Биз сайт ишлашини яхшилаш ва сизга қулайлик яратиш учун cookies-файллардан фойдаланамиз. Давом этиш орқали сиз cookies-дан фойдаланишга розилик билдирасиз Махфийлик сиёсати Kun.uz
Парвозлар, қулашлар ва ғалаба онлари. Олимпиаданинг энг ёрқин суратлари
Бугун Пекиндаги қишки Олимпия ўйинлари якунланди. Ўйинлар шиддатли курашлар, ҳаяжонли лаҳзалар, қойилмақом натижалар, рекордлар билан биргаликда можаролар ва кутилмаган муваффақиятсизликлар билан ҳам ёдда қолмоқда.
Машғулот чоғида трюк ижро этаётган спортчи / Richard Heathcote/Getty Images
Пекинда 4 февраль куни бошланган қишки Олимпиаданинг сўнгги кунида финланд ҳоккейчилари финалда россиялик рақибларини мағлуб этиб, илк бор Олимпия ўйинлари чемпионига айланди, шунингдек британиялик аёл спортчилар кёрлингда олтин медал соҳиби бўлишди - бу Британия делегациясининг Пекиндаги биринчи ва охирги олтини бўлди.
Финландия ва Россия олимпия қўмитаси жамоалари ўртасидаги ҳоккей мусобақаси финали 2:1 ҳисобида якунланди. Яримфиналда русларга буллитда (ҳоккейдаги пенальти) ютқазган шведлар бронза учун баҳсда словакларга ҳам мағлуб бўлишди (0:4).
Бу сафарги қишки Олимпиадага ҳам аввалгиларида бўлгани каби АҚШ ва Канада спорт жамоалари иштирокидаги Миллий ҳоккей лигаси вакиллари келишмаган канадалик ва америкалик ҳоккейчилар яримфиналга ҳам етиб кела олмади.
Олимпиаданинг сўнгги кунида Британия делегацияси ниҳоят олтинга эга чиқди: кёрлинг бўйича аёллар жамоаси финалда японларни йирик ҳисобда мағлуб этди - 10:3.
Британияликлар қишки спорт турларида кучли эмас, аммо кёрлингда улар жуда кучли: эркаклар жамоаси бир кун олдин финалда кутилмаганда шведларга ютқазиб қўйганди - 4:5.
Олимпиада сарҳисоби
Мусобақалар учта кластерда бўлиб ўтди: Пекиннинг ўзида, пойтахтдан шимоли-ғарбда жойлашган Яньцинда ва шаҳардан 200 км масофадаги Чжанцзякоуда.
Ўйинларда 92 мамлакатдан спортчилар қатнашди.
Жами 109 та медаллар шодаси ўйналди - бу тўрт йил олдин Пёнгчангда ўтказилган Олимпиададагидан 7тага кўп. Энг кўп медаллар норвегиялик спортчиларга насиб этди.
Ўйинларнинг сўнгги кунида, чанғида 30 км масофага пойгада норвегиялик Тереза Йоҳауг энг яқин таъқибчиси, америкалик Жесси Диггнсни 20 дақиқага ортда қолдириб, олтин медалга эга чиқди. Бу норвегларнинг Пекиндаги 16-олтин медали бўлди, жамоа медаллар сони бўйича ҳам, медаллар сифати бўйича ҳам яққол биринчи бўлди - 16 олтин, 8 кумуш ва 13 бронза, жами 37 медал. Иккинчи ўринни Германия эгаллади - 12 олтин (якшанба куни немислар бобслейда битта олтин ва битта кумуш қўлга киритишди), 10 кумуш ва 5 бронза. Кучли учликни мезбонлар - Хитой якунлаб берди - 9 олтин, 4 кумуш ва 2 бронза. Олимпиадада фаворитлар қаторида турувчи ва бу сафар ҳам Олимпия қўмитаси байроғи остида иштирок этган россияликлар 6 олтин медал билан кифояланишди, лекин умумий медаллар сони бўйича улар иккинчи бўлишди - 32 медал. Германия медаллар сони бўйича ҳам кучли учликда.
Ўзбекистон номидан ушбу Олимпия ўйинларида қатнашган ягона спортчи Комилжон Тўхтаев тоғ чанғиси бўйича слалом ва гигант слалом йўналишида иштирок этди. Гигант слаломда 29-поғонани банд этган спортчи, слалом баҳсларини муддатидан аввал якунлаганди.
Пекин—2022. Медаллар бўйича кучли ўнлик:
Норвегия – 16-8-13 (37)
Германия – 12-10-5 (27)
Хитой – 9-4-2 (15)
АҚШ – 8-10-7 (25)
Швеция – 8-5-5 (18)
Нидерландия – 8-5-4 (17)
Австрия – 7-7-4 (18)
Швейцария – 7-2-5 (14)
Россия – 6-12-14 (32)
Франция – 5-7-2 (14)
Шу тариқа, икки ҳафта давом этган Пекин Олимпиадаси якунланди. Ўйинларнинг ёпилиш маросимида Пекин мэри Олимпия ҳаракати байроғини 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларига мезбонлик қилувчи Милан ва Кортина-д'Ампеццо шаҳарлари мэрларига топширди.
