Ўзбекистон | 12:18 / 02.06.2024
28824
3 дақиқада ўқилади

Ашхобод боғи директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғи 15 суткага қамалди

Улар тегишли ташкилотларнинг огоҳлантиришига қарамасдан ўзбошимчалик билан боғда фуқароларга хавф туғдирган тадбирни ўтказгани учун шундай жазога тортилган.

Фото: ИИВ

1 июн – Халқаро болалар кунида Тошкентдаги Ашхобод боғида фуқароларга хавф туғдирган тадбирни ўтказган боғ директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғи 15 суткага қамалган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 1 июн куни соат 12:00 да Ашхобод кўнгил очар боғида текинга 20 мингта ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақида боғ маъмурияти томонидан ижтимоий тармоқда реклама чиқарилган.

Бир вақтнинг ўзида келиши тахмин қилинган бир неча ўн минг одамни боғ сиғдира олмаслиги, йўл ҳаракати ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларга жавоб бермаслиги сабабли бу тадбирни ўтказмаслик ҳақида боғ раҳбарияти огоҳлантирилган.

Бироқ боғ маъмурияти оммавий тадбирларни ўтказиш талабларига риоя этмасдан, текинга ўйинчоқлар тарқатилиши ҳақидаги рекламани ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, боғ ҳудудида ва унинг атрофида аҳолининг оммавий равишда тўпланишига сабабчи бўлган ва бу ҳаракати орқали фуқароларга хавф туғдирган.

Оқибатда боғ ҳудудига кириш-чиқиш ва айрим ички йўналишларида тиқилинч вазият ҳамда боғга олиб келувчи ва яқин автомобил йўналишларида тирбандликлар юзага келган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй-ҳаракати билан бу тирбандликлар бартараф этилиб, фуқаролар тинч тарқатилган.

Ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан боғ директори А.Н., директор ўринбосари А.З., реклама бўлими бошлиғи Д.Т.га нисбатан МЖтКнинг 185 прим 3, 200 прим 1, 201-моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан ушбу фуқароларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Маълумот учун, аввалроқ Ашхобод боғида 1 июн куни 20 минг дона ўйинчоқ ва музқаймоқ текин тарқатилиши ҳақида эълон берилганди. Шундан сўнг 1 июн куни боғга жуда кўп одам келган. Оқибатда боғда тартибсизлик юз берган ва одамлар ўртасида ўзаро жанжал юзага келган. Айрим кўчаларда автомобилларнинг йирик тирбандлиги кузатилган, маълум вақт метро вагонларига одам сиғмай қолган.

Мавзуга оид