Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«МИБ биносини таъмирламоқчи эдим» – пора билан ушланган МИБ Фарғона туман бўлими бошлиғи озодликдан маҳрум қилинди
МИБ мансабдори суднинг ижро варақаси бўйича ижро ҳаракатларини якунлаб бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилиб, 1200 долларни олган. Қолган 800 долларини олаётганда эса ушланган. У судда ушбу пулларга Фарғона туман МИБ биносини реконструкция қилмоқчи бўлганини айтган.
Фото: ДХХ
Фарғонада пора билан ушланган МИБ мансабдори жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 39 ёшли У.Я. 2023 йил феврал ойидан МИБ Фарғона туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У ўз хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда, бўйсунувидаги давлат ижрочиси иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича суднинг ижро варақаси бўйича жавобгарларни ушбу тумандаги хонадондан мажбурий тартибда кўчириш юзасидан ижро ҳаракатларини якунлаб бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилган.
У.Я. 2025 йил 3 июн куни талаб қилинган пул маблағидан 1200 долларини пора сифатида олган. 11 июн куни эса қолган 800 долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.
Судланувчи судда айбига қисман иқрор бўлган.
“2025 йил апрел ойида танишим ўзи билан бирга А.Х.ни хизмат хонамга олиб келди. А.Х. МИБ Фарғона туман бўлими иш юритувида А.Қ.га тегишли бўлган Фарғона тумани, Хонқиз маҳалласидаги уйда яшаётган фуқароларни уйдан чиқариш тўғрисида ижро иши мавжудлигини билдирди. Ушбу ишни ҳал қилиб беришини сўради ва А.Қ. хизмат бўлса қилишини айтди. Мен қонуний тарафдан ёрдам қилиб, тезлаштириб беришимни айтдим ва улар хизмат хонамдан чиқиб кетишди.
1 ойдан сўнг А.Қ. МИБ Фарғона тумани бўлими биносига келиб, тезроқ унга тегишли бўлган уйни бўшатиб беришини сўради. Унга ижро ҳаракатлари ўтказилишини айтиб, кетказиб юбордим. Ижрочи уйни бўшатиш бўйича ижро 2025 йил тахминан 3-4 июн кунларига тайёрланганини айтди.
Шундан сўнг мен ва 5 нафар ижрочи ходим ушбу уйда ноқонуний яшаётган 6 нафар фуқарони кўчирдик. Суд қарори ижросини таъминлаганимиздан сўнг аризачи МИБ биносини таъмирлашга ҳомий бўлиш мақсадида 2 000 доллар беришини айтди. Ундан 1 200 доллар миқдоридаги пулни олдим. Ушбу пулларга Фарғона туман МИБ биносини реконструкция қилмоқчи бўлгандим”, деган у ўз кўрсатмасида.
У.Я. қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
ЖИБ Учкўприк туман судининг ҳукми билан У.Я. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисми билан айбдор деб топилган. Унга 3 йил ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланган.
У.Я.нинг тезкор тадбирда пора билан қўлга олингани олдинроқ хабар қилинганди.
Мавзуга оид
08:22
Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди
14:10 / 02.12.2025
“Сув сепиш билан иш битмайди” – Фарғона ҳавоси ҳамон ўта зарарли бўлиб қолмоқда
08:03 / 01.12.2025
2 минг доллар талаб қилган ҳоким ёрдамчиси ушланди
21:34 / 30.11.2025