Қуйида ўйинлар давомида фотосуратчилар нигоҳига тушган энг ёдда қоларли лаҳзалар жамланган.
Биатлон бўйича аёллар ўртасидаги мусобақа масс-старти вақтида. Фото: АР/ТАСС
Кўнгиллилар фристайл бўйича мусобақалар ўтказиладиган ҳудудни тайёрлашмоқда. REUTERS/Lindsey Wasson
Канада ҳоккейчилари америкалик рақибларига қарши баҳсга чиқишмоқда. Фото: АР/ТАССБиатлончи ўқ узмоқда. Фото: АР/ТАССМарион Тено (Канада) чанғи акробатикаси бўйича жамоавий турнир чоғида. Фото: Сергей Бобилев/ТАССРоссиялик 15 ёшли Камила Валиева фигурали учиш бўйича қисқа дастурдаги чиқиши билан барчанинг тилига тушди. У энг яхши баллни (90,18 балл) қўлга киритди ва Россия жамоасига 10 очко келтирди. Фото: Catherine Ivill/Getty ImagesМарк Кондратюк жамоавий турнирда эркин конкида учиш дастурида иккинчи энг яхши натижани кўрсатди, ҳакамлар унинг чиқишини 181,65 баллга баҳолашди. Бунинг эвазига Кондратюк россияликлар жамоасига 9 очко қўшиб қўйди. Фото: Annice Lyn/Getty Images
Хитойлик Пенг Ченг фигурали учиш (жуфтлик, эркин дастур) бўйича мусобақа вақтида. REUTERS/Aleksandra Szmigiel
Испаниялик Лаура Баркеро фигурали учиш бўйича (жуфтлик) баҳсларда. REUTERS/Aleksandra Szmigiel
Америкалик фигурачи Нэтан Чен, эркаклар ўртасидаги фигурали учиш бўйича баҳслар ғолиби бўлди. Фото: Zuma/ТАСС
Чехиялик Доминик Дворак ва унинг жамоадошлари бобслей бўйича мусобақаларга тайёрланмоқда. REUTERS/Thomas Peter
Саймон Фридли, Адриан Фасслер, Фабио Бодраун ва Андреас Ҳаас (Швейцария жамоаси) бобслей бўйича тўрт кишилик мусобақаларда. REUTERS/Edgar Su
Германиялик Лаура Нолте ва Дебора Леви бобслей бўйича аёллар ўртасидаги икки кишилик мусобақаларда. REUTERS/Edgar Su
50 км масофага чанғи пойгаси стартидаги спортчилар. REUTERS/Marko Djurica
Эрик Мобаерг (Швеция), Франсуа Плейс (Франция) ва Жаред Шмидт (Канада) эркаклар ўртасидаги чанғи фристайли бўйича мусобақа чоракфиналида. REUTERS/Lisi Niesner
Америкалик Скип Жон Шустер кёрлинг бўйича бронза учун Канадага қарши беллашув вақтида. REUTERS/Eloisa Lopez
Австриялик Бенжамин Карл (ўнгда) ва словениялик Тим Мастняк параллел гигант слалом (сноуборд) бўйича мусобақа финалида. Австриялик сноубордчи ғалаба қозонди, Мастняк кумуш медал олди. Бронза — РФ фуқаролигини олган, асли америкалик Вик Уайлдга тегди.
Ben Stansall / AFP / Scanpix / LETAРоссия ва Швейцария баҳсидаги муштлашув. Бу ўйинда россиялик ҳоккейчилар 1:0 ҳисобида устун келишган. Matt Slocum / AP / Scanpix / LETAЯпониялик кёрлингчи Сацуки Фудзисава қўлига шундай ёзиб олган: «Мен яхши кёрлингчиман. Мен ўзимга ишонаман. Баҳра ол!»
Brynn Anderson / AP / Scanpix / LETA
Германиялик Лаура Нолте ва Дебора Леви бобслей бўйича аёллар ўртасидаги икки кишилик мусобақада ғолиб бўлишди. REUTERS/Edgar Su
Россиялик Александр Большунов 50 км масофага чанғи пойгасида тенгсиз бўлди. У Пекинда жами 5та медал - 3та олтин, биттадан кумуш ва бронза қўлга киритди. REUTERS/Lindsey Wasson
Словакиялик Милош Роман ҳоккей бўйича учинчи ўрин учун баҳсдан кейин ўз медалини тишлаб кўрмоқда. REUTERS/Jonathan Ernst
Швейцариялик олтин медали соҳиби Мишел Гисин аёллар ўртасидаги тоғ чанғиси бўйича кўпкураш мусобақаларидан кейинги тақдирлаш маросимида. REUTERS/Wolfgang Rattay