашқадарё йўл қурилиш таъмирлаш» корхонаси ҳисобидан жами 7,5 миллиард сўмдан ортиқ солиқ ва бошқа турли ташкилотлар фойдасига қарздорликни ундириш ҳақидаги жами 21 та ижро ҳужжатлари мавжуд.

Қайд этилишича, ижро ҳаракатлари давомида корхонанинг ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини хатлаш тўғрисида инкасса тўлов топшириқномаси қўйилган. Қарздорга қарзларини тўлаш бўйича муддат берилган ҳолда мол-мулклари хатланиши ва тегишли тартибда савдога чиқарилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Бироқ қарздор томонидан мажбуриятларни бажарилмаганидан кейин сўнгги чора сифатида унинг ликвидли ҳисобланган 3 та MAN русумли махсус автотранспорт воситалари, шунингдек, қарздорга тегишли автосарой биноси хатлаб олинган. Келгусида ушбу техника воситалари баҳоланиб, савдога чиқарилади.

Бундан ташқари, корхонага тегишли 20,7 миллиард сўмлик маъмурий ва ёрдамчи бинолар хатланиб, электрон онлайн-аукцион савдосига чиқарилган.

Таъкидланишича, савдолардан тушган пуллар «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 80-моддаси тартибида ундирувлар навбати бўйича йўналтирилиши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, «Қашқадарё йўл қурилиш таъмирлаш» давлат унитар корхонаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси таркибига кирувчи корхоналардан бири ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид