Ўзбекистон | 18:22 / 05.01.2022
5030
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қуёш фотоэлектр станциясининг қурилиш лойиҳаси бўйича тендер эълон қилинди

Фото: Kun.uz

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қурилиши режалаштирилган қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳаси бўйича тендер эълон қилинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Энергетика вазирлиги Ғузор туманида қуввати 300 МВтгача бўлган қуёш фотоэлектр станцияси (ҚФЭС) қурилиш лойиҳаси доирасида мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар (инвесторлар) учун тендер (талабларга мувофиқлик сўрови - RFQ) босқичи бошланганлигини эълон қилди.

Танлов ғолиби томонидан Ғузор туманида 300 МВтгача қувватга эга ҚФЭСни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, 25 йил давомида фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш амалга оширилиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида инвестор лойиҳа ер майдони ёнида жойлашган 500 кВ кучланишли Ғузор подстанциясигача электр узатиш тармоғини ҳам қуриши керак бўлади.

Ушбу лойиҳа ОТБ билан юқорида келтирилган қўшма дастур доирасидаги биринчи лойиҳада – 457 МВт қувватга эга Шеробод ҚФЭСни қуришда қўлланилган илғор халқаро амалиётга мувофиқ амалга оширилади.

Лойиҳа халқаро миқёсда тан олинган моделли давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида, малакали хусусий инвестор – ишлаб чиқарувчини жалб этиш ва танлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Тендер “талабларга мувофиқлик сўрови” (RFQ) босқичида иштирок этиш учун барча манфаатдор томонлар Сўров ҳужжатини юклаб олишлари ва тендерда иштирок этишлари мумкин.

Маълумот учун, ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кўмагида амалга оширилаётган умумий қуввати 1 ГВт бўлган ҚФЭСларни қуриш дастури доирасидаги иккинчи лойиҳа ҳисобланади.

Дастур Энергетика, Молия ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари иштирокида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан бирга амалга оширилмоқда.

Мазкур Дастур қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва 2030 йилгача Ўзбекистонда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондириш учун 7 ГВтгача қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича Стратегиянинг асосий таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид