Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда иш ҳафтасида ёғингарчилик давом этади
«Ўзгидромет» ҳафта давомида республика бўйлаб ёғингарчилик кўп бўлиши ҳақида прогноз берди. 10–11 декабр кунлари ҳарорат кечалари 0…–5 даражагача пасаяди.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда иш ҳафтаси давомида ёғингарчилик кўп бўлади, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет».
Душанба куни кундузи Ўзбекистон бўйлаб ёмғир ёғади. Сешанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳамда Фарғона водийси вилоятларида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда ёмғир ёғади.
Чоршанба куни республика шимолида ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди.
Пайшанба куни Бухоро, Навоий вилоятларида ва кечга томон Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғади, Қорақалпоғистон Республикаси шимолида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 13–18 метр/сониягача, айрим жойларда баъзида 20–22 метр/сониягача кучаяди.
9–10 декабр кунлари ҳаво ҳарорати кундуз +2…+7 даража атрофида бўлади, 11–12 декабр кунлари ҳарорат аста-секин +13…+15 даражагача, баъзи жойларда +16…+19 даражагача кўтарилади. 10–11 декабр кунлари ҳарорат кечалари 0…–5 даража, шимолда –5…–10 даража, 12 декабрда +2…+7 даража бўлади.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор), 9–10 декабрда баъзи жойларда кучли бўлади. 9 декабрда қор кўчиши хавфи бор.
Тошкент шаҳрида 9 декабр куни кечаси ва эрталаб, 10 декабрда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Ҳарорат кечалари 0…–2 даражагача пасаяди, кундуз кунлари +4…+7 даража бўлади.
11 декабрда ёғингарчилик кутилмайди. 12 декабрга кечга томон ёмғир ёғади. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушади. Ҳарорат 11 декабрда кечаси 0…–2 даража, кундузи +8…+10 даража, 12 декабрда кечаси +4…+6 даража, кундузи +12…+14 даража бўлади. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади.