Ўзбекистон | 17:33 / 06.04.2023
45268
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Қизил китобга киритилган айиқ отиб ўлдирилди

Чироқчи туманидаги қишлоққа оралаган айиқни туман ИИБ бошлиғининг кўрсатмаси билан овчилардан бири отиб ташлаган.

Фото: Видеодан кадр

2023 йил 5 апрел куни ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Қизил китобга киритилган қўнғир айиқ аҳоли хонадонларига кириб боргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеолардан бирида маҳаллий аҳоли вакиллари машинада айиқни босиб ўтмоқчи бўлгани ва жониворни уриб юборгани акс этган. Бошқа видеоларда эса айиқ омборга кириб олгани ва уй ҳайвонларидан узоқлашиб, бир бурчакда яширинишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин.

Табиат ресурслари вазирлиги 5 апрел куни айиқ Чироқчи тумани «Яшнабод» МФЙ Бешчашма ҳудудидан оқиб ўтувчи Қумдарё дарёсига яқин ҳудуддаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олгани ҳақида хабар берди.

«Ушбу ҳудуд Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси ва Чироқчи тумани ҳокимлиги мутасаддилари, ИИБ, Миллий гвардия ва ФВБ ходимлари томонидан муҳофазага олиниб, аҳоли ва қўнғир айиқнинг хавфсизлиги таъминланмоқда. Мазкур ҳудудга вазиятни бартараф этиш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғи мутахассисларидан иборат гуруҳ жалб қилинган», дейилди муносабатда.

Орадан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда айиқнинг одамлар томонидан отиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар чиқди.

Бугун, 6 апрел куни Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати берган муносабатда айиқнинг ўлими тасдиқланди.

Унда ёзилишича, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун Чироқчи туман ИИБ бошлиғининг кўрсатмаси билан қўнғир айиқ отиб ўлдирилган.

«Шу куни тахминан соат 23:00 ларда айиқ Қумдарёга яқин жойдаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олган. Бироздан сўнг бу ерда маҳаллий аҳоли тўпланган. Маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар кўрилмаганлиги боис айиқ безовталаниб, жарликдан тепага чиқишга уринган. Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи А. Б. атрофга йиғилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида овчи Д.А. га айиққа ўқ узишга кўрсатма берган. Натижада айиқнинг жони узилган», дейилади муносабатда.

Шу ўринда баъзи саволлар пайдо бўлмоқда. Айиқ кириб олган ғор жойлашган ҳудуд вазирликнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимлари, Чироқчи туман ҳокимлиги мутасаддилари, туман ИИБ ФВБ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан «муҳофазага олинган» эди. Тунда одамлар айиқ ётган ғор олдига йиғилганда улар қаерда эди? Нега одамларнинг ўша жойда тўпланишига йўл қўйишди?

Қолаверса, Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати билдирган муносабатларда воқеа жойига Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислардан иборат гуруҳ чақирилгани ёзилган. Наҳотки кўплаб ёввойи ҳайвонлар яшайдиган бутун бошли бир вилоятда керакли мутахассис топилмаган бўлса?

Мабодо эртага шундай ҳолат бошқа вилоятда ҳам такрорланса Тошкентдан мутахассислар чақирилиб, улар етиб келгунча «аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун» Қизил китобга киритилган қандайдир ёввойи ҳайвон отиб ўлдириладими?

Чироқчидаги ҳолатда айиқни тинчлантириш учун унга ухлатувчи ўқлар узиш кифоя эди. Бутун бошли вилоятда бундай ўқлар топилмаганми? Бу саволларнинг жавоблари ҳозирча мавҳум бўлиб турибди.

Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизматининг иккинчи муносабатида ҳолат юзасидан ўрганиш кетаётгани, айиқнинг ўлимига сабаб бўлган масъулларга интизомий жазо чоралари кўрилиши маълум қилинган.

Табиат ресурслари вазирлиги муносабатига қаралса Чироқчида ўлдирилган айиқни муҳофаза қилишга бир нечта давлат идоралари ва ташкилотлари масъул бўлган. Қани, неча киши жазоланар экан, кузатишда давом этамиз.

Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